Украина суди Қозоғистоннинг 23 ёшли фуқароси Шингис Сейпиевни ёлланма аскарлик айблови бўйича 9 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб ёзади Украинанинг “Грати” нашри.
Иш материалларига кўра, 2022 йил октябр ойида Сейпиев Украинага қарши урушда қатнашиш учун “Вагнер” ХҲКга ёлланган. Унга ойига 200 минг рубл ваъда қилинган, Сейпиев пулни шартнома муддати тугаганидан кейин олиши керак эди.
Декабр ойининг бошига қадар Сейпиев ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва шундан сўнг унинг бўлинмаси Луганск вилоятининг Кременная шаҳрига олиб кетилган. 24 декабрда Донецк вилояти Бахмут тумани Яковлевка қишлоғида бир ҳафта жанг қилган ва 30 декабрда асирга олинган.
Тергов ўтказган Украина Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Сейпиев Тюмендаги 2-сонли колонияда номусга тегиш жинояти билан 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. “Вагнер” билан имзоланган шартнома шартларида нафақат пул мукофоти, балки судланганликни олиб ташлаш ҳам мавжуд эди, дейилади хабарда.
“Вагнер” 2022 йилнинг ёзидан бери колониялардаги маҳбусларни ёллаш билан шуғулланади. Унинг асосчиси Евгений Пригожиннинг шахсан ўзи колонияга келиб, маҳбусларни Украинага жангга боришга ундаган. Оғир ва ўта оғир жиноятлар: қотиллик, талончилик, номусга тегиш жиноятлари билан судланганлар урушга юборилди. Шартнома бўйича маҳбусларга афв этиш ва судланганликни олиб ташлаш ваъда қилинган. Бироқ, 2023 йил феврал ойида Пригожин маҳбусларни ёллашни тўхтатишини эълон қилди.
Январ ойи бошида Пригожин авф этилганларнинг биринчи гуруҳини эълон қилди. "Агентлик" нашри ва "Би-би-си" рус хизмати журналистлари улар орасида рецидивист ўғрилар, гиёҳванд моддалар сотувчилари ва қотилларни аниқлашган. Улардан бири ветеринар Дмитрий Каравайчик 2019 йил июлида “амфетамин ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича жиноий гуруҳ тузгани учун” 17 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинган эди. Яна бир маҳбус Анатолий Салмин бўлиб, у бир неча бор, жумладан қотиллик учун судланган,.
Май ойида “Вагнер” ХҲК эгаси Украинадаги урушда 20 000 ёлланма аскар ҳалок бўлганини эълон қилди, уларнинг ярми маҳбуслар бўлган.