Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон хорижий давлатлардан қиймати 3,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 698 тонна қаҳва импорт қилган.
Қаҳва импорти 2022 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 57,7 тоннага камайган.
2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистонга импорт қилинган қаҳванинг энг катта улушига эга бўлган давлатлар:
— Россия – 283 тонна
— Малайзия – 218 тонна
— Индонезия – 70 тонна
— Италия – 33 тонна
— Бразилия – 27 тонна
— БАА – 26 тонна
— Германия – 14 тонна.
Қаҳва ўсимлиги 80 дан ортиқ давлатда ўсади, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам катта миқёсда ишлаб чиқармайди. 30 га яқин давлат фақат ички истеъмол учун етиштиради. Шунга қарамай, қолган 50 та давлатнинг экспорт ҳажми шунчалик каттаки, у пул айланмаси бўйича нефтдан кейин иккинчи ўринда туради.
Қаҳва ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг энг яхши 10 талиги бир хил. Маҳаллий аҳолининг маҳсулотга бўлган талабига қарамай, у кўпчилик давлатлар иқтисодиёти учун муҳим товар ҳисобланади.
Қизиқ, дунёда энг кўп қаҳва етиштирувчи давлат – Бразилиядан кўра қаҳва умуман ўсмайдиган Россиядан бу маҳсулотни кўпроқ сотиб оламиз. Фарқ 10 баравардан кўп.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Россияда қаҳванинг кўп қисми Россия компаниялари томонидан ишлаб чиқарилади ва қайта ишланади. Мамлакат асосан хом яшил қаҳвани олади, уларнинг тахминан 50% робуста, 40%ини арабика навлари ташкил этади.
Россияга қаҳва асосан Бразилия, Ветнам, Ҳиндистон ва Колумбиядан олиб келинади.