Кеча, 27 март куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Элчихонаси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто, иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Над, шунингдек, кенг жамоатчилик, сиёсий, ишбилармон доиралар вакиллари, маҳаллий ОAВ ходимлари иштирок этишди. Ўзбекистондан борган санъат усталарининг куй ва қўшиқлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Бахтиёр Саидов ўз нутқида мамлакатимиз очиқ, прагматик, тинчликсевар ташқи сиёсат юритаётгани, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ривожланиб бораётгани, хусусан, Венгрия билан ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, Петер Сийярто Ўзбекистон Элчихонасининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатининг ёрқин тасдиғи эканини, Элчихона фаолияти ўзаро ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатларни ҳар жиҳатдан бойитишга хизмат қилишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари фаол тараққий этиб, мутлақо янги суръат касб этмоқда. Вақт синовидан ўтган дўстона муносабатлар бугун стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Халқларимиз асрлар оша узвий тарихий алоқаларга эга бўлиб, мустаҳкам дўстлик ва маданий ҳамкорлик ришталарини сақлаб келмоқда. Икки томонлама амалий ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол ҳамкорлик натижасида янада кенгаймоқда. Шу ўринда БМТ ва ЙХҲТ билан бир қаторда Туркий давлатлар ташкилотини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.
Элчихона биноси Будапешт шаҳрининг марказий ҳудудида жойлашган бўлиб, кўҳна ва замонавий архитектура уйғунлигини ўзида мужассам этган.