Мана, таътиллар тугаб, янги ўқув йили бошланди. Бу дегани яна автобус ва метрода тирбандлик... Хуллас, жараён бошланди.
Автомобиллар масаласи ҳамиша кенг муҳокама қилинадиган мавзу. Ҳали нархи, ҳали тонировка, ҳали ёқилғи. Автомобилда икки ё уч йўловчи ҳаракатланади. Аҳолининг асосий қисми оммавий транспортларда ҳаракат қилади. Шаҳарларда автобус, бир йўналишли такси, вилоятларда дамаслар хизмати йўлга қўйилган. Ёзнинг жазирамасида бирорта автобусга кондиционер ўрнатилгани ё тонировка қилингани ҳақида эшитмадик. Айрим автобусларда парда тутилган, холос.
Йўловчи-ку манзилига етиб тушиб қолади. Кун бўйи одам ташиган ҳайдовчи ва чиптачилар кечга бориб, ҳолсизланиб қолганига кўп гувоҳ бўлдик. Йўналишли таксилар ўнта ёки ўн икки одамга мўлжалланган. Эрталаб ва кечки пайт йўловчилар тик туриб ёки қўшимча ўриндиқларда кетишга мажбур. Бунда кўпчилик ҳайдовчиларни айблайди. Аслида йўловчи кўп. Эрта тонгда илк йўловчилар фаррошлар бўлади. Улар бошқалар ўқиш-ишга боргунча ҳамма ёқни чинни чироқ қилиб қўяди. Улар баъзида маршрут таксиларида тик туриб ишга келишганини билдиради. Бу менимча шаҳарга кириб келадиган йўналишлар бўлса керак. Ундан кейин талаба ва ишчилар бекатларни тўлдиради. Автобусларнинг эшиги зўрға ёпилиб, илдамлайди.
Пандемия даврида автобуслар сони кўпайтирилади, деганда ҳам, ҳали ҳам йўовчи кўп. Ўтган йили баъзи йўналишларга ўзгартириш киритилди, қўшимча автобуслар қўйилди. Бироқ куннинг тиғиз пайти ҳолат ўзгаргани йўқ. Бу масала метрода ҳам шундай –эрталаб ва кечки пайтлар одам гавжум. Ҳамма дуч келган эшикка ўзини уради. Бунақа пайт доим қизлар ва аёллар қийналади. Ўтган йили метрода вояга етмаган қизга номаъқул ҳаракат қилган одам камерага тушиб қолгани кенг муҳокама бўлганди. Камерага тушмай қолаётган, аёл-қизлар уялиб ошкор қилмаётган ҳолатлар ҳам бор. Шунинг учун аёл кирадиган ва эркаклар кирадиган эшиклар устига ёзиб қўйилиб, ҳамма ўз эшигидан кирса. Вояга етмаган болалар отаси ёки онаси етовида бўлса уларнинг эшигидан чиқиб-тушса.
Яқинда автобус чипталарида яхши огоҳлантириш ўқидим. Кимдир номаъқул ҳаракат қилса, ҳайдовчи ёки чиптачига маълум қилинг, ҳимоянгиз таъминланади, деган ёзувлар пайдо бўпти. Хурсанд бўлдим. Узун автобуснинг орқа эшигидан чиққан талаба қизнинг овози ҳайдовчига ҳам, чиптачига ҳам етиб бормайди. Кейин уялиб, ўзини ўзи ҳимоя қилади – ё автобусдан тушиб қолади, ё бошқа жой топади. Номаъқул ҳаракат қилган одам беҳаёларча ўшшаяди. Бундай ҳолга кўп гувоҳ бўлганимдан ёзяпман. Кўпинча талаба қизларга атай туртинишади. Тўғри, қизларни айблаймиз, очиқ кийинади, сочини ёйиб чиқади, деймиз. Бу ҳаракатлар баъзан қизалоқлар ва катта аёлларга нисбатан ҳам содир бўляпти. Шунинг учун аёллар ҳимояси учун қайсидир эшикни хотин-қизлар чиқиб-тушиш эшиги қилинса, яхши бўлар эди.
Йўналишли таксиларда эркаклар орқа ўриндиқ, аёллар эшикка яқин ўриндиқларни эгалласа, ўз-ўзидан йўловчи маданияти шаклланади. Бўлмаса, ўзимизнинг сингиллар, опалар қийналяпти. Бу масалада барча эркакларни айбламайман. Лекин кўп кузатаман-да, умуман бошқа тарафга қараб туриб олиб, ёмон ҳаракат қилаётган кишиларни. Ҳатто танбеҳ берганман. Қизларни тортиб ёнимга олганман.
Сўзни янги ўқув йили бошланишидан бошлаган эдим. Барча йўловчиларга инсоф ва сабот тилайман.
Манзура Шамс