Япония ҳукумати яқинда кунларда ўз ороллари сонини қайтадан ҳисоблаб чиқди ва улар илгари тахмин қилинганидан 7000 га кўп эканлигини аниқлади.
Яқинда мамлакатдаги Геоҳудудий Ахборот Бошқармаси (GSI) томонидан рақамли хариталаш Японияда 14 125 орол борлигини аниқлади, бу 1987 йилда Япония қирғоқ хавфсизлиги ҳисоботи эълон қилингандан бери расмий равишда фойдаланилган 6 852 оролдан икки баравар кўп.
Бироқ, бу ҳафта GSI'нинг таъкидлашича, янги кўрсаткич геодезия технологиясидаги ютуқларни ва ҳисоблаш учун ишлатиладиган хариталарни такомиллаштиришни акс эттиради. Аммо бу Япония эгалик қилиб келаётган ҳудуднинг умумий майдонини ўзгартирмайди.
Агентлик маълумотида айтилишича, оролларни ҳисоблаш бўйича халқаро келишув мавжуд бўлмаса-да, 35 йил олдин қўлланилган мезондан фойдаланилган.
Бу услуб диаметри камида 100 метр бўлган барча табиий қуруқликларни ҳисоблашни талаб қилади.
Янги ороллар таркибига сунъий равишда мелиорация қилинган ерлар кирмайди. Японияни ўраб турган ороллар бир қанча ҳудудий низолар марказида бўлган. Япония ўзининг шимолий ҳудудлари деб ҳисоблайдиган, Россиянинг жанубий Курил оролларига даъво қилади. Бу тортишув Иккинчи Жаҳон уруши охирида, Совет қўшинлари уларни Япониядан тортиб олган пайтдан бошланган.
Япония, шунингдек, Шарқий-Хитой денгизидаги, ҳозирда ўзи бошқараётган, одамлар томонидан ўзлаштирилмаган Сэнкаку оролларига даъвоси борлигини таъкидлаб келади, бироқ Хитой бу даъволарга бир неча бор эътироз билдирган.
Шу билан бирга, Япония ва Жанубий Корея Япония денгизида Сеул яқинидаги Докдо ва Токио яқинидаги Такесима деб номланувчи ороллар жамланмасининг суверенитети бўйича 70 йилдан зиёд баҳслашиб келади.