UNICEF томонидан ёшлар ўртасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда компьютер саводхонлиги бўлмаган қизлар улуши 43,5 фоизни, ўғил болалар орасида эса 30 фоизни ташкил қилади. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ва ёш аёлларнинг 68 фоизи эса умуман интернетдан фойдаланмаган.
«Албатта, бу уларнинг таълим олиш ва меҳнат бозоридаги салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини сезиларли даражада камайтиради», – дейилади хабарда.
Маълумки, 2019 йилда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасига старт берилган эди. Лойиҳа мақсади ва ташкил этилишини ижобий баҳолаган ҳолда айтиш мумкинки, ёшларнинг қарийб тенг ярмида компьютер саводхонлиги бўйича билимлар етарли бўлмаган ҳолда профессионал дастурчилар сонини миллионга етказиш лойиҳасини амалга оширишдан аввал барча ёшларда компьютер технологияси бўйича бошланғич билимларни шакллантириш тўғрисида бош қотирилса, яхши бўларди. Зеро, 68 фоиз қизларнинг интернетдан умуман фойдаланмагани уларнинг ривожланиши ва тафаккурига салбий таъсир кўрсатмаса-да, замонавий касблар ва технологиялардан ортда қолишига сабаб бўлиши мумкин.