Ислом дини таълимотига кўра, муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Аллоҳ таоло уруш-бузғунчиликларни ҳаром қилган тўрт ойнинг биридир. Муҳаррамнинг “Аллоҳ ойи” деган номи ҳам бор.
Муҳаррам ойининг ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтгани сабабли бу ойнинг ўнинчи кунини “Ашуро ойи” дейиш урфга айланган.
Имом Аҳмад Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, шу куни Нуҳнинг алайҳиссаломкемалари Жудий тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Мусони алайҳиссаломАшуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқаргани ҳақида Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутганларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломбилан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо алайҳиссаломбу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Муттафақун алайҳ).
Жоҳилият арабларининг ҳам ашуро кунида рўза тутиш одатлари бор бўлган. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Ашуро куни қурайшийларнинг жоҳилият даврида рўза тутадиган куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шу куни рўза тутар эдилар. Мадинага келганларидан кейин Рамазон ойи рўзаси фарз қилинди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ашуро куни рўза тутишга буюрилган эдим, энди эса хоҳлаган киши рўза тутсин, хоҳлаган киши тарк қилсин”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Исломнинг аввалги даврида ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилингач, ашуро рўзасининг фарзлиги бекор қилиниб, нафл бўлиб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда рўза тутишнинг фазилати ҳақида: “Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Бундан ташқари бу кунда қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофатлар беради. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар янада сахавотли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтиришлари лозим. Чунки хайр-эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошлаш шарт. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Ким ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради” (Имом Муслим ривояти).
Имом Суфён Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик”, деганлар.
Дарҳақиқат, муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларининг ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.
Шунингдек, 1 муҳаррам ҳижрий янги йилнинг илк кунидир. Ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида вужудга келади. Бу зоти шариф бошқа катта саҳобалар билан маслаҳатлашиб, янги ҳижрий санани Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлаб ҳисоблашга иттифоқ қиладилар.
Ҳижратларининг кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса-да, лекин унга тайёргарчилик Муҳаррам ойидан бошланганини эътиборга олиб, ҳижрат сана аввалини шу муборак ой – Муҳаррамнинг биринчи кунларидан ҳисоб қилишга қарор қилинди.
Шундай қилиб, ҳижрий-қамарий санамизнинг биринчи йил куни – милодий сананинг 622 йил 16 июль жума кунига тўғри келади.
Мана шу тарихдан бери бутун араб ва ислом олами халқлари қатори, диёримиз мусулмонлари ҳам диний байрамларни ва, хусусан, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайити кунларини белгилаш каби масалаларда ҳижрий-қамарий тақвимдан кенг фойдаланиб келмоқдалар.
Сизу бизнинг ушбу муборак ва улуғ ойларни ёд этиб туришимиздан мақсад – уларнинг фазилатларидан ташқари, йил кетидан йил, ой кетидан ойлар ва кун кетидан кунлар бетиним ўтаётгани ва бу билан умримиз ҳам тўхтамай ўтиб бораётганини тез-тез эсга келтириб туриш демакдир. Шояд бу билан азиз умримизни ғанимат билиб, хайрли ва солиҳ амалларни қилиб боришга саъй-ҳаракатларимизни янада зиёда қилсак.