Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Шунда у зот: “Ўнг қўлинг билан е!” дедилар. У: “Бунга қодир эмасман”, деди. Расулуллоҳ: “Қодир бўлмай қол!” дедилар. Уни фақат кибр тўсиб турганди. Шундан сўнг ўша киши ўнг қўлини оғзига олиб боролмай қолди (Муслим, Доримий, Аҳмад ривояти).
Ривоятда айтилишича, бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида овқатланаётганди. Ислом одобига кўра, овқатни ўнг қўлда ейилади. Бироқ ҳалиги киши чап қўлида овқатланаётганди. Буни кўрган Расулуллоҳ:
– Овқатни ўнг қўлингда е! – деб буюрдилар.
– Ўнг қўлимда ея олмайман! – деди ҳалиги киши.
Йўқ, у ўнг қўлида овқат ейишга қодир эди, қўли ҳаракатланарди. Аммо бундан ожизлик эмас, кибр тўсиб турганди. Унинг ҳеч қандай узри йўқ эди. Пайғамбар алайҳиссалом айтган ишни қилишга шунчаки бўйни ёр бермади, ёлғон гапирди. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг зарарига дуо қилдилар:
– Унда ростдан ҳам еёлмай қол! – дедилар.
Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбари қилган дуо қабул бўлди. Айтишларича, ўнг қўлида таом ейишга кибр қилган ўша одам дуои баддан кейин ўнг қўлини оғзига олиб боролмай қолган экан.
Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида кибр қилиш, у зот айтганларини икки қилишнинг оқибати мана шундай бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни менга севимлироғингиз ва мажлис жиҳатидан яқинроғингиз хулқлари чиройлиларингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мажлис жиҳатидан узоқроғингиз сергаплар, вайсақилар ва мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз сергап ва вайсайқиларни биламиз. Мутафайҳиқлар кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлар”, деб жавоб бердилар (Термизий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Охиратда Расулуллоҳга яқин бўламан, деган киши хулқини чиройли қилади. Қиёмат куни Муҳаммад алайҳиссаломдан узоқ бўлиб қолишни истамайдиган одам кам гапиради, мутавозеъ бўлади. Зеро, кибр қилиш, оғзини тўлдириб бўлар-бўлмас нарсаларни вайсайвериш охиратда бандани қийин аҳволга солиб қўяди.
Биз ҳадис таржимасида “вайсайқи” деб ифодалаган сўз арабий матнда “муташаддиқун” шаклида келтирилган. Нававий “Азкор” китобида айтишича, сўзда ташаддуқ қилиш билан кибрланиш, сажъ ва фасоҳат, жумлаларни жуда зийнатлаб юбориш макруҳдир. Буларнинг бари қораланган такаллуф саналади. Шунингдек, авом халқ тушунмайдиган ўта қийин тилда гапириш ҳам маъқул эмас. Балки ҳамма тушунадиган равон ва лўнда тарзда фикрни ифодалаш керак. Агар ҳаддидан ошмаса, хутба ва мавъизаларда жумлани чиройли баён этиш жоиз. Чунки бундан мақсад одамларни яхшиликка чақириш, уларнинг қалбида Аллоҳга муҳаббатни уйғотишдир. Зеро, чиройли сўзларнинг қалбга таъсири кучли бўлади.
Ҳориса ибн Ваҳб Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга жаннат аҳлидан хабар берайми? Ҳар бир заиф ва заифҳол саналгандир. Агар Аллоҳга қасам ичса, юзага чиқаради. Сизларга жаҳаннам аҳлидан хабар бермайми? Ҳар бир қўпол, саркаш, мутакаббирдир”, деб айтганларини эшитганман” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Закариё Нававий тушунтиришича, заиф ва заифҳол одамнинг аҳволи оғир бўлгани учун кишилар томонидан таҳқирланади, унга паст назар билан қарайдилар.
Ҳадисда ишора қилинишича, мўмин банда биродарларига камтарин муомала қилгани сари илоҳий даргоҳдаги мақоми юқорилаб бораверади. Шу билан бирга, агар кибр отига минса, манмансираса, энг паст поғонага тушиб кетади.
Жаннатий одам бирон ишни қилиш ёки тарк этишга Аллоҳ номи билан қасам ичса, албатта бажаради, қасамини бузмайди, сўзида туради.
Шу ерда бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратамиз: заиф одамларнинг жаннатга киришини “Ҳар қандай бечораҳол одам жаннатга кирар экан”, деб тушунмаслик лозим. Жаннат аҳлининг кўпчилиги заифлар, мискинлардан иборат бўлади. Бироқ, жаннатга бойлар ҳам, куч-қувватлилар ҳам киради.
Ёлғиз камтарликнинг ўзи жаннатга кириш учун етарли эмас. Жаннатий бўлиш учун, аввало, имон-эътиқод, ихлос, солиҳ амаллар керак. Ундан кейин мақталган сифатлар ҳисобга ўтади.
Муҳаммад содиқ, [25.04.2023 9:13]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дўзах ва жаннат (бир-бири билан) тортишди. Буниси (яъни, дўзах): “Менга исёнкор ва мутакаббир кимсалар киради”, деди. Униси (яъни, жаннат) эса: “Менга заифлар ва мискинлар киради”, деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бунисига (яъни, дўзахга): “Сен азобимсан. Сен билан хоҳлаганимни азоблайман!” деди. Унисига (жаннатга) эса: “Сен раҳматимсан. Сен билан хоҳлаганимга раҳм қиламан! Сизларнинг ҳар бирингизни тўлдирувчилар бор”, деди” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ривоятдаги “тортишди” сўзи ўзига кирувчилар билан мақтанди, фахрланди, маъносини билдиради.
Бундан чиқди, дўзахга мутакаббир ва зўравонлар киради. Жаннатга дунё талаб қилишдан ожиз, заифҳол, мискин, камтар инсонлар киради. Жаннат хокисор, шикастанафс инсонлар маконидир.
Ҳадисда мол-дунё бандани нотўғри йўлларга бошлашига, мансаб отига миниш ва обрў-эътибор кўтарилиши кибр сари йўллашига ишора қилинган.
(давоми бор)
Зиёвудин Раҳим