Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7422

Одатда сиёсатшунослар янги сайланган давлат раҳбарининг илк хорижий сафари кўп нарсани англатади, дейишади. Марказий Осиё мамлакатлари мисолида айтадиган бўлсак, президентлик лавозимига киришган бирор бир раҳбар илк сафарини АҚШ ёки Европага амалга оширса, Россияга тескари сиёсат олиб борар экан, деб тушунилади. Аксинча, сайланибоқ Москвага қараб учса... Ҳаммаси тушунарли, деб қўйилаверилади. 

Шавкат Мирзиёв инуагурация маросимидан кейиноқ Саудия Арабистонига йўл олганидан кўпчилик, айниқса, ўзбекистонликлар хайр излади, мусулмонлар учун муқаддас саналган заминга зиёрат ва шу баҳона яна бир бор Умра қилингани яхшиликка далолат деган фикрлар янгради. Айримлар камина каби бу махсус давлат ташрифи эмас, балки аввалдан режалаштирилган мажлисда иштирок этиш учун уюштирилган сафар деб ўйлагани ҳам турган гап...

Бироқ... 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этиб, унда бир қатор таклифлар қатори исломофобияга қарши биргаликда курашиш борасида ҳам жиддий фикр билдиргани аксарият сиёсатшуносларни диққат торттирди. Бу гаплар Ўзбекистонда “нашид улашган” ёшлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилаётгани, бир неча диний уламоларнинг ижтимоий тармоқларда соф исломий ақидаларга йўғрилган материалларни тайёрлаш ва тарқатишдан огоҳлантирилиб, катта миқдорда жаримага тортилаётгани фонида янграгани билан ҳам аҳамиятли. 

Бундан ташқари айрим ёш тарихчи ва блогерлар томонидан ибн Сино, Беруний каби алломаларимизнинг худосиз бўлгани ёки ислом динига эътиқод қилмагани иддаолари урчиган бир вақтда Шавкат Мирзиёв томонидан билдирилган қуйидаги фикрлар ҳам кўп нарсага далолат қилади.

– Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлатининг пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” академияси марказий осиёлик 200 нафардан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар, – деди Ўзбекистон раҳбари саммитдаги чиқишида.

Тўғрисини айтиш керак, авваллари ҳам Шавкат Мирзиёвнинг Ислом дини ҳақида айтган гаплари аксарият аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган юртдошларимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинган. Масалан, икки йил олдин “қорилар маҳалласини ташкил қилиш” ҳақидаги таклифи, ёки яқинда “Азон овозини эшитиб шу кунларга келганимизга йиғлагим келади”, дея ўз ҳиссиётларини баҳам кўргани ўзбекистонликларнинг кўнглини кўтариб юборгани бор гап. 



Дарҳақиқат, биринчи маъмурият даврида диндорлар учун бўлган катта босим ва қийинчиликларни Шавкат Мирзиёев бартараф этгани ҳақида бир неча марта ёзганмиз. “Мусулмон давлат, Бухорийлар юртида” азонларни овоз кучайтиргичда чақириш тақиқланишидан президентнинг ўзи ҳам ажабланиб гапирганди.

Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг қоқ марказида маҳобатли “Ислом цвилизацияси”ни қуришга ташаббус кўрсатиб, қурилишнинг бориши билан тез-тез танишиб бораётгани ва ана шу аснода ислом динига оид бир қатор ёруғ фикрларнинг билдириши, Умра зиёратига бориши ва ниҳоят “Исломофобияга қарши курашиш” ҳақидаги таклиф билан чиқиши... Айни пайтда эса диндорларнинг биринчи маъмурият давридаги босимдан ҳанузгача батамом қутила олмаётгани одамларимизни давлат сиёсатини тўғри ва тўла тушуниб олишига монелик қиляпти десак муболаға бўлмайди.

Айни шундай мулоҳазаларимизни Azon.uz сайтининг эксперти, сиёсатшунос Ҳамид Содиққа билдириб, унинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

“Давлат раҳбарининг  исломофобияга қарши курашиш масаласини ўртага ташлаши, аввало бу – мазкур муаммонинг давлатимизда борлиги ва унинг давлат сиёсати даражасида тан олинганини билдиради. Демак "нашид эшитиш" орқали жавобгарликка тортилаётганлик тенденциясидан Президент ҳам хабардор ва у хавотирда”, дейди Ҳамид Содиқ.

Бошқа бир сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг реакцияси ҳам диққатга сазовор. У ҳам Президент Мирзиёевнинг ташқи дунёдаги исломофобия билан курашиш зарурати ҳақидаги таклифини олқиш билан бир қаторда, “Ўзбекистоннинг ўзида ҳам исломофобия жуда кучли” эканини, ушбу ҳолатнинг Ғарбдаги исломофобия билан катта фарқ қилишини, хоссатан, “исломофобия кўпинча давлатнинг тизимли сиёсати эмас, жамиятдаги эркинликларнинг радикал талқини” ҳисобланишига урғу беради.  

“Лекин авторитар давлатларда сиёсий ва бошқа эркинликлар жуда паст ёки йўқ. Шунинг учун, бу давлатлардаги исломофобия бевосита давлат сиёсати ҳисобланади. Ўзбекистон, бир томондан, мусулмонлар жамияти. Аҳолининг мутлақ катта қисми мусулмонлар. Лекин давлат аҳолининг диндорлик даражаси ошиб боришини “таҳдид” деб қабул қилади. “Диний фон ошиб кетяпти” деган қараш ҳокимият коридорларида жуда кўп такрорланади. Шунинг учун “диний эркинлик - таҳдид” деб кўрилади”, деб ёзади К. Раббимов. 

Шунингдек, у 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар” тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилингани, қонун анча либераллашгани, бироқ мавжуд вазият ўзгармаганини таъкидлайди. 

“Янги масжидлар очилаётгани йўқ. Диний адабиётлар қаттиқ назоратда. Ҳар қандай “диний” деган нарса, алоҳида цензура ва назоратда.  
Нашидлар иши шуни кўрсатадики, давлат коридорларида исломофобия – жуда юқори...”,
дея таассуф билдиради сиёсатшунос.

Дарҳақиқат, охирги йилларда ўзбек жамиятида исломобия кучайиб бораётмоқда. Мисол учун айтаман, Ички ишлар идорасида бир қатор гумонланувчиларнинг ўлиги чиқса ёки адлия амалдорлари етим қизларни зўрлаб келса, бутун тизим маломат қилинмайди, аммо бирор соқолли йигит ё рўмолли қиз бирор жиноятда гумонланса, дарров барча мусулмонларга лой чаплаш тенденцияга айланиб бормоқда. Диндорлар ҳақида телевидениеларда тайёрланаётган лавҳаларда ҳалиям ваҳимали мусиқалардан фойдаланиб келинаётганидан одам на кулишини билади, на йиғлашини...

Алам қиладигани бирор домла Ислом динида ҳаром қилинган нарсаларни айтса, адлия вазирлиги дарров “бошқаларнинг диний эркинлигига даҳл қилманг”, деб “дўқ уради”, бироқ мусулмонларнинг устидан очиқча кулаётган атеист, деист, феминист ва бошқаларга эса “миқ этмайди”.

Дарвоқе, алоҳида таъкидлаш керакки, араб давлатлари билан алоқаларимиз фақат диний маърифий йўналишларда эмас, аксинча, иқтисодиётнинг бир қатор йўналишларида ҳамкорлик йўлга қўшилиши режалаштирилган. 

Президентимизнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан “юқори технологиялар ва инвестициялар”, “савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш”, “экология ва иқлим ўзгариши масалалари”да ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Энг хурсанд бўладиган томони шундаки, Кўрфаз минтақасидаги давлат билан тенг ҳуқуқли алоқа қилишимиз мумкин, яъни улар бизни икки томондан бўғиб келаётган империалистик кайфиятдаги мамлакатларга ўхшаб бизни “бир тарафлама манфаатли” шартномаларга мажбурламайди. Сабаби, Шавкат Мирзиёв алоҳида эътироф этганидек, Марказий Осиёни араб давлатлари билан минг йиллик давлатчилик алоқалари эмас, балки Ислом дини ҳам бир бирига чамбарчас боғлаб туради.

Кўрфаз мамлакатлари билан алоқаларни кучайтириш кеча ёки бугун ўртага чиққан масала эмас. 2022 йил 7 сентябрь куни Риёз шаҳрида «Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё» Стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Ўзбекистон делегацияси раҳбари Владимир Норов йиғилишда Кенгашга аъзо давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Кеча  энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида “Президент август ойида Ўзбекистонда «яшил водород» ишлаб чиқариш мажмуасини қуришни бошлаш бўйича топшириқ берган"ини маълум қилди. Иншоот

Саудиянинг ACWA Power компанияси томонидан Чирчиқ шаҳридаги аммиак заводи негизида қурилади. Бу иқтисодий ва инвестицион алоқаларнинг бошланиши десак хато қилмаймиз. 

Сўзимизга қайтайлик.

Шавкат Мирзиёвнинг исломофобияга қарши курашиш борасида таклифидан кейин юртимизда ҳам бу борада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилиши умид қилиш мумкинми?

Бунга яқин тарихимиздан мисол келтирсак, бизнингча, тўғрироқ хулосага келишимиз мумкин.

2016 йилда биринчи марта сайланган Шавкат Мирзиёв давлат ташрифини кўпчилик тахмин қилганидек Россиядан эмас, балки қўшни ва қардош Туркманистондан бошлаган эди. Шундан сўнг биринчи маъмурият давридаги муз деворлари йиқилиб, минтақадаги қўшни давлатлар билан алоқаларимиз яхшиланган, чегаралар очилиб кетганди. 

Иккинчи марта президент этиб сайланган Мирзиёев биринчи сафарини қардош Туркия давлатидан бошлаган ва шундан сўнг мазкур давлат билан алоқаларимиз яна ҳам яхшиланди ва яхшиланиб бормоқда. Асосий интилишларимиз айримлар кучлар тахмин қилганидек, на шимолга (Россия), на жанубга (Хитой) ва на Ғарбга, балки туркий давлатлар томонга ўзгаргани ҳам айни ҳақиқат.
Ана шуларни мулоҳаза қилсак, мамлакатимизда исломофобик ҳаракатларга барҳам бериш, масжидлар сонининг ортиши, диний таълим борасидаги енгилликлардан умид қилишимиз мумкин.

Зора...

P.S.: мақола ёзиш асносида ўзининг даҳриёна чиқишлари билан танилган айрим блогерларнинг саҳифасига кўз югуртириб чиқдим. Мақсадим президентимизнинг сафари ва исломофобия ҳақидаги фикрларига реакцияларини ўрганиш эди. Тахминимча улар “Жимжитлик” асарини мутолаасига муккасидан кетибди. Бу ҳам яхшилик аломати бўлса ажабмас...

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8190 11:57 02.08.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4433 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4619 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2361 09:12 19.07.2023
« Орқага