Қуйидаги ҳадиси шариф насх бўлган, яъни ҳукми бекор бўлган ёки алмаштирилган. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизлардан бирингиз қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ емасин!", дедилар. Ҳадисни имом Муслим ривоят қилганлар.
Мазкур ҳадисни Бурайдадан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана бу ҳадислари насх қилган: "Мен сизларни қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлашдан қайтарган эдим. Энди ўзингиз билганингизча сақлайверинг!". Насх қилувчи бу ҳадисни ҳам имом Муслим ривоят қилганлар, яъни ҳадисларнинг саҳиҳлиги бир хил даражада.
Имом Муслим ривоят қилган учинчи ҳадисда эса Набий алайҳиссалом олдинги ҳадисларини насх этиш сабабларини баён қилиб шундай дейдилар: "Мен олдин келган меҳмонлар сабабидан наҳий қилган эдим".
Яъни, қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлашдан наҳий қилган йиллари Мадинага атроф саҳролардан кўп заиф аъробийлар келган эди. Улар қурбонлик гўштларидан манфаатланишлари учун Аллоҳнинг расули саҳобийларга гўштларни уч кундан ортиқ сақлаб қўйишдан наҳий қилган эдилар. Ўша йилдан сўнг бу ҳолат барҳам топгани учун кейинги сўзларини айтдилар.
Қаранг, бир ҳукм хусусида бир кучга эга бўлган икки хил ҳадис келяпти. Биринчи ҳадисни ўқиб, иккинчисидан хабари бўлмаган мусулмон қандай йўл тутади? Иккинчи ҳадисни ўқигач қандай иккиланишга дуч келади? Албатта бу тўғрида дин илмларини яхши биладиган олимлар тушунтиришига муҳтож бўлади. Бу-ку, ҳадис илмининг фақат биттаси: "Носих ва мансух"дан хабари бўлмаган кишининг аҳволи. Бундан ташқари ҳадисдан ҳукм олишдан яна Жарҳ ва таъдил, ҳадиснинг иллатлари ва даражалари каби ҳадис матни ва санадига доир кўплаб илмларни ўрганиш керак бўлади. Қолаверса, кундалик учрайдиган бирор масалага ҳукмни фақат ҳадисдан эмас, балки Қуръони карим, ижмоъ, қиёс каби иттифоқ қилинган манбалар, шунингдек истиҳсон, урф, маслаҳатул-мурсала, саддуз-зариа, истисҳоб, қовлус-саҳоба каби яна кўплаб шариат масдарларини билиш, бунинг учун ишончли устозлар ҳузурида юзлаб китоблар ўқиш лозим бўлади. Масала истинбот қилиш учун уларга қўшимча олимда воқеъликни яхши ҳис қилиш ва фаросат каби сифатлар, фатво айтишга устозлар қўлида малака ҳосил қилиши зарурий ҳисобланади.
Ҳозирда кундалик масалалар хусусида "менимча шундай бўлса керак" дейилган жумлаларни ўқиганда ёки "дин ишлари олимлар монополияси эмас, ҳамма ҳам ўз фикрини айтишга ҳаққи бор, улар ҳам биз ҳам рижолмиз" деган катта даъволарга дуч келганимда ичимда бир оғриқ ҳис қиламан. Google‘дан маълумот излаб, дуч келган фикрни оммага ташлаётган "гугл муллалар"ни кўрганда дин ишларимизга қанчалар масъулиятсиз ва бепарво бўлиб кетаётганимизни ҳис қиламан. Энг ёмони уммат ва миллат дин ишларини тўғри йўлга солишга ҳаракат қилаётган ва бу тўғрида уламоларга қулоқ солишга чақираётган аҳли илмларни, динни сотиб ейиш туҳмати билан обрўсизлантиришга бўлган уринишлардир. Олдинги умматларнинг таназзули ва европа даҳрийларининг жамиятдан динни муваффақиятли суриб чиқаришларининг илк қадами уламоларни обрўсизлантиришдан бошланган. Яъни, дин илмлари ва уламоларига беписанд муносабатлар мақсадли ва режали ишларнинг самараси бўлади.
Аллоҳ ҳаммамизни тушуна олиш ва фаросат хусусиятлари билан сийласин!
Мубашшир Аҳмад