Совет Иттифоқи парчалангандан кейин Украина ядро қуроли арсенали бўйича Россия ва АҚШдан кейинги дунёдаги учинчи мамлакат эди. Украина 1994 йили ўз хавфсизлиги ва ҳудудий дахлсизлигини кафотлаш эвазига ядровий қуролдан воз кечганди. Бу ҳақидаги меморандумни Украина, АҚШ, Россия ва Буюк Британия имзолаган.
Будапешт Меморандуми – одатда Украинанинг хавфсизлигини кафолатловчи халқаро келишув дея эътироф этилади. Айниқса, сўнгги кунлардаги Россиянинг Украинага ҳужуми ва ядровий қуролларни махсус жанговар шайликка келтириш тўғрисидаги буйруғи ортидан ушбу келишувни эсга олиш лозим.
Украинанинг ядро қуроли арсенали қанча эди?
Украина ҳудудида 1990 йилларнинг бошларида 1944 та ядровий ўқ-дорилар мавжуд бўлиб, уларни элтувчи стратегик воситалар сони 220 тани ташкил этган. Уларнинг таркиби:
-
176 та қитъалараро баллистик ракета: 130 та суюқ ёнилғили шахталарда жойлашган РС-18 ракеталари (SS-19, ҳар бирида 6 тадан ядровий ўқ-дорига эга бўлган) ва 46 та қаттиқ ёқилғили РС-22 ракеталари (SS-24, ҳар бирида 10 тадан ядровий ўқ-дорига эга бўлган);
-
44 та стратегик бомбардимончи (25 та Ту-95МС ва 19 та Ту-160), 1068 та узоқ масофага учувчи Х-22 и Х-55 туридаги қанотли ракеталар.
Шунингдек, Украина 2500 дона тактик ядро қуролларига эга бўлган.
Стратегик ядро қуроллари душманнинг фронт ортидаги олис масофаларда жойлашган стратегик нишонларини йўқ қилишга мўлжалланган қуроллар ҳисобланади. Тактик ядро қуроллари эса душманнинг олд тарафида ва жанг майдонларида жойлашган нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган қуроллардир.
Украинанинг ядро қуролидан холи мамлакатга айланиши жараёни қандай кечган?
Украина 1990 йил 16 июлда Давлат суверенитети тўғрисида Декларацияни қабул қилади. Унда Украинанинг “келажакда доимо нейтрал мамлакат бўлиш ва ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, шунингдек, ядро қуроли бўйича учта тамойилга: ядро қуролини қабул қилмаслик, ишлаб чиқазмаслик ва эгаллашга уринмаслик” тамойилларга амал қилиши белгиланди. 1991 йил 16 октябрда Украина Олий Радаси мамлакатнинг ядро қуролидан холи бўлган ҳудуд мақомини эътироф этиб, ундаги ядровий қуроллар арсенали вақтинча сақланишини ҳақида баёнотини эълон қилди.
1991 йил декабрