Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ўзбекча инновация» ёхуд талабанинг иши таълим олиш(ми?)

2236

Қоида бўйича ўқув йили сентябрь ойи аввалида бошланиши керак. 2 сентябрь – билимлар куни сифатида расман ўқув йилининг биринчи куни ҳисобланади. Шу кундан эътиборан барча таълим муассасалари (мактаб, лицей, коллеж, олий таълим даргоҳлари) да дарслар бошланиши керак. Лекин атрофимизда акс этаётган ҳолат ушбу қоидаларни инкор қилаётгандек...

Хуллас, биз мисол келтирадиган олий таълим муассасида ҳам ўқув йили бошланган. Янги келганлар (биринчи курслар ва ўқишини бошқа жойдан кўчирганлар) учун журналлар юритиш бошланган. Ташқаридан қараганда ҳаммаси жойида. Бироқ муаммолар ҳам етарли. Хусусан, талабалар учун хона етишмаслиги айрим ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Кимлардир бўш хона излаб дарснинг ярмини «изқуварлик»да ўтказаётган бўлса, яна кимдир уйга кетишни маъқул кўряпти. Бунинг ечими сифатида айрим фанлар онлайн тарзда ўтилиши белгиланди. Тўғри, онлайн таълим бу замонавийликка интилиш, жаҳон тажрибасидан андоза олиш дея баҳоланар, балки. Лекин биздаги масофавий таълим сифати пандемия даврида сезилиб қолди. Ўз вақтида онлайн ўқиш учун овоз берган талабалар кейинчалик анъанавий таълим шаклида ўқиш орқали кўпроқ билим эгаллаш мумкинлигига амин бўлишди. Шу сабабдан ҳам хона етишмаганлиги учун дарсларнинг онлайн шаклда ўтилиши фақатгина зарарга ишлайди. Талаба етарли билимдан, жамият эса етук кадрдан қуруқ қолади.

Ҳаммаси ҳам майли, лекин гуруҳларнинг дарс жадвалига кўз югуртирган киши баъзи нарсаларни тушунмай қолиш эҳтимоли катта. Мисол учун, душанба куни тўлиқ онлайн ўқийдиган гуруҳ талабаларининг сешанба кундаги биринчи дарси онлайн, иккинчи дарс офлайн ва учинчи дарс яна онлайн. Бу дегани талаба биринчи парада уйидан туриб, онлайн қатнашади. Ўн дақиқалик танаффусда эса университетга етиб олиб, анъанавий шаклдаги дарсда қатнашади. Кейин эса яна бир зумда учинчи пара учун уйига қайтади ва Zoom дастури орқали онлайн дарсда иштирок этади. Ажойиб-а?! “Ўзбекча инновация” деганлари шудир балки...

Ўзи бу каби муаммоларнинг вужудга келишига мавжуд ҳолатни ўрганмасдан қабул квоталарининг оширилиши, хориждан ўқишини кўчирганлар ва суперконтрактлар сабаб бўлмоқда. Айтайлик, университетда бир вақтнинг ўзида 500 талабанинг ўқиши учун шароит бор. Талабалар икки сменада ўқишини ҳисобга олинса, 1000 нафар талабанинг ҳеч қандай муаммосиз таълим олишига шароит бор. Лекин ОТМда 1700 нафар талаба бор. Бу дегани етти юз нафар талаба ҳамма қатори контракт тўлайди, бошқалар билан тенг ҳуқуққа эга лекин онлайн ўқишга маҳкум. Масофавий таълим ҳам баъзилар учун маъқул. Уларнинг аксарияти қаердадир ишлаб, ўқийдиган талабалар. Лекин неча йиллар тайёргарлик кўриб, барча қатори белгиланган талабларни бажарган кўпчилик талабалар сифатли таълимга муҳтож. Онлайн ўқиш учун шароити йўқлар эса алоҳида масала. Ўзбекистондаги интернет сифати ҳақида алоҳида мақола қилса бўлади. Лекин «бу гапни сендан катталар ҳам айтган», дейишса ажабмас. Зеро, талаба интернет излаб томга чиқиши эмас, таълим олиши керак.

Шерали Солиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага