18 май – Қрим-татарлари ўз киндик қони тўкилган тупроқдан сургун қилинган кун. Бугунги кунни нафақат қримликлар, балки бутун туркий миллатлар ғамгин ва дард билан хотирлайди. Кўпчилик билади ё билмайди, Тошкент шаҳрининг бир бурчагида, ҳозирда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номли масжид орқасида қримлик татар биродарларимизнинг мозорлари бор. Иккинчи жаҳон уруши даврида “каззоб Сталин” (шоир М. Юсуф ибораси) буйруғи билан ўз юртидан Ўзбекистонга бадарға этилган мусулмонлар кўмилган. Уларнинг аччиқ тақдири шоир ва ёзувчиларимиз ижодларидан ҳам ўрин олган.
Қрим диёри бой ва гўзал табиати ҳамда геосиёсий жойлашуви билан минг йиллар давомида ҳар бир босқинчи қиролу султонларнинг кўзини ўйнатиб келади. Бир вақтлар Усмонийлар халифалиги қўл остида бўлган бу ҳудуд гуллаб-яшнаган. Аммо Усмонийлар назоратидан чиққандан кейин бошланган қрим-татар халқининг изтироблари ҳали ҳануз битмай келади.
Қрим хонлиги Олтин Ўрда давлати ўрнини эгаллаган тўртта хонликнинг энг узоқ ҳукмронлик қилгани эди. Баъзи манбаларда 1475 йилдан 1774 йилгача, яъни Кичик Қайнаржа шартномаси имзолангунга қадар Усмонийлар қўли остида қолганлиги қайд этилган.
Аслида Қрим хонлиги ҳеч қачон Усмонли империясининг тўлиқ вассали бўлмаган, аммо Қрим хонлари мусулмон дунёсининг бошлиғи сифатида халифа – Султоннинг устунлигини тан олганлар.
1774 йилда Россия империяси ва Усмонийлар халифалиги ўртасида Кичик Қайнаржа сулҳи тузилди. Унда иккала империя ҳам Қримнинг мустақиллигини ва ички ишларига аралашмасликни кафолатлади. Бироқ 1783 йилда Рус империяси шартномани бузди ва Қримни босиб олди. Бу ҳаракатга биргина Франция буюк давлатларнинг очиқ норозиликлари билан қарши чиқди.
Онадўли (ҳозирги Туркия шарқи) сургун қилинган Қрим туркларининг биринчи манзилига айланди. Қрим-татар туркларининг кўпчилиги рус чоризмининг тазйиқи туфайли Усмонийлар давлатидан паноҳ топди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан кўп ўтмай руслар Қрим ярим оролини бой берганди. Советлар ярим оролни фашистлар Германиясидан қайтариб олгандан сўнг қрим-татар халқига босим ўтказа бошлади.
Фашистлар Германияси билан ҳамкорликда айбланиши Қрим туркларига янги сургун эшиклари очилди. Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин махфий фармон билан қрим-татарларини Марказий Осиёнинг турли минтақаларига сургун қилишни талаб қилди. Сталиндан кейин Украина ССРга қайтарилган Қрим 2014 йили ноқонуний равишда аннексия қилиниши оқибатида Россия назоратига ўтди.
***
1944 йил 18 майдаги қрим-татарларининг бу мажбуран депортацияси жаҳон тарихидаги энг тез сургунлардан бири эди. Қрим-татарлари миллий ҳаракати маълумотларига кўра, Қримдан 250 мингга яқин одам депортация қилинган, уларнинг 86 фоиздан ортиғи аёллар ва болалардир. Қрим-татарларининг асосий қисми Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга юборилган. Депортациянинг биринчи йилларида Қрим-татар халқи умумий аҳолисининг 46,2 фоизини йўқотди.
Бунинг учун СССР Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги (НКВД) 32 мингдан ортиқ ҳарбийларни жалб қилган. НКВД ходимлари қрим-татарларининг уйларига кириб, уй эгаларига советларга хиёнат учун Қримдан чиқариб юборилаётганликларини эълон қилишди.
Қрим-татарлари юк машиналарида темир йўл вокзалларига олиб кетилган. У ердан шарққа одамлар билан гавжум 70 га яқин эшелон маҳкам ёпилган юк вагонлари жўнатилди. Кўчириш пайтида 8000 га яқин одам ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти болалар ва қариялар эди. Депортациядан кейин Қримда қолган барча мулк давлат томонидан ўзлаштирилди.
2015 йилда Украина Олий Радаси “1944 йилда Қрим-татар халқининг депортацияси”ни геноцид деб тан олди. 18 май Қрим-татар халқининг геноциди қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди.
Тарихий рақамлар кўзгуси
▪️ Қримдан 37046 оила (151 086 киши), Қозоғистонга 2426 оила (1 666 киши), Бошқирдистонга 284 оила, Якутияга 93 оила, Россиянинг Горкий вилоятига 679 оила (2 376 киши), Молотов (Пермь) вилоятига (10002 киши) 2342 оила, Свердловск – 902 оила (3 591 киши), Ивановога 157 оила (548 киши), Костромага 1957 оила (6 338 киши) ва Мари Республикасига 2291 оила (9 178 киши) депортация қилинди. Қрим-татарларининг аксарияти Ўзбекистонга юборилган.
▪️ 1944 йил 8 июнь – Ўзбекистон ССРга махсус кўчирилганлар билан сўнгги вагон етиб келди.
▪️ 1944 йил ёзи – Қрим-татарларининг Қизил Армия сафларидан демобилизацияси ва махсус аҳоли пунктларига юборилиши.
