Владимир Зеленский Россия истилоси бошланганидан бери биринчи марта Буюк Британияга келди. Бу Украина президентининг қарийб бир йил ичида иккинчи хорижий сафари - декабрь ойида у АҚШга ташриф буюрган эди.
Зеленский бош вазир Риши Сунак билан музокаралар ўтказди ва парламентда нутқ сўзлади.
Шунингдек, Украина раҳбарини қирол Чарлз III қабул қилди. Музокаралардан сўнг Британия ҳукумати раҳбари, унинг сўзларига кўра, бу йил жанг майдонида ҳал қилувчи ҳарбий ғалабага эришиш учун Лондон Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
Зеленский парламентарийларга мурожаатида: «Буюк Британия биз билан ҳаётимиздаги энг катта ғалаба сари кетмоқда. Ғалабадан сўнг катта ё кичик тажовузкорларнинг ҳаммаси, халқаро тартибни бузса нима бўлишини билиб олади», деди.
Украина президенти Буюк Британияни Россия ҳарбий агрессиясидан ҳимоя қилиш учун жанговар самолётлар беришга чақирди. У парламент спикерига рамзий белги сифатида украиналик учувчининг дубулғасини ҳадя қилди.
«Ишончим комилки, бу рамз бизга кейинги коалиция, самолётлар коалициясини яратишда ёрдам беради. Мен сизга ва бутун дунёга оддий, бироқ энг муҳим сўзлар билан мурожаат қиламан: Украина учун жанговар самолётлар, озодлик учун қанотдир», деди Украина раҳбари.
Буюк Британияга Зеленский билан бирга Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Президент девонининг раҳбари Андрей Ермак ҳам келган. Шунингдек, учрашувда Украина ва Буюк Британия элчилари иштирок этди.
Кейин Владимир Зеленский ва Риши Сунак Challenger 2 танкларини бошқаришга ўргатилаётган украиналик ҳарбийлар билан учрашди.
Бош вазирлик идорасининг билдиришича, Риши Сунак мудофаа вазирлигидан Буюк Британия қайси самолётларни Украинага бериш мумкинлигини кўриб чиқишни сўраган, бироқ бу узоқ муддатли ечим. Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси Лондон самолётларини юборса, Москва жавоб қайтаришини айтган.
«Расмий Лондонга бундай сценарийда кескинликнинг навбатдаги босқичининг “қонли самараси" бўлиши, шунингдек, Европа қитъаси ва бутун дунё учун ҳарбий-сиёсий оқибатларга олиб келиши унинг виждонига боғлиқ бўлишини эслатамиз”, - дейилади Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилган баёнотда.
Украина президентини қирол Чарлз III ҳам қабул қилди.
Буюк Британия Украинанинг энг йирик ҳарбий донорларидан бири бўлиб, мамлакатга 2 миллиард фунт стерлингдан (2,5 миллиард доллар) кўпроқ қийматдаги қурол-аслаҳалар юборди.
Хабар қилинишича, Лондон украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашни кенгайтириб, қирувчи самолётлар учувчиларини тайёрлашни йўлга қўймоқчи, шунингдек, Киевга узоқ масофага зарба берувчи қуролларни етказиб беради.
Ҳозиргача 10 000 дан ортиқ украиналик аскар Буюк Британиядаги базаларда, уларнинг бир қисми Лондон томонидан етказиб берилган Challenger 2 танкларида ўқитилган.
Украина президенти 9 ва 10 февраль кунлари Брюсселда бўлиб ўтиши режалаштирилган Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитида иштирок этади. Лондондан у Парижга йўл олди. У ерда Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашади.