Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳабар беришича, Афғонистоннинг 2021 йилда Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш бўйича қарзи қолмади. Ўтган йили Афғонистонга жами 2151,3 миллион кВт/соат электр энергияси етказиб берилди, ва “Da Afganista Brashna Şerkat” электр компанияси ҳисоб-китобни тўлиқ қоплади.
Жорий 2022 йилда Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва “Da Afganista Brashna Şerkat” ўртасидаги келишувга асосан 2210,0 миллион кВт/соат қилиб белгиланган. Ҳисоб-китоблар Афғонистоннинг январь-июнь ойларида электр энергиясига бўлган талаби ва талабидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди. Бугунги кунга қадар 770,2 миллион кВт/соат етказиб берилди.
Жорий йилда Ўзбекистондан етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар “Da Afganista Brashna Şerkat” компанияси томонидан тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ёзги мавсумда Афғонистон Тожикистон энергетика тизимига уланиши муносабати билан жорий йилнинг 14 апрелидан бошлаб Ўзбекистондан электр энергияси қабул қилиш тўхтатилган эди.
Маълумот учун: 2002 йилдан буён Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб берилмоқда. Дастлабки йилларда “Da Afganista Brashna Şerkat” компанияси билан тузилган шартномаларнинг технологик имкониятлари асосида электр энергияси етказиб бериш амалга оширилар эди.
2009 йилдан буён Афғонистонга 220 кВ электр узатиш линиялари қурилиб, ишга туширилгандан сўнг 430 МВтгача электр энергияси етказиб берилди.