Украина Президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга Украина Россиянинг мулки эмаслигини эслатиб ўтди.
Франциянинг Le Figaro мухбирига интервью берган Зеленский Кремль раҳбарига мурожаат қилиб, Украинани ўз ҳолига қўйишга даъват этди. Ушбу интервью 16 апрель куни Украина президенти идорасининг сайтида эълон қилинди.
Унда Зеленский Украина томонидан қўлга киритилган ҳар қандай ютуқни Кремль раҳбари ўзига ниҳоятда оғир олишига эътибор қаратди.
"РФдан ташқари, ҳар қандай бошқа давлат билан ҳамкорликнинг ривож топиши, Киевнинг иқтисодий жиҳатдан равнақи Россия ҳукуматининг кўнглига ниҳоятда қаттиқ тегади, – дейди Президент. – Расмий Москва қудратли, мустақил Украина билан қўшничилик қилишни истамайди".
Зеленский интервью давомида Россия бундай хулқи билан ўзининг заифлигини, эртанги кунига ишончи йўқлигини яққол намоён этаётганини таъкидлади.
"Россия Украина томонидан қозонилган ғалабалардан қачондан буён хафа бўла бошлади, ҳеч тушунмайман", – иқрор бўлди Украина раҳбари.
Унинг фикрича, бундай вазият 1991 йили, Украина мустақил давлатга айланган фурсатдан буён ҳукм суриб келмоқда.
"Биз Россиянинг мулки эмасмиз, бинобарин, Кремль раҳбари биз билан эмас, ўз юрти билан шуғуллансин", – деди Зеленский.
Украина раҳбари Россия қўшинларининг давлат чегараси яқинида йиғилиб, таҳдид солаётганига жавобан: "Биз тайёрмиз, биз ўз она заминимиздамиз", – дея баёнот берган эди.