Бухоро вилоятида илк бор олий ва ўрта-махсус ислом билим юртлари талабалари ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйинининг Бухоро вилоят кубоги турнири бўлиб ўтди.
Турнир Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Taqvo tv” ҳамда “Zakovat intellektual klubi” ННТ ҳамкорлигида ўтказилди.
Пойи калон ансамблида бўлиб ўтган турнирда Мир араб олий мадрасаси, Мир араб ўрта махсус билим юрти ҳамда Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасидан 9 та жамоа иштирок этди.
Мусобақа қизғин, дўстона руҳда ўтди. Мантиқий, баъзи мураккаб саволларга жамоалар қисқа фурсатда жавоб топиб, ўзларининг билим ва салоҳиятини намойиш этди.
Турнир якунида Мир араб олий мадрасасининг “Нақшбандий” йигитлар жамоаси 1-ўринни, Мир араб олий мадрасасининг қизлар жамоаси 2-ўринни, Мир араб ўрта-махсус ислом билим юрти ёшлари 3-ўринни эгаллади.
Тадбир сўнгида мусобақа ғолиб ва совриндорлари, ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари, махсус диплом ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.