“Тошкентда ноқонуний ҳужра ўқувчиси ўзини 5-қаватдан ташлади”, деган ваҳимали сарлавҳа билан бир қатор сайтлар хабар чоп этди. MY5 телеканалининг Hudud информацион дастурида узатилган лавҳага таяниб тайёрланган ушбу хабар кўпчиликни хавотирга солгани бор гап.
Хабарда айтилишича, “Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ўқитувчи 15 нафар болага ноқонуний диний таълим бераётгани, уларни калтаклаётгани сабаб бир нафар бола у ердан қочмоқчи бўлиб, электр узайтиргич (удлинитель) симига осилиб, 5-қаватдан ўзини ташлаганини маълум қилган. Бола жароҳат олган, кўплаб жойлари синган ёки чиққан.
Ҳолат бўйича ИИББ суриштирув ўтказди. 1995 йилда Қашқадарёда туғилган ўқитувчи 1 июлдан бошлаб вақтинчалик яшаш жойида ҳар бир боладан 200 минг сўмдан пул олиб, ҳужра ташкил қилган ва 4 нафар болага диний сабоқ бериб келгани маълум бўлди. Шунингдек, хонадан 14 дона араб тилида ёзилган ва нашриёти номаълум бўлган диний адабиётлар топилди.
Суриштирувда бу шахс болаларни доимий равишда калтаклаб келгани, уларда турли жароҳатлар ҳам мавжудлигини тасдиқлади.
Эркак бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини билдирди. Ҳолат юзасидан унга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, болаларнинг ота-оналари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга кодекснинг 47-моддасига асосан (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) чора кўрилди. Болаларга етказилган жароҳатнинг оғирлик даражасини аниқлаш бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган ва унинг натижасига кўра қонуний қарор қабул қилинади”, дейилади хабарда.
Ушбу хабарда асосий важ сифатида “ўқитувчи”нинг махсус дипломга эга эмаслиги, ноқонуний таълим бераётгани ҳамда болаларни аямай калтаклаши келтирилади. Дарҳақиқат, педагогикада ўқувчини урмаслик кераклиги таъкидланади. Буни оқлаб бўлмайди.
Аммо “махсус дипломга эга бўлмасдан”, “ноқонуний” деган жойига озгина эътибор қаратишимиз лозим. Бир нарса аёнки, юртимиздаги уламолар орасида махсус дипломга эга бўлмаганлари талайгина топилади. Мустақиллик йилларининг бошида мадрасаларда дарс берган устозларнинг аксариятида диплом бўлмаган. Улар собиқ иттифоқ даврида хужраларда илм ўрганишган.
“Ноқонуний” деган жойига келсак... Болаларга қонуний диний таълим берадиган жой йўқ, аниқроғи христиан, яҳудий ва бошқаларга бор, лекин ислом динини ўқитадиган даргоҳ йўқ ҳозирча. Шунинг учун “ноқонуний” деган ибора ғалати эшитилади, сабаби худди қонуний имкони бор-у, улар ноқонуний йўлни танлагандай...
Икки йил олдин устозимиз Мубашшир Аҳмад ва у кишининг фикрини қўллаган бир гуруҳ уламоларимиз “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгаришлар киритиш вақтида жуда жиддий ва долзарб таклиф билан чиқишганди. Яъни масжидлар қошида диний таълимни йўлга қўйиш борасида... Ўшанда бир қатор ғайридин давлатларда ҳам исломий таълимга йўл берилгани, бизда рухсат йўқлиги учун жуда кўплаб юртдошларимиз фарзандларини олиб Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларга кетиб яшашга мажбур бўлаётгани, ёшларнинг орасида жиноятчилик кўпайиб бораётгани, диний таълимга рухсат берилмагани натижасида ноқонуний ўқишлар ташкил қилинаётгани, ёшлар турли оқимларга адашиб кириб кетаётгани ва бошқа бир қатор омиллар орқали таклиф қанчалик зарурлиги асослаб берилган.
Ушбу таклиф халқимиз томонидан ҳам хурсандчилик билан кутиб олиниб, қизғин қўллаб-қувватланганди.
Бироқ...