▪️ 1944 йилнинг май-ноябрь ойларида – Ўзбекистондаги касалликлар, очлик, иқлим шароити туфайли жуда кўп муҳожирлар ҳалок бўлди, уларнинг ўлими ҳатто туғилиш даражасидан ҳам ошиб кетди.
▪️1945 йил 8 январь – СССР Халқ Комиссарлари Кенгашининг қарори билан махсус кўчирилганларнинг ҳуқуқий мақоми, жумладан, Қрим-татарлари учун алоҳида чекловлар белгиланди.
▪️1948 йил 21 ноябрь – СССР Вазирлар Кенгаши ўз қарорида махсус контингент устидан назорат суст амалга оширилганлиги, бунинг натижасида махсус аҳоли пунктларидан кўп сонли қочишга йўл қўйилганлигини таъкидлади.
▪️1948 йил 26 ноябрь – СССР Қуролли Кучлари Президиумининг махсус турар-жойлардан қочиш учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги фармони чиқди. Қочқинлар 20 йиллик оғир меҳнат билан “мукофотланди”, уларни бошпана қилишда қатнашганлар эса 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қарорда таъкидланишича, депортация “абадий, аввалги яшаш жойларига қайтиш ҳуқуқисиз” амалга оширилган.
▪️1953 йил январь – 165 259 нафар қрим-татарлари махсус комендатураларда рўйхатга олинган.
▪️1954 йил июль – 16 ёшгача бўлган болалар рўйхатдан чиқарилди. Вояга етганлар махсус кўчирилганлар бўлиб қолдилар, аммо республика ичида ҳаракатланиш эркинлигига қўйилган чекловлар олиб ташланди.
▪️1956 йил 28 апрель – Қрим-татарлар кўчириш пайтида мусодара қилинган мол-мулкини қайтармасдан ва Қримга қайтиш ҳуқуқисиз махсус кучлар сафидан озод қилинди. Бу эса сургун қилинган жойларда одамларнинг ҳаётини енгиллаштирган бўлса-да, улардан хиёнат айбловини олиб ташламади, халқ сифатида уларга ҳеч нарса бермади.
▪️1956 йил 15 декабрь – Запорожье, Одесса, Херсон, Николаев, Қрим ва Запорожье вилоятларида яшашни тақиқладилар. Истисно тариқасида, 1967 йилнинг охиригача атиги 27 нафар қрим-татар рўйхатга олинган.
***
Таниқли ўзбек шоири Рауф Парфи бир пайтлар қрим татарларининг дарду-ҳасратларини ифода этган “Қрим хаёллари” деган туркум ёзган.
“Ўшанда мени “қрим-татар шоири” дейишарди. Акаларимиз, дўстларимизга айтаман: оғзаки маъқуллашади, лекин имзо чекишмайди. Қўрқинчли пайтлар эди. Жуда махфий суратда ишлардик. Қўлга тушган қамаларди. Сталинчилик ёмон экан-да. Бутун бошли миллатни “сотқин” деб юртидан қувса – бу нима деган гап? Халқларга: “Сен – қолоқсан, сен – сотқинсан, ўрис эса – улуғ” деб уқтириб, уларни бир-бирига гиж-гижлаб қўйиш жуда қадимдан бошланган. Қрим-татар халқи ана шунинг жабрини тортди. Ўзбеклар тортмадими? Бутун бошли турк миллатини парчалаб ташлашди-ку? Бундай шароитда, заҳарлар остида кучли адиб, кучли олим ва шоир етишмайди. Меҳнат қиладиган, тилсиз қуллар туғилаверади. Қрим-татарлари ўша пайтда мана шуларнинг ҳаммасига қарши чиқишган. Шу боисдан мен улар орасида бўлганман”, деган эди Рауф Парфи.
Кўкка етди соғинч дарахти,
Йиғла, Қрим, йиғла энди, кўк.
Не бўлмоқда, одамлар, айтинг –
Қрим бор-у, қримликлар йўқ.
Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир. Қандайин ҳолат –
Қрим бор-у, қримликлар йўқ.
***
Афсуски, бугун ҳам Қрим ва қримликларнинг ҳолига ҳавас қилиб бўлмайди. Россиянинг босқини туфайли ярим оролдаги татар қардошларимиз бошига яна саргардонлик тушган.
Рус қироличаси Екатерина давридан бери ўз ватанида қолиш учун курашаётган қрим-татар турк халқининг ҳозирги раҳбари Мустафо Абдулжамил Қримўғли ва бу жафокаш миллатнинг бошқа кўплаб таниқли намояндалари бугун ўз ватанларидан сургун қилинган. Кўпгина исмлар, айниқса Қримўғлининг Россия томонидан Қримга кириши тақиқланди.
Нафақат фаоллар, балки қрим-татарларининг иродасини ифодаловчи Қрим-татар Миллий Мажлиси ҳам Россия суди томонидан “экстремистик ташкилот” деб топилди ва фаолияти тугатилди.
Россия ярим оролни ноқонуний равишда аннексия қилганидан сўнг кўплаб қрим-татарлари ўз ватанларини тарк этишга мажбур бўлди.
Бу курашни халқаро майдонда дипломатик йўл билан давом эттираётган Украинада яшаётган қрим-татарлари, Россиянинг Украинада бошлаган уруши туфайли ҳозир таҳдид остида.
Россия армиясининг ҳужумларидан хавотирланган Украинадаги кўплаб қрим-татар турклари ўз юртларини тарк этиб, Туркия ва бошқа мамлакатларда яшашга мажбур бўлди.
Ватанидан айро ҳолда, ғарибликда вафот этган қардошларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири