Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

  Ямандаги фуқаролар уруши тугай дейдими?  

1506

Бир кун жанжал чиққан жойда қирқ кун барака қочади, дейди улуғларимиз. Арабистон ярим оролида жойлашган қадимий Яман давлатида қарийб ўн йилдан бери давом этаётган уруш кўплаб инсонларнинг ёстиғини қуритди, уй-жойидан айирди, очлик ва турли уқубатларга дучор қилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Яманда ҳукумат ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланган хусийлар ўртасида 2014 йилдан бери давом этаётган фуқаролик урушидан энг кўп болалар ва аёллар зарар кўрмоқда.  

Араб баҳорининг давоми сифатида Яманда 2011 йил январь ойида бошланган воқеалар фуқаролар урушининг бошланишига туртки берди. 2014 – 2015 йиллар ушбу урушда муҳим бурилиш даври бўлди, чунки Ямандаги вазият янада мураккаблашиб, жараёнга Эрон ва Саудия Арабистони ҳам жалб қилинди. 

Ансоруллоҳ” номи билан ҳам танилган ва шиаликнинг Зайдия оқимига мансуб хусийлар 2014 йил сентябрида пойтахт Санони эгаллаб олганди. Шундан сўнг Саудия Арабистони томони хусийларни Эрон давлати қўллаб-қувватлаётганини даъво қила бошлади.  

2015 йилга келиб хусийлар бошлаган норозилик намойишлари давлат муассасаларини назорат қилиш босқичига етди. Шунга асосланиб, ўша пайтдаги президент Абдураббу Мансур Ҳодий 2015 йил 25 март куни БМТга мактуб йўллаб, хусийларнинг бу ҳаракати давлат тўнтариши экани, бу ҳолат БМТнинг резолюцияси ва Араб Лигаси келишувларига зид эканини таъкидлади. Ҳодий БМТдан урушни тўхтатишга тайёр давлатлар томонидан ҳарбий аралашувга рухсат берувчи қарор қабул қилишни сўради.

Шундан сўнг Саудия Арабистони бошчилигидаги 10 давлатдан иборат коалиция 2015 йил 26 март куни Яманда хусийларга қарши ҳарбий операция бошлади. Шундай қилиб, Ямандаги воқеалар фуқаролар уруши доирасидан чиқиб кетди ва Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги энг муҳим прокси урушлардан бирига айланди.  

Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази президенти, профессор Аҳмад Уйсал ҳамда Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ижтимоий тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Риад Домазетилар Онадўли ахборот агентлигига Ямандаги фуқаролар урушининг болалар ва аёлларга таъсири ҳақида гапириб берди.
Уйсал Яманнинг 2011 йили араб баҳори даврида сиёсий ва иқтисодий инқирозга тортилганини, қўзғолоннинг фуқаролар урушига айланиб кетганини ва хусийларнинг 2014 йилда кўплаб шаҳарларни қўлга киритганини таъкидлади. 

Хусийлар мамлакат ҳудудининг 20 фоизини назорат қилса-да, бу ерда 80 фоиз аҳоли яшайди. Умуман, Ямандаги аҳолининг 40 фоизини шиалар ташкил этади ва улар доимий равишда эронликлар томонидан қўллаб-қувватланиб келинади.

Хусийлар 2014 йилда мамлакат пойтахти Санани қўлга киритгач, Яман ҳукумати Араб Лигасидан ёрдам сўраган ва Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси 2015 йилда хусийларга қарши “Ҳал қилувчи бўрон” номли ҳарбий операциясини бошлаган эди. 

"Бугун биз сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан тарқоқ , турли минтақаларида турфа кучлар ҳукмронлик қилаётган Яман ҳақида гапиришимиз мумкин. Мамлакатда Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги ҳокимият учун кураш давом этар экан, Ямандаги ички динамика урушнинг баттар оловланишига сабаб бўляпти”, дейди Уйсал.   

Профессор томонларнинг ҳарбий нишонларни аниқ йўналтирилмаган ҳужумлар уюштиргани сабабли Яманда тинч аҳолининг қурбон бўлиши бошқа инқироз ва тўқнашув зоналарига қараганда кўпроқ кузатилаётганига диққат қаратди, Яман ҳукумати ва хусийларнинг ҳужумларида жамоат жойлари ва тинч аҳоли пунктларини нишонга олганликларини айтди.

Расмий маълумотларга қараганда, Яманда 2014 йилдан буён 400 мингга яқин тинч аҳолининг ҳалок бўлган. 

“Уришаётган томонларнинг аҳоли пунктлари, шифохоналар, почта бўлимлари, мактаблар ва бошқа ҳарбий бўлмаган манзилларга уюштирган ҳужумлари натижасида тўрт ярим миллион яманлик мамлакат ичида қочқинга айланди ва тахминан 21 миллион 600 минг киши шошилинч инсонпарварлик ёрдамига муҳтож”, деди Уйсал. 

Унинг айтишича, 23 минг бола уруш сабабли ҳалок бўлган ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолган. Яманда ҳатто ўн минглаб ўлим рўйхатга ҳам олинмаган. 

БМТ томонидан 2023 йилда эълон қилинган Яман ҳисоботига кўра, мамлакатда 12 миллион 600 минг аёл инсонпарварлик ёрдамидан мосуво, уларнинг оддий инсоний эҳтиёжларини қондириш имконияти чекланган ёки умуман йўқ. Уйсал Ямандаги ўзаро урушаётган томонлар аёллар, болалар, кексалар ва ногиронлар каби ночор гуруҳларга нисбатан ижобий дискриминацияни қўлламаганликларини тилга олди.

"Таъкидлаш жоизки, мамлакатдаги фуқаролар урушидан энг кўп аёллар, болалар ва ногиронлар жабр кўряпти. Аёллар турмушга чиқишга мажбурланмоқда, инсон қадр-қимматига путур етказувчи ҳаракатларга дучор қилиняпти, болалар урушга ҳам жалб этилмоқда. Хусийлар ҳам, ҳукумат қўшинлари ҳам болалардан фаол фойдаланмоқда".
 

БМТнинг дунёнинг энг оғир гуманитар инқирози деб таърифлаган Яманда тинч аҳолининг учдан икки қисми очарчилик ёқасида кун кечиряпти.

"БМТнинг халқаро озиқ-овқат дастурлари ва бошқа хайрия ташкилотларининг очарчиликни олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлари давом этаётган бўлса-да, мамлакатнинг деярли 22 млн аҳолиси шошилинч инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда, айниқса, хусийлар ҳукмрон бўлган ҳудудларда, Тоиз, Ҳудайда ва Марибда очарчилик жуда ҳам кучайган”, дейди профессор. 

"Яманликлар ҳибсга олинмоқда ва қийноққа солиняпти" 

Доктор Риад Домазети тинч аҳолининг мамлакат ичида ҳаракатланганда назорат пунктларида полиция томонидан ўзбошимчалик билан қийноқ ва таҳқирларга дучор бўлаётгани ҳақида гапирди: 

"Яманликлар назорат пунктларида ҳеч қандай сабабсиз соатлаб кутиш билан чекланиб қолмай, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинмоқда. Ҳимоясиз ҳибсга олинган фуқаролар қийноқ марказларига олиб кетилиб, турли қийноқларга солинмоқда. Урушаётган гуруҳлар комиссия ёки солиқ номи билан фуқаро мулкини ўзлаштиришлари мумкин”, деди мутахассис.

Домазети Ямандаги тўқнашувлар туфайли 4 миллион 300 минг кишининг кўчирилганини ва асосий хизматлардан фойдаланиш имкони бўлмаган лагерларда қолаётганини билдирди.

"Яманда кўчирилганлар сонининг ортиши билан бир вақтда одам савдоси ва бошқа шунга ўхшаш муаммолар ҳам пайдо бўлди. Аҳоли бир неча бор мамлакат ичида бир ердан иккинчи ё учинчи ва ҳатто тўртинчи жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлишяпти. Чодирлардан ташкил топган лагерлар гигиена, озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш хизматларининг етарли даражада ташкил этилмагани яна бир муаммо. Урушдан олдин икки миллиондан ошмаган Мариб аҳолиси уруш давридаги ички миграция туфайли уч миллиондан ошиб кетди ва охирги можаролар бу ерда катта гуманитар инқирозга сабаб бўлди", дейди у. 

Домазети Ямандаги энг катта муаммо ўлкага хорижлик жангариларнинг келтирилгани эканлигига диққат қаратиб, жумладан шундай деди:

“Яман де-факто камида учта автоном ҳудудга бўлинган. Хитой, Россия ва АҚШ каби глобал кучларнинг мамлакатда гегемонлик учун кураши, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги минтақавий рақобат, Форс кўрфази ичидаги сиёсий кураш Ямандаги гуманитар вазият ва иқтисодий инқирозни янада оғирлаштирди”.

Домазети Covid-19 эпидемияси ва Россия-Украина уруши боис Яманга дон ташишнинг узилиши мамлакатдаги очарчиликни кучайтирганини, ҳозирда аҳолининг 80 фоизи очлик чегарасида яшаётганини таъкидлади. 

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг аксарияти тўқнашувлар сабаб яроқсиз ҳолга келган.

БМТ маълумотларига кўра, тахминан 25 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда ҳозирда 20 миллиондан ортиқ одам гуманитар ёрдамга, уларнинг 10 миллиондан ортиғи эса шошилинч ёрдамга муҳтож. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи асосий эҳтиёжлари учун тоза сувга эга эмас.

Домазети бу давлатда болалар оғир меҳнатга жалб қилингани, умуман, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, 5-17 ёшли болалар иқтисодий инқироз туфайли кундалик ишларни қилиб, рўзғорга ҳисса қўшаётганини билдирди. 

Ямандаги уруш таълим тизимига ҳам қаттиқ зарба берган.

"Маълумки, бу ерда миллионлаб болалар мактабга боролмайди ва уларнинг аксарияти фронтларда жанг қилмоқда. 1600 мактаб яроқсиз ҳолга келган, 2 миллион бола таълим ололмаяпти. Минглаб болалардан, айниқса, хусийлар олдинги сафларда фойдаланилмоқда. Можароларда 14 ёшгача бўлганларнинг 43 фоизи фаол қатнашяпти", дейди Домазетти. 

Ямандаги вазият фақат ички кучларнинг келишувига эмас, балки асосан ташқаридан туриб ушбу урушга аралашаётган томонларнинг муросасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. 

Шу йилнинг 10 март куни Хитой мезбонлик қилган йиғилишда Эрон ва Саудия Арабистони 7 йиллик танаффусдан сўнг ўзаро дипломатик муносабатларни тиклашга қарор қилди. Аслини олганда, икки давлат ўртасидаги музокаралар 2021 йил апрель ойида Ироқ ва Уммон воситачилигида бошланган. Беш босқичда ўтказилган музокараларнинг ижобий якунланишига ҳар икки давлат фаол равишда қўллаган Яман инқирози тўсиқ бўлиб келди. 

Эрон ва Саудия Арабистони Ямандаги можаронинг асосий иштирокчилари эмас, улар урушни чуқурлаштираётган ташқи кучлардир. Шу боис, Эрон ва Саудия Арабистонининг ярашуви Яманда тинчлик ўрнатилишига умид бермоқда.

Умид қиламизки, жафокаш яманликлар учун осойишта кунлар яқин... 

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага