17 июль куни тақиқланган нашид – «террористик руҳдаги қўшиқ»ни улашишда айбланиб қамалган 20 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовнинг иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида аппеляция тартибида кўриб чиқилди. Унга кўра, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилгани, шикоятлар эса қаноатлантирилмагани ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинмоқда. Эътиборлиси аксарият блогерлар суд ҳукмининг жудаям шафқатсиз ва адолатсиз эканини таъкидлаяпти.
Суд ишида бошидан бери иштирок этиб келаётган Жамолиддин Муҳаммад таассуротларини шундай баён қилган:
“Суд мажлиси очиқ номи остида жуда ғалати кўринишда бошланганди. Биринчи мажлисда 10 кишилик хонани қандайдир бегона кишилар деярли тўлдириб қўйган, ҳатто судланувчининг дадаси ҳам ташқарида қолганди. Кейинги мажлислар каттароқ хонага кўчирилди, лекин ОАВ вакилларининг жараённи фото ва видео тасвирга олиш сўрови прокурор қаршилиги билан қаноатлантирилмади. Тасвирга олишга рухсат берилмади”.
Жаҳонгир Улуғмуродов университетда ўқиш билан бирга Жамолиддин Муҳаммадга қарашли китоб дўконида ишларди. Шунинг учун Жамолиддин унинг оиласига моддий ва маънавий ёрдам бериш билан бирга судда ҳимоя қилиш учун тўрт нафар адвокат жалб қилган. Гарчи адвокатлар судда материаллар Ж. Улуғмуродовдан процессуал тартибга хилоф равишда олингани, материални экспертиза қилган эксперт процессуал талабларни бажармагани, Улуғмуродовга қўйилаётган айблов моддаси лингвист берган кўрсатмага асосан нотўғри қўлланаётгани ва қатор бошқа сабабларга асосан айбсиз деб топилиши ва суд залидан дарҳол озод қилиниши сўралган бўлса-да, суд ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирган.
Таниқли блогер ва журналист Муҳаммад Шакур ҳам судда иштирок этганини ёзди:
“Жаҳонгир суди (тўртта йиғилишда ҳам қатнашдим): ҳимоя VS айблов - 6:0. Аммо ҳакам ғолиб деб айбловни эълон қилди, боковойлар тасдиқлади - "голлар урилмаган". Фақат прокурор ўтлоққа ўтирган жойидан, 60 метр узоқликдан тепиб битта гол урди деб ҳисоб қилинди. Судя ҳуштагини ташлаб майдондан югурганича қочиб кетди. Салкам бир дивизия қуроллилар Жаҳонгирни "отбить" қилишларидан ҳимоя қилиб турди. Яшасин янги Ўзбекистон "суд"и!”
Юқоридаги фикрларда қанчалик алам ва дард борлигини ҳис қилиш учун одамга қўшимча юрак ва ҳиссиётлар керак эмас, албатта. Умид қиламанки, давлатимизда ижтимоий тармоқларда халқнинг кайфиятини кузатиб турадиган махсус институтлар бор ва тегишли тартибда мониторинг олиб боради. Гап Жаҳонгирнинг айбсиз ёки айбли эканидагина эмас, балки Ўзбекистонда охирги йиллари бошланган сиёсий ислоҳотларга халқнинг ишончи камайиб бораётганидадир.
Суднинг ҳукми қанчалик адолатли ёки йўқ эканига таниқли ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойберганов ўринли мисоллар билан сўроқ қўйган.
“Бу бўйича ўз фикримни аввалроқ айтиб бўлганман. Шунга ўхшаш ишларга оид айрим лавҳалар.
1. Жиззахда Телеграмдаги 58 кишилик каналда бир неча марта тақиқланган диний материалларни юборган йигитга 3 йил озодликни чеклаш (халқ тилида уй қамоғи) жазоси тайинланди. Судя нима учун бунақа жазо берганини видеода тушунтирган;
2. Қўқонда худди шунақа тақиқланган материалларни тарқатишда айбланган йигитга ҳам озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Судя видеода нима учун бунақа жазо қўллаганини тушунтирган.
3. Сал аввалроқ 21 ёшли талаба Сардор Раҳмонқулов тақиқланган нашид юборгани учун дастлаб 5 йилга қамалганди, кейин апелляция судида озодликка чиқарилиб, 2 йиллик синов муддати билан шартли ҳукм тайинланганди.
Эътибор беринг, иккала вазиятда ҳам судланувчилар Жаҳонгир билан бир хил модда, яъни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбланган. Уларга қўйилган айб бир хил, аммо жазолар оғирлиги кескин фарқ қилади. Қайсидир судя адашган ёш йигитни 3 йиллик чеклов билан ота-онасининг бағрига, шу жамиятга қайтаряпти, қайсидир судя эса 3 йилга қамоққа юборяпти, деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам юқоридаги иш бўйича ташвиш билан ёзган. У Ўзбекистоннинг охирги йиллари жаҳон ҳамжамиятида олқишланаётган жиҳатлари яна орқага қараб кетаётганига ҳам эътибор қаратган:
“Тушуниб тушунмасдан диний қўшиқ эшитгани учун, 2-3-4 йиллаб оммавий қамалаётганлар дунёда фақат Ўзбекистонда бўлса керак. Мусулмон бўлмаган диктатураларда ҳам, диний қўшиқни тушуниш даражаси, онгга таъсири, ҳаракатларга таъсири ўрганилади. Лекин, Ўзбекистонда эмас.
Олий Суд статистик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қамашлар сони йилига 100%га ўсиб бораяпти. Мисол учун, 2019 йилда 6900 одам жиноий айбловлар билан қамалга бўлса, 2022 йилда 18 минг одам қамалган.
Маъмурий қамоқлар, 2019 йилда – 27 минг бўлса, 2022 йилда 80 мингдан ошган. Деярли ҳар йили бир бараварга ўсиш!
Бу "просто" даҳшат, қўрқинчли статистика! Ёки ҳокимиятда кимлардир бу маъмуриятни зимдан, оммавий норозиликлар орқали йиқитиб, супуриб-сидириб ташламоқчимикин? Шунга замин яратяптимикин?”
Сиёсатшуноснинг фикрича, дунё ҳамжамиятнинг сиёсий қарашларини шакллантирадиган ҳалқаро ташкилотлар, жумладан, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий давлатчилик индексларини кузатиб ва ёритиб борадиган энг йирик ташкилотлар, кейинги 2-3 йилда аста секин, лекин барқарор Ўзбекистонни яна танқид қилиб, қора рўйхатларга қўшиб бошлаган.
Айрим блогерлар “ҳақли жазо” қабилида изоҳлар ва постлар қолдираётгани ҳам диққатимизни тортди. Начора, ҳамма ҳам ўз муддаоси, ўз миссияси бор, нима ҳам дердик...
Айни шу кунлари бир қатор жамоатчилик фаоллари томонидан ёзилиб, Конституциявий судга юборилган диний мотивдаги жиноят кодексларига тегишли ўзгартириш киритиш борасидаги мурожаатларига ҳам ижобий жавоб берилмаган. Бу ҳақда устоз Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқда маълумот бериб ўтдилар.
“Бизда ҳам Жаҳонгир Улуғмуродовники каби хабар. Конституциявий суд "бу бизнинг ишимиз эмас" қабилида Мурожаатимизни кўриб чиқмаслигини билдирди”...
Юқоридаги ҳолатлар бўйича нима дейишга ҳам ҳайрон бўласан одам. Ёшларни тарбияси ҳақида қайғурадиган зиёли борки, тарбияни илдизи мустаҳкам асосларга боғламаса, ҳавога учишини таъкидлайди. Хаводан озиқланадиган гул тезда сўлади, деганди файласуфлардан бири... Шунинг учун бошқа динлар қатори Ўзбекистонда ҳам исломий таълим беришга кенгроқ имконлар яратиш керак бўляпти. Акс ҳолда, атеизм, деизм, феминизм, лгбт каби балолар жамиятни тубсиз жарлик томон тортиб кетаверади.
Дарвоқе, куни кеча ижтимоий тармоқда тарқалган бир видео ҳам қайсидир маънода фикримизни далиллайди. Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Қатортол кўчаси бор. Бир неча ўн йиллардан бери ана шу кўча, таассуфки, фоҳишаларнинг паккасига айланган. Ана ўша атрофларда ярим яланғоч ҳолда юрган қизлар билан маҳаллий аҳолининг жанжаллашгани ҳам тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўша видеони кўриб, ана шу ҳудудларда яшайдиган ота оналарга раҳмим келди. Чунки фарзанд тарбиясида уларга қанчалик қийинлигини юрагимдан ҳис қилдим. Айтишларича, диний материал юборганга 5 йил жазо тайинлайдиган ҳуқуқий институтларимиз фоҳишалик қилаётганларга нари борса 5-10 сутка маъмурий қамоқ жазо тайинлар экан, холос.
Энди соғлом ақл билан айтингчи, қайси бирининг жамиятимизга, миллатимизга, давлатимизга хавфи кучли?
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири