Тахминан икки йил олдин, деярли бир аср яшаган инсон Ливиянинг Бингази шаҳрида вафот этди. Ўшанда у 97 ёшда эди. Унинг исми Муҳаммад – Умар ал-Мухторнинг ўғли эди.
Кўпчилик учун бу исмлар нотаниш. Аммо Муҳаммад Муссолини диктатураси даврида фашистик Италияга қарши чиққан ва курашган буюк жангчи Умар ал-Мухторнинг ягона ўғли эди.
1981 йилда Умар ал-Мухторнинг қаҳрамонона ҳаёти ва ўлими Мустафо Aккаднинг "Чўл арслони" бадиий фильми сюжетига кирди. Бир неча ўн йиллар ўтгач, Италия бош вазири Силвио Берлускони Ливия халқидан кечирим сўрашга мажбур бўлади. Хусусан, мустамлакачиликка қарши ҳаракат раҳбарларидан бири Умар ал-Мухторни қатл қилгани учун, 30 йиллик босқин учун Ливия олдида бош эгади.
Ливия чўл арслонининг ҳаёт йўли қандай эди ва қандай тугади?
Умар ал-Мухтор 1862 йилда Ливиянинг шимоли-шарқидаги Жабал ал-Aҳдар ҳудудида туғилган. Болалигида отасидан айрилган Умар етимликнинг барча қийинчиликларини бошдан кечирди. Лекин тушкунликка тушмади.
Дастлаб у Қуръон мадрасасида ўқиган. Кейин Жағбуб ҳудудидаги Ислом институтига ўқишга кирган ва саккиз йил таҳсил олган. Умар ал-Мухтор ҳар томонлама етук инсон эди. Исломий илмларни чуқур ўрганишдан ташқари у кўплаб Ливия қабилаларининг тарихи ва шажарасини яхши биларди. Саҳрода адашмай юра оларди, кўплаб ўсимлик турлари ҳақида маълумот бера олган.
Ибодат Умар ал-Мухтор ҳаётида алоҳида ўрин тутган. У таҳоратда ғайратли эди. Ҳар бир намозни ўз вақтида ўқиган. Бўш вақтларини нафл ибодатларга бағишлаган. Айниқса, ўзи учун мажбурий деб ҳисоблаган Зуҳо намозини тарк қилмас эди.
Умар ал-Мухтор кечаси уч соатдан кўп ухламаган. Ҳар ҳафта Қуръони каримни бир марта хатм қилганига кўп бора гувоҳ бўлишган. Художўйлиги ва ибодати кўп жиҳатдан Ливияда машҳур бўлган санусий тариқатининг издоши бўлганлигини кўрсатади. Шайхлар ва устозларининг ўгитларига мукаммал амал қилган.
Италия Ливияни босиб олишидан олдин Умар ал-Мухтор ўзининг ҳарбий истеъдодини Шимолий Aфрикадаги бошқа кампанияларда ҳам намойиш этган. У Чаддаги француз империалистларига ва Ливия-Миср чегарасидаги инглизларга қарши чиқиб жасорат кўрсатган.
Унинг устозларидан бири Муҳаммад ал-Маҳдий "Агар бизда ўнта Мухтор бўлса, бу биз учун етарли бўлар эди" деган экан.
Турк ҳарбийлари унинг жасорати ва ҳарбий маҳоратидан ҳайратда қолишган. Мухторнинг ашаддий душманларидан бири Родольфо Грациани уни тан олишга мажбур бўлган: "У ҳар қандай жойда бизнинг кучларимизни ҳайратда қолдиради. У бизнинг режаларимизни доим барбод қилган. Шу қадар тез ҳаракат қиладики, унинг қаерда эканини аниқлашнинг иложи йўқ”.
Шуни айтиш керакки, Умар ал-Мухтор махсус ҳарбий маълумотга эга бўлмаган. У диндан сабоқ берувчи ўқитувчи бўлиб, Аллоҳнинг иродаси билан қурол олиб, ўз эътиқоди ва Ватанини ҳимоя қилишга мажбур бўлган.
1911 йилда Ливия ҳудудини италиялик босқинчилардан ҳимоя қилиш керак эди. Ватанни Умар ал-Мухтор бошчилигидаги кучлар уларга қарши муқаддас урушга чиқди.
Гарчи уларга қарши авиация, артиллерия, танклар, зирҳли транспорт воситалари, бир сўз билан айтганда, ХХ аср урушларида ишлатилиши мумкин бўлган энг яхши қуролларни ишга солишсада, италияликлар 20 йил давомида жасур ливияликларнинг қаршилигини синдира олмади. Қарши томон ихтиёрида фақат отлар ва оддий ўқотар қуроллар бор эди.
Италия ҳарбий қўмондонлиги вақти-вақти билан тинчлик шартномасини таклиф қиларди. Мақсад тинчлик эмас, балки ўз кучларини қайта жиҳозлаш учун вақтдан ютиш эди. Шунга қарамай, Умар ал-Мухтор қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда тинчлик шартномасини тузишга тайёр эди:
1. Италия ҳукумати мамлакатнинг диний масалаларига аралашмаслиги керак.
2. Aраб тили Ливиянинг давлат тили бўлиб қолиши шарт.
3. Диний фанларни ўқитадиган бир қатор мадрасалар очилади.
4. Италияликлар ва ливияликларнинг тенгсизлиги тўғрисидаги қонун бекор қилиниши лозим.
Италияликлар Умар ал-Мухтор томонидан таклиф қилинган шартларни қабул қилмади. Уларнинг шартларини эса ливияликлар қабул қилиши мумкин эмас эди. Буларнинг барчаси фақат битта нарсани англатарди – ҳарбий можаро давом этади.Генерал Грациани тайинланиши билан италияликлар барча жабҳаларда катта ҳарбий ҳаракатларни бошладилар. У Ливия ва Миср ўртасида кўп километрлик тикан симли чегара қуришга муваффақ бўлди. У ердан Ливияга аскар ва моддий ёрдам келиб турган.
Бундан ташқари, фашистлар тинч аҳолига қарши шафқатсизларча террорни давом эттирдилар. Умар ал-Мухтор ўзининг бир нечта одами билан кичик ҳудудда қолиб кетди.
У узоқроқ қаршилик кўрсатиши мумкин эди. Лекин аксарият ҳолларда бўлгани каби, хиёнат унинг тақдирини белгилаб қўйди. Ҳар томондан ўралган ва яраланган Умар ал-Мухтор қўлга олинди ва Грациани билан учрашиш учун юборилди.
Ушбу тарихий учрашув Грацианининг хотираларида қайд этилган: "Мен жанг майдонларида дуч келган минглаб Ливия ҳарбийларининг иродасини бу одамда кўришга тайёрландим".
Умар ал-Мухтор Грациани учун шунчаки одам эмас эди. Уни минглаб ватандошларининг қалбига ўт ёққан куч сифатида кўрди. Улар ўртасида жуда чуқур суҳбат бўлиб ўтди. Баҳсда Умар ал-Мухтор Грацианининг провокацион сўзларига қарамай ўзини босиқ тутди.
Умар ал-Мухтор ўзининг узоқ йиллик курашини эътиқоди билан, асирликни эса тақдир билан изоҳлади. Грациани буни тушуниши қийин эди. Умар ал-Мухторга ўлим жазоси тайинлагандан сўнг у шундай деди: "Ўз тажрибамдан айта оламан ва ишонаманки, сиз ҳар доим кучли инсон бўлгансиз ва нима бўлишидан қатъи назар, доимо шундай бўлишингизни тилайман".
Грацианининг олдида кекса ва қўли кишанланган одам турарди. Босқинчиларнинг саркардаси ҳаяжонини яшира олмади. Кейинчалик ўз хотираларида шундай деб ёзган эди: "У ўрнидан турганда пешонасида ёрқин нур бор эди. Худди нурли ҳалқа бошини ўраб тургандек кўринди. Юрагим тез уриб, лабларим титраб кетди. Бирор сўз айта олмай қолдим".
Умар ал-Мухторнинг қатл этилишини кўриш учун 20 мингга яқин киши йиғилди. Уларнинг аксариятини италияликлар қўрқитиш учун майдонга ҳайдаб келди. Ливияликлар учун бу даҳшатли ва чидаб бўлмас манзара эди. Умар ал-Мухтор улар учун қаҳрамонлик тимсоли эди.
Умар ал-Мухтор дорга осилган пайтда Италия авиалайнери пастлаб учиб ўтди. Самолёт шовқини Умар Aл-Мухторнинг сўнгги сўзларини эшиттирмай қўйиши мумкин эди. Aммо шунга қарамай, олдинги сафлардагилар унинг шаҳодат калимасини айтганини, азонни ва Қуръондан оят ўқиганини эшитдилар:
«Эй, хотиржам (сокин) жон!
(Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин!
Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин
Ва жаннатимга киргин! (Aл-Фажр сураси, 27-30-оятлар.)
Умар ал-Мухторнинг юзига табассум инди. Ливия халқи уни мамнун ҳолда эслайди. Бу воқеа 1931 йил 16 сентябрда бўлиб ўтди. Ўшанда у 71 ёшда эди.
Қўшимча: 2017 йилда Умар ал-Мухтор билан бирга ўз мамлакатининг мустақиллиги учун курашган бир киши Ливияда 110 ёшида вафот этди. Унинг исми Aбдураззоқ ал-Бараса эди. У ўша "Ўлмас полк"нинг сўнгги жангчиси бўлган.