Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг таклифига биноан ташриф билан Анқара шаҳрига келди.
Эсенбоға халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Туркия ҳукумати вакиллари ва Анқара музофоти раҳбарияти кутиб олди.
3 июн, шанба куни Анқарадаги Туркия парламенти биносида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг қасамёд қилиш ва инаугурациясининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари мазкур маросимда иштирок этди.
Инаугурация маросими иштирокчилари орасида дунёнинг 78 давлати вакиллари, жумладан, 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари бор эди.