Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир куни одамлар:
– Ё Расулуллоҳ, энг афзал одам ким? – деб сўрашди.
– Қалби тоза, ростгўй киши, – деб жавоб бердилар ул зот.
– Ростгўй кимлигини биламиз. Қалби тоза одам қандай бўлади?
– Тақволи, покиза, (ҳалок этувчи) гуноҳлардан сақланган, зулмдан йироқ, (дилида) кек-адовати, ҳасади йўқ кишидир (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Банда салоҳияти унинг қалбига боғлиқ. Қалб тоза бўлса, танадаги ҳамма аъзолар қиладиган иш тоза – ҳалол ва тўғри бўлади. Шунинг учун динимизда ахлоқни сайқаллашга, руҳни чиркин иллатлардан тозалашга бот-бот тарғиб этилади.
Қуръони каримда айтилишича, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан борган инсонларгина нажот топадилар. Банданинг мол-давлати ҳам, бола-чақаси ҳам ўша кунда фойда бермайди. Фақат қалбдаги имон, солиҳ амаллар фойда беради. Қалби пок инсон қиёмат куни нажот топади, Аллоҳ розилигига эришади.
Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Аллоҳ сизларнинг (ташқи) кўринишингизга ҳам, бойликларингизга ҳам қарамайди, қалбингизга ва амалингизга қарайди” (Муслим – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан – ривоят қилган).
Энди мана бу ибратли ривоятга эътиборингизни қаратамиз. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. У зот: “Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан (бўлган) бир одам чиқади”, дедилар. Шунда ансорийлардан саналган, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида кавуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Мажлисдагилар тарқалганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрниларидан турдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамнинг ортидан юриб борди, “Отам билан орамиздан гап ўтиб қолди. Уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичгандим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг”, деди. У “Хўп”, деди”. Анас айтади: “Абдуллоҳ ўша кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрарди. Агар у безовта бўлса, ўрнидан ўгирилиб (яъни, бошқа томонга қараб) ётар, бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан”. Абдуллоҳ яна қуйидагиларни айтган экан: “Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч марта: “Ҳозир ҳузурингизга жаннатийлардан бир киши чиқади”, деган гапни эшитдим. Уч мартасида ҳам сиз чиқиб келдингиз. Сизнинг ҳузурингиздан жой олиб, қиладиган амалингизга назар солиб, эргашиш ниятида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингизни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган мақомга қандай эришдингиз?” деб сўрадим. У: “Ўзинг кўрган нарсадан бўлак ҳеч вақо йўқ”, деди. Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: “Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин мен қалбимда мусулмонларнинг биронтасига гина-кудурат сақламайман, ҳеч кимга нисбатан – Аллоҳ унга берган яхшиликка – ҳасад қилмайман”, деди. “Сизни ўша мақомга етиштирган шу хислат экан-да!.. Аммо биз бунга тоқат қила олмаймиз”, деди Абдуллоҳ ибн Амр” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Қайси бир бандада Аллоҳнинг неъмати бўлса, унга бир ҳасадгўй юзланиши шубҳасиз”. (Мовардий, Адабуд дунё ва дин)
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо бундай деган: “Мен ҳамма одамларни рози қила оламан. Ёлғиз неъматга ҳасад қилувчи бундан мустасно. Чунки уни фақат неъматнинг йўқ бўлиши рози қилади”. (Ибн Асокир, Тариху Димашқ)
Яна Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёмон хислатлар ичида ҳасаддан кўра адолатлироғи йўқ. Зеро, у ҳасад қилинувчига етиб боришидан олдин ҳасадчининг ўзини ўлдиради”. (Мовардий, Адабуд дунё ва дин)
Ибн Сийрин айтади: “Дунё ишида бирон нарса учун ҳеч кимга ҳасад қилмадим. Чунки у жаннат аҳлидан бўлса, қандай қилиб дунёга ҳасад қилай?! Ахир дунё жаннатда жуда паст нарса-ку. Агар у жаҳаннам аҳлидан бўлса, қандай қилиб дунё ишига ҳасад қилай?! Ахир у дўзахга тушади-ку”. (Имом Ғаззолий, “Иҳёу улумид дин”)
Ҳасан Басрий бундай деган: “Мен ҳасадчидан кўра мазлумга ўхшаган золимни кўрмаганман. (Унинг кўргани) доимий ҳасад, ортиқча маҳзунлик, муттасил ғам-ташвишдир”. (Ибн Абдураббиҳ, “Ал-Ақдул фарид”).
Абу Лайс Самарқандий: “Ҳасадчининг ҳасади ҳасад қилинувчига етгунича ҳасадчининг ўзига бешта уқубат етади. Биринчиси, узлуксиз ғам. Иккинчиси, мукофот берилмайдиган мусибат. Учинчиси, унинг орқасидан мақтов эшитилмайдиган мазаммат (салбий хусусият). Тўртинчиси, Парвардигор ғазаби. Бешинчиси, унинг учун тавфиқ эшиги ёпилиши”, деган. (Абшиҳий, “Ал-Мустатраф”).
Ибн Мўътаз айтади: “Ҳасадгўй гуноҳи (айби) йўқ одамга аччиқланади, ўзи молик бўлмаган нарсага қизғанчиқлик қилади, ўзи топа олмайдиган нарсани талаб этади” (Ватвот. “Ғурарул хасоисил возиҳа”).
Хаттоб ибн Нумайр Саъдий: “Ҳасадчи мажнундир. Чунки у яхшига ҳам, ёмонга ҳам ҳасад қилаверади”, деган (Жоҳиз. “Расоил”).
Айрим салафлар айтишган: “Ҳасад у билан осмонда Аллоҳга осий бўлинган биринчи гуноҳдир. Яъни, иблис Одам алайҳиссаломга ҳасад қилган. Ҳасад у билан ерда Аллоҳга осий бўлинган биринчи гуноҳдир. Яъни, Одам алайҳиссалом ўғли биродарига ҳасад қилган, ҳатто уни ўлдирган” (Мовардий, “Адабуд дунё ва дин”.).
Баъзи ҳакимлар: “Сен шод-хуррам бўлиб турганингда ҳасадчи ғамга ботиши унинг учун етарли (яъни, муносиб жазодир)”, дейишган.
Давоми бор...
Зиёвудин Раҳим