Маълумки, инсон ҳаёти давомида яхши ва ёмон тушлар кўради. Яхши тушлар Аллоҳдан, ёмон тушлар эса шайтондандир. Яхши тушлар инсоннинг кайфиятини кўтаради, руҳини тетик қилади. Ёмон тушлар эса аксинча, инсоннинг руҳини туширади, кайфиятини бузади. Инсон яхши туш кўрса, бировдан унинг таъбирини сўрайди, бошқа бировга айтади.
Аммо ёмон туш кўрса нима қилиш керак?
Ёмон туш кўрган киши тушини бошқа бировга айтишдан тийилиши ва ёмон тушнинг зараридан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш лозим.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Бирортангиз ёмон туш кўрса, шайтон у билан ўйин қилганини одамларга айтмасин” (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).
Ва яна бошқа ҳадисда эса:
“Солиҳ (рост) туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондандир. Бас, қачонки, бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, ёмон туш кўрсак, чап томонга туфлаб, тушни бошқа бировларга айтиб юрмаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон тушнинг зараридан Ўз паноҳида асрасин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/5915-сонли рухсати билан чоп этилди.