Россия армияси назорати остидаги Украина ҳудудларида Кремль тарғиботининг постулатларига тўғри келмайдиган китоблар кутубхоналардан олиб қўйила бошланди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси маълум қилди.
Украина разведкаси маълумотларига кўра, Украина тарихи бўйича мактаб дарсликлари, шунингдек, бошқа илмий ва оммабоп тарихий адабиётлар экстремистик адабиётларга тенглаштирилган. Қидирувлар ҳарбий полициянинг махсус бўлинмалари томонидан олиб борилмоқда.
«Аниқланган китоблар мусодара қилиниб, жойида йўқотилмоқда ёки номаълум томонга олиб кетилмоқда», — дейилади разведка бошқармасининг Facebook'даги постида.
Баёнот остига фашистлар ҳокимият тепасига келганидан кўп ўтмай, 1933 йил Берлинда немис талабалари китобларни ёқиб юбораётгани акс этган машҳур оқ-қора фотосурат қўшилган.