Губернаторларнинг сўзларига кўра, ракета зарбалари Одессадаги энергетика объектига ва Харковдаги «муҳим инфратузилма объектларига» берилган.
Украина расмийлари ва ОАВ хабарларига кўра, Россия Украинадаги кўплаб шаҳарлар, жумладан, Қора денгиздаги Одесса порти ва Харков шаҳридаги энергетика инфратузилмасини нишонга олиб, ракетадан ўққа тутган.
Пайшанба куни эрта тонгда бир неча ҳафта ичида биринчи марта ракета зарбалари туфайли Украина бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.
Одесса вилояти губернатори Максим Марченко телеграмдаги саҳифасида маълум қилишича, порт шаҳардаги энергетика объектига қилинган йирик ракета ҳужуми электр таъминотида узилишга олиб келган. Аҳоли турар жойлари ҳам жабрланган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Харков вилояти губернатори Олег Синегубов Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харковга 15 дан ортиқ зарбалар берилгани ҳақида хабар берди.
«Муҳим инфратузилма объектлари яна босқинчилар зарбаси остида», деб ёзади у телеграмдаги хабарида.
Портлашлар Днепр, Луцк ва Ровно шаҳарларида ҳам қайд этилган.