Айримлар содда миллатимизни “Исломий таълим эмас, диний таълим дейишяпти. Бу ҳолатдан христиан, яҳудий ва бошқалар фойдаланиб, фарзандларингни ҳақ диндан оғдириши мумкин”, дея шовқин солганди. Ўшанда камина Azon.uz сайти мухбири сифатида журналистик суриштирув ўтказиш учун ўғлимни Тошкент шаҳри марказидаги черковга олиб борган ва у ердаги семинарияда (диний таълим даргоҳи) 6 ёшдан бошлаб болаларга насронийликдан дарс берилаётганини исботлаб қўйгандим. “Боламни черковга бераман” мақоласи кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган, бироқ юқорида зикр этилган "айримлар" воқеликни тан олиш ўрнига муаллифни маломат қилишганди.
Шу билан қонунга берилган таклиф эътиборсиз қолганди..
Аммо...
Ҳолва деган билан оғиз чучук бўлмайди
Ўзбекистонда диний таълимга эҳтиёж катта. Буни инкор этиш ойни этак билан ёпишга уринишдай гап. Ёшларимизнинг тарбияси кўнгилдек эмаслиги ҳам ҳаммани ташвишга соляпти. Айниқса, ахлоқсизлик кун сайин ортиб бораётгандай. Бугун тарқалган расмий хабарга кўра, Январь-июнь ойларида 6 нафар мактаб ўқувчисида эрта туғуруқ аниқланибди.
«Ҳолатларнинг 2 таси Қашқадарёда кузатилган, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда 1 тадан қайд этилган», дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Азамат Камолов.
Ё алҳазар...
Мактаб ўқувчиларининг орасида шунча ҳомиладор пайдо бўлган бўлса, унда қанча она сути оғзидан кетмаган қиз ва йигитчалар никоҳсиз жинсий алоқага киришяпти экан? Бунга ўхшаган аччиқ мисолларни, афсуски, юзлаб келтириш мумкин. Лекин эзилган юракларни баттар сиқишдан не наф?!
Фарзанд тарбиясида диний таълимнинг ўрнини бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Чунки Худодан қўрқмагандан қўрқ деб бекорга айтилмаган. Қуруқ шиор ва маданий тадбирлар билан ёшларни тўғри йўлга солишнинг мутлақо иложи йўқ.
Шундан келиб чиқиб, масжидлар қошида бошланғич диний таълим бериш йўлга қўйилса... Зарурий қироат дарслари ва фарзи кифоя бўлган фиқҳий билимлар ҳамда ҳалол-ҳаром тушунчалари ўргатилса... бўладику?
Ана шундай таклиф билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимларидан бирига мурожаат қилдик. Ҳозирча саволларимизга жавоб келмади.
Аслида...
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуни 241-моддасини ўргана туриб айрим жиҳатлар эътиборимни тортди.
Мазкур моддада “Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш...” деган иборалар келтирилади. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам айни иборалар такрорланган.
“Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш” деган жойига эътибор беринг.
Мана шу моддага қараб, Диний идора рухсат берса, масжидлар қошида имомлар диний сабоқ бериш мумкин бўладими? Яъни марказий орган Ўзбекистон мусулмонлари идорасими?
Юқоридаги фикрларимизни тажрибали ҳуқуқшунос Б. Собировга юбордим. У киши фикримни тасдиқлаб, қуйидаги жавобни юборди.
“Диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот ҳисобланади.
Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Исломий таълим бериш бўйича рухсат бериш ҳуқуқига эга. Бунда ҳеч қанақа қонунбузарлик йўқ...”
Ҳуқуқшуноснинг изоҳларидан кейин савол туғилди. Демак, Исломий таълим борасида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак экан-да. Бунга қонуний асос бор экан-да. Биз ҳам Ўзбекистонда эмин-эркин яшаб, фарзандларимизга болалигидан бемалол диний таълим бераётган насроний, яҳудий, буддист ва бошқа юртдошларимиз қатори ҳар бир масжид қошида Исломий таълимни ташкил қилсак, бўлаверар экан-да...
Бунгa Диний идорамиз масъуллари нима дер эканлар?
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири