Европа Иттифоқи раҳбарияти ушбу мамлакатда тизимли коррупция хавфи ва ЕИ маблағларидан нотўғри фойдаланиш туфайли Венгрияга ёрдам ажратишни тўхтатишга қарор қилди. Брюссел бу камчиликлар бартараф этилмагунча ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмагунча Будапешт учун мўлжалланган бирлашиш фондларидан 7,5 миллиард евро миқдоридаги маблағни музлатиб қўйишни ва пандемиядан кейинги тикланиш учун унга 5.8 миллиард евро ажратишни тавсия қилди.
Европа Иттифоқи бюджети бўйича Европа комиссари Венгрияни тўлиқ молиялаштиришни давом эттириш бу бюджетга хавф туғдиришини айтди:
Венгрия, афсуски, аҳволни ўнглаш чораларини кўрмади, шунинг учун биз аниқлаган хавф йўқолди деб айта олмаймиз. Шунинг учун бюджетни ҳимоя қилиш чоралари бўйича таклифимиз ўз кучини сақлаб қолади, деган Европа Иттифоқи бюджет комиссари Йоханнес Хан
Маблағлар 27 та шарт, жумладан, коррупцияга қарши курашни кучайтириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бажарилган тақдирдагина қайта берилиши мумкин.
Венгрия мухолифатидан Европарламент депутати Европа Комиссиясининг қарорини олқишлайди ва аъзо давлатлар уни тез орада маъқуллашини кутади:
“Сўнгги ўн йил ичида Венгрияга миллиардлаб евро келган, аммо соғлиқни сақлаш ва таълим ўн йил аввалгидан ҳам ёмонроқ. Мамлакатнинг рақобатбардошлиги ошгани йўқ, чунки бу маблағларнинг барчаси уч-тўртта олигархга кетган. Энди Европа Комиссиясининг қарори туфайли биз бу жараённи тўхтата оламиз”, дейди Европа парламенти аъзоси Клара Добрев.
Европа Иттифоқи молия вазирлари ушбу қарорни 19 декабрга қадар кўпчилик овоз билан тасдиқлаши мумкин. Уларнинг овоз бериш вақти Венгрия қарши бўлган яна иккита масала – Украинага қўшимча маблағ ажратиш ва глобал корпоратив солиқ келишувига тўсқинлик қилмаслик учун белгиланади.