(Танловга келган мақола)
Остонаси тилло деган сўз қандай пайдо бўлган? Менимча Ватанга нисбатан айтилган. Остонада ишдан қайтишимизни кутаётган ота-онамиз, оиламиз. Шунинг учун тиллога тенг.
Ватан! Сенинг бағрингда кўкларга парвоз қиламиз. Ўтмишингдан сабоқ оламиз. Шонли тарихингни эса буюклар тимсолида кўрамиз. Бахтли диёрсан сен!
Фаслларинг ўз ўрнида, ҳар бирининг гашти бор. Қара, томоғимни қитиқлайди меваларинг шираси. Хирмонингдан тўлади чумолингнинг ини ҳам.
Бетакрор обидаларинг мозийдан садо бераётгандек. Бағрингдаги қадамжоларни кўриш учун етти иқлимдан келишади.
Ватаннинг ҳиди, тоти, товуши бор, десам ишонасизми?
Онам эрта тонгда ёпган нонда, гулу райҳонларда Ватан ҳиди бор.
Боғларда ғарқ пишган анору олмалар, қуёш нурига тўйинган анжиру узумларда Ватан мазаси бор.
Кимлардир қуёш чиқишини кўриш учун қайси минораларни, чўққиларни забт этса, мен қуёшдан олдин азон товуши билан уйғонаман. Мана шу товуш менга Ватан товуши бўлиб эшитилади.
Дунёнинг қайсидир бурчида ўқлар товуши эшитиларкан, оналар боласининг эртасидан хавотирда бедор экан, мен кунимиз учун Аллоҳга шукрона келтираман. Ҳаловатим ва хаёлимни ўғирлайди олис юртлар таҳликаси.
Шунда баъзилар киноя қилганидек эмас, чин дилдан “Осмонимиз мусаффо бўлсин!” дейман.
Аббос Хуррамов
Танлов шартлари