“Кибр” ва “такаббур” сўзлари луғатда “ўзини катта олиш”, “мақтанчоқлик қилиш”, “кеккайиш” маъноларини билдиради. Ўзини бошқалардан катта билган, мақтанчоқ, кериладиган кимсага “мутакаббир” дейилади.
Абу Ҳомид Ғаззолий кибрни “Ўзини улуғ санаш, қадрини бошқаларнинг қадридан устун қўйиш”, деб таърифлаган.
Бир сўз билан айтганда, ўзини катта тутиш, бойлиги, чиройи, насл-насаби, мансаби ёки илми билан бошқалардан устунлигини даъво қилиш, ўзгаларни менсимаслик кибрдир.
Юқорида кибрнинг моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик. Унинг мукаммал таърифини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитамиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбида заррача кибр бор кимса жаннатга кирмайди”, деганларида бир одам: “Киши либоси ва пойабзали чиройли бўлишини яхши кўрса, (бу ҳам кибрми?)” деди. Шунда у зот: “Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр ҳақни инкор қилиш, одамларни таҳқирлашдир”, дедилар (Муслим, Термизий, Ҳоким ривояти).
Ривоятдаги “қалбида заррача кибр бўлган кимса жаннатга кирмайди” жумласи уламолар томонидан турлича изоҳланган:
1. Ким имон келтиришдан кибр қилса, умрининг охиригача тавба қилмаса, жаннатга умуман кирмайди.
2. Банда жаннатга кираётганида қалбида кибрдан асар ҳам қолмайди. Зеро, ҳар бир банда жаннатга маънавий иллатлардан покланган ҳолда киради.
3. Мутакаббир кимса жаннатга тақводорлар билан аввалгилар қаторида кирмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, чиройли кўринишга эга бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб:
– Эй Расулуллоҳ, мен гўзалликни яхши кўраман. Кўриб турганингиздек ҳусндан бенасиб эмасман. Ҳатто бу борада, пойабзалнинг ипи билан бўлса-да, бирон киши мендан ўтиб кетишини хоҳламайман. Шу ҳам кибрми?” деди. Шунда у зот:
– Йўқ. Кибр ҳақни тан олмаслик, одамларни ҳақорат қилишдир, – дедилар (Абу Довуд ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Юқорида келтирилган икки ривоятга эътибор қаратадиган бўлсак, кибрнинг асосий икки белгиси намоён бўлади. Булар: ҳақиқатни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қараш.
Ҳақни тан олмаслик ҳақиқатни инкор қилиш, адолатга қарши бориш, ҳаққа эътибор бермаслик, ўз нафси йўлида одамлар ҳаққини поймол қилишдир. Аллоҳнинг ҳақларини, У Зотнинг амр-қайтариқларини тан олмай, нафси измида ҳаёт кечириш ҳам кибрдир.
Одамларга паст назар билан қараш, уларни ожиз, ўзини кучли, кўп нарсага қодир, мутлақ афзал, деб билиш кибрнинг асосий белгиларидандир.
Мазкур икки иллат қалбда бўлади. Бу юриш-туришда, муомалада, хулқ-атворда кўзга ташланади. Лекин мутакаббир билан мутавозеъ одамни фақат ташқи кўришига қараб ажратиш тўғри эмас. Шундай инсонлар бор: улар покиза ва чиройли кийимлар кийиб, кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Улар ўзини бошқалардан катта тутмайди. Тавозеъ мана шундай бўлади. Яна бир тоифа кимсалар бор: улар кийиниш ва юриш-туришда мақтана олмасалар-да, тилида унинг ўзигина энг зўр. Ундан бошқалар паст даражада. Мутакаббир чиройли кийинган, қимматбаҳо машинада юрадиган, юқори мартабада ишлайдиган бўлиши шарт эмас.
Аллоҳ таоло айтади:
“Тангрингиз ягона Тангридир. Бас, охиратга имон келтирмайдиган кимсалар кўнгиллари (Аллоҳнинг яккалигини) инкор қиладилар, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билади. Албатта У Зот мутакаббир кимсаларни яхши кўрмайди” (Наҳл сураси, 22-23-оят).
Мўмин банда Аллоҳнинг Ёлғиз эканини тасдиқлайди, Унинг шериги, ота-онаси, бола-чақаси йўқлигига имон келтиради, Парвардигорига ибодат қилади, Унинг айтганларини қилади. Мўминнинг покиза қалби доим яхшиликка ундайди, чиркин иллатлардан узоқ юришга чақиради. Охиратга ишонмайдиган, қиёмат кунини тан олмайдиган мутакаббир кимсалар қалби имондан холидир. Шунинг учун улар кибр отига минадилар, ҳисоб-китобга имон келтирмайдилар, ер юзида бузғунчилик қиладилар.
Айрим одамларнинг имонсиз бўлишларига ўзлари сабабчидир. Иллат, дард, фасод кофирларнинг ичларида бўлади. Уларнинг қалблари имонга далолат қилувчи белгилардан ибрат олмайди. Кофирлар Аллоҳга бўйсунишни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни ўзлари учун ор деб биладилар, мутакаббирлик қиладилар.
Уларни яратган Аллоҳ барча сирларини ҳам, ошкор ишларини ҳам билади. Жумладан, Аллоҳ мутакаббирлик қилаётганларини, қалбларида кибр борлигини, Аллоҳнинг ҳисобсиз неъматларини инкор этаётганларини билиб туради.
Аллоҳ таоло бундай деган:
“Биз ўша охират диёрини ер юзида зулм-зўравонлик (ёки кибр-ҳаво) қилишни истамайдиган кишилар учун қиламиз. Оқибат тақво қилувчиларникидир” (Қасас сураси, 83-оят).
Аллоҳ таоло жаннатни камтар мўминлар учун тайёрлаб қўйган. Улар Аллоҳ яратган нарсаларга кибр қилмайдилар, ер юзида бузғунчиликни истамайдилар. Чиройли оқибат қалби Аллоҳга тақво билан лиммо-лим мўмин бандаларники бўлади.
Оятдаги “бузғунчилик”дан мурод барча гуноҳ-маъсиятларни ўз ичига олади. Жумладан, Аллоҳнинг ягоналигини инкор этиш, ширк, нифоқ, ҳаром-хариш ишларни содир этиш, зино, бузуқлик, судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик, товламачилик, ёлғон, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ҳасад, шумланиш, ёмон гумон қилиш, ичиқоралик ва ҳоказо.
Аллоҳ таоло айтади:
“Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб кета олмайсан, бўй-бастда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37-оят).
Парвардигори олам бу оятда бандаларини манманликдан қайтариб:
– Эй инсон, обрў-эътиборингга ишонма, куч-қувватингга, мол-давлатингга суяниб қолиб ер юзида мақтанчоқлик билан юрма! Чунки сен оёқларинг билан ерни тешиб ўта олмайман. Бу манманлигинг билан тоғнинг баланд чўққиларига ҳам ета олмайсан! – демоқда.
Каломи мажидда Луқмони ҳаким тилидан бундай дейилган:
“Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма, ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ ҳеч бир кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсани яхши кўрмайди” (Луқмон сураси, 18-оят).
Яъни, донишманд Луқмон ўғлига насиҳат қилиб деди:
– Эй ўғлим! Кибр билан одамлардан юзингни бурма. Улар билан суҳбатлашганда чеҳрангни очиқ қил, табассум билан муомалада бўл. Ер юзида мутакаббирларга ўхшаб юрма. Ўз нафсингдан ажабланиб қолма. Балки мутавозеъ зотлар каби оҳиста юр. Шунда Аллоҳ ҳам, бандалар ҳам сени яхши кўради. Чиройли хулқинг билан одамлар меҳрини қозонасан. Унутма, Аллоҳ мақтанчоқ ва кибрли кимсаларни ёқтирмайди.
Кибр одамнинг юриш-туриши, юз ифодаси, қилиқларидан билиниб туради. Баъзилар бир гап эшитса, юзини тириштиради, афтини бужмайтиради, бурнини жийиради. Аслида камтар инсонлар бундай қилмайди, одамларга мулойим муомалада бўладилар. Юзни буриштириш, пешонани тириштириш “Сен ҳам одам бўлибсанми?”, “Сенинг гапинг бир тийин”, деган маънони англатади. Қалбидаги кибр-манманлик сабаб банда инсонийлигини унутади, одамгарчиликдан чиқади.
Бошқа оятда айтилади:
“Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида ҳам, имон келтирган зотлар наздида ҳам катта нафратга дучор бўладилар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяди” (Ғофир сураси, 35-оят).
Демак, Аллоҳнинг оятлари ҳақида бирон ҳужжат-далилсиз мунозара қилиш, ўзи билмаган ҳолда бошқалар билан талашиб-тортишиш қалб муҳрланганини билдирар экан. Қалб очиқ бўлиши учун кибр қилмаслик, Аллоҳга бўйсуниш лозим.
Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Қалб очиқ кафтга ўхшайди. Худди бармоқлар битта-биттадан букилганда кафт ёпилганидек қалб ҳам ҳар гуноҳ содир этилганда ёпилиб боради. Ҳатто охирида буткул бекилиб қолади. Мана шу қалбнинг муҳрланишидир” (Ибн Касир, “Тафсир”).
Мужоҳид айтади: “Гуноҳлар қалбга қаттиқ ўрнашса, уни ўраб олади. Бориб-бориб қалбга ёпишиб кетади. Бу ҳол қалбнинг муҳрланганидир” (Ибн Касир, “Тафсир”).
Давоми бор...
Зиёвудин Раҳим