Агар афғонистонлик қизлар таълим ололмайдиган бўлса, халқаро ҳамжамият “Толибон” ҳокимиятини қўллаб-қувватламайди. БМТ Бош котибининг ўринбосари Амина Муҳаммад ана шундай деди.
Унинг айтишича, қизларнинг таълим олиш масаласи толиблар билан музокараларда марказий ўрин тутади, хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминлансагина Афғонистонга халқаро ёрдам кўрсатилади.
Хабарларга кўра, айни пайт Афғонистонда ўрта мактабларга фақатгина ўғил болалар боряпти. Толиблар мактабларда керакли шароит яратилганидан кейин қизлар ҳам ўқишга боришини маълум қилган. Умуман, “Толибон” ҳаракати қизлар ҳам таълим олиш имкониятига эга бўлиши ҳақида бир неча бор баёнот берган.
ЮНИСЕФ маълумотига кўра, Афғонистонда 10 миллион мактаб ўқувчиси бор, улардан 4 миллион нафари қизлардир.