Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

1429

 Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Матбуот ва нашриёт профессионал уюшмаси ташаббуси билан “8-Халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари” номли амалий анжуман бўлиб ўтяпти. 

Ромий кутубхонасида ўтказилаётган бу йилги тадбирга 66 давлатдан 214 та нашриёт вакиллари келган, 196 нашриёт эса оналайн тарзда иштирок этмоқда. Аслида март ойида бўлиб ўтиши керак бўлган ушбу тадбир 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида юз берган зилзила туфайли кечиктирилган эди. Қувонарлиси Ўзбекистондан ҳам бир қатор нашриётлар Истанбулга етиб келган. Бу йил ушбу фестивалнинг асосий диққат марказида Ўзбекистон бўлиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид Azon.uz сайтига махсус интервью берди.

“Биз азалдан қон-қардош ўлкалармиз. Сўнги олти йил ичида алоқаларимиз кучайиб, янада мустаҳкамланиб бораётганидан хурсандмиз. Охирги йилларда турк адибларининг кўплаб асарлари таржима қилиниб, китобхонларимиз эътиборига ҳавола қилинмоқда. Қувонарлиси, турк ёзувчи ва шоирларининг асарлари ўзбек китобхонлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиняпти. 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжоннинг пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдли тўплам нашр этиш таклифи илгари сурилган эди. Унда ҳар бир туркий халқларнинг шоир ва ёзувчилари қаламига мансуб энг сара асарларни ташкилотга аъзо ҳар бир давлатда чоп этиш кўзда тутилганди. Эътиборлиси мазкур хайрли иш Ўзбекистон томонидан биринчи бўлиб бажарилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда АОКА томонидан тайёрланган тўплам ўтган йилнинг ноябрь ойида китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди.
Мазкур тўпламга умумтуркий адабиётнинг қадимги даврларда то ХХI асрнинг шу кунларига қадар яратилган сара намуналари, яъни Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.
Ушбу адабий хазина туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳа сифатида айниқса қадрлидир. 
Мажмуада турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман ижодиётига ҳам кенг ўрин ажратилган. Жумладан, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Нозим Ҳикмат, Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Самад Вурғун, Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Махтумқули, Мулланафас, Отажон Тоғон каби мумтоз ва замонавий адабиётнинг 100 дан ортиқ намояндлари қаламига мансуб ноёб мерос жамланган. Арон Ярош ва таниқли венгер адибларининг машҳур асарлари якунловчи жилд сифатида тақдим этилган.
“Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами жами 1010 нафар муаллифни қамраб олган ва уни тайёрлашда 50 нафарга яқин адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир, рассомлар 200 дан зиёд таржимон қатнашди.
Умуман олганда бугунги каби тадбирлар нафақат нашриётларни, балки элларни, миллатларни, давлатларни бирлаштиради”, дейди Ғайрат Мажид.

“Азон китоблари” нашриёти ҳам кўп йиллардан бери дунёнинг бир қатор мамлакатларидаги нашриётлар билан тўғридан тўғри алоқа қилиб келади. Бу борада туркиялик муаллифларнинг алоҳида ўрни бор.

“Азон китоблари” директори Нўъмон Абдулмажид ҳам аввалдан келишилган нашриёт вакиллари билан учрашиб, уларда чоп этилган китобларнинг ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этиш масалалари ҳал этилмоқда. Шу билан бирга “Азон китоблари”да нашр қилинган китобларни хорижий тилларга таржима қилиб, чет эллик китобхонларга етказиш масаласи ҳам муҳокама қилиняпти. 

Тадбир иштирокчилари Ромий кутубхонасида зиёратчиларга тақдим этилган “Муқаддас Рисолат қўлёзма мушаф кўргазмаси”ни зиёрат қилдилар ва Қуръони Каримнинг тарихий нусхаларини кўздан кечирдилар. 

Дарвоқе, Ромий кутубхонаси ҳақида. XVIII асрнинг ўрталарида ҳарбий казарма сифатида қурилган мазкур мажмуа қайта реставрация қилиниб, жорий йилнинг январь ойида фойдаланишга топширилган эди. Кутубхонада фойдаланувчилар учун 4200 ўриндиқ ва 2 миллиондан зиёд 40 тилдаги китоблар бор. Кутубхона 36 минг кв/м ёпиқ майдонга эга. Шу жиҳатлари билан дунёнинг учинчи энг катта кутубхонаси саналади. 51 минг кв/м яшил майдонга эга бўлгани жиҳатидан эса дунёда биринчи ўринда туради. Ҳатто уч ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бўлим ҳам бор бўлиб, унда 10 мингга яқин китоб ва кўргазмали материаллар мавжуд.

“8-Халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари”га қайтадиган бўлсак, мазкур тадбир давомида Ўзекистон ҳунармандлари уюшмаси томонидан ташкил этилган кўргазма ҳам иштирокчиларда катта таассурот уйғотмоқда.

Абдулазиз Муборак,
Фарҳод Тоҳир (фото)
Azon.uz мухбирлари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага