Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Зулҳижжа ойида адо этиладиган амаллар

1221

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан кўра ортиқроқ ва афзалроқ қилиб қўйиши бандаларига савобларини кўпайтириб олишлари учундир.

Муҳаммад ибн Маслама ал Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замонингизда Роббингизнинг туҳфалари бор, уни қарши олинглар. Шояд, улардан бир туҳфа сизларга етиб, ундан сўнг ҳеч қачон бахтсизлик кўрмасангизлар”, дедилар (Табароний ривояти).

Бандаларга туҳфа қилинган мавсумлардан бири зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган инсон қандаям бахтли инсондир. Бундай улуғ кунлар бандадан уни гўзал қарши олиши ва унда кўпроқ солиҳ амаллар қилишини талаб қилади. Инсон дунёда гўёки мусофир кабидир. Мусофир сафарга тайёргарлик кўриб чиқса, сафари хайрли, барокатли бўлади. Биз учун дунёдан охират сафарига тайёргарлик кўриб бормоғимиз лозимдир. Бу кунлар эса ўта қимматли ва қайтиб келмайдиган кунлардир.

“Роббингиздан бўлган мағфиратга шошилинглар” (Оли Имрон сураси,133-оят)

“Бaс, мусoбaқaлашувчилaр мaнa шундa мусoбaқa қилсинлaр!” (Мутоффифийн сураси, 26-оят)

Зулҳижжа ойида эътиборли бўладиган амалларимиз:

Фарз намозларини жамоат билан ўқиш ҳамда масжидга эртароқ келиш.

Нафл намозларини кўпайтириш. Чунки булар энг улуғ қурбатлардир.

Рўза тутмоқлик

Такбир, таҳлил ва таҳмид айтмоқлик. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розиллоҳу анҳулар ушбу ўн кунларда бозорга чиқиб такбир айтар эдилар. Уларнинг такбирлари сабабли одамлар ҳам такбир айтар эдилар”.  Бундай унутилиб бораётган суннатларни тирилтирмоқ биз учун муносибдир.

Саҳобалар ва тобеинлардан такбирнинг турли сийғалари ворид бўлган:

1. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабиро.

2. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, валлоҳу акбару валиллааҳил ҳамд.

3. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбару валиллааҳил ҳамд. Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилиш.

Ҳақиқий тавба қилиш

Гуноҳ-маъсиятлардан узоқлашиш. Гуноҳлардан доим узоқлашиш лозим, хусусан бу кунларда батариқа авлодир. Чунки улуғ кунларнинг ҳурматини поймол қилиб у кунларда қилинган гуноҳларнинг жазоси бошқа кунларникидан кўра оғирроқ бўлади.

Хайри-эҳсон қилиш ва садақалар бериш. Ҳайит кунидан аввал ҳам хайри эҳсонни кўпайтирайлик. Камбағал-бечораларга совға саломлар улашайлик. Чунки бунда улар ҳам ҳайитга хурсандчилик билан чиқишади. Ҳайит куни йўқлаб боришни ҳамма билади, кутади. Аммо ҳайитдан олдин, Зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида қилинган хайри-эҳсонларимиз кутилмаган совға бўлади. Уламолар “кутилган катта совғадан кўра кутилмаган кичик совға инсонни кўпроқ хурсанд қилади”, деганлар.

Кечаларни қоим қилиш

Агарчи камгина намоз ўқиса ҳам. Намоз, Қуръон тиловати ва бошқа амаллар билан кечани қоим қилишлик. Саид ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўн куннинг кечаларида чироқларингизни ўчирманглар”, деганлар. Бу билан Зулҳижжанинг аввалги ўн кечасини қоим қилишга ишора килганлар. Чунки кечани қоим қилиш қалбни Аллоҳга боғлайди ва инсонни ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишларига бардош бера оладиган қилиб қўяди. Хулқларни янада гўзаллаштириш.

Арафа кунига алоҳида эътибор қаратиш

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Муслим ривояти). “Келаси йил учун ҳам каффорат” дейилди. Бу дегани келаси йил гуноҳ қилишдан муҳофаза қилади, ёки шундай савоблар берадики, келаси йил каффорати учун ҳам етади, деганидир.Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунидан кўра Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан кўпроқ озод қиладиган бирор кун йўқ”, дедилар. (Муслим ривояти) 

Қурбонлик қилиш.

Имкон қилиб ушбу ўн кун ичида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш.

Қабристонни зиёрат қилиб ўлимни эсга олиш.

Баъзи рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

Фарзандларга шу кунларда кўпроқ зикр, тасбеҳ ва одобларни ўргатиш. Чунки ота-оналарлар улар ҳақида қиёмат куни сўроққа тутилади. Қиёмат кундаги сўроқ оғир, ҳисоб қийин, қўрқинч катта, жаҳаннам эса: “яна қўшимча борми?” деб туради.

Қудратуллоҳ Сидиқметов,

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби
Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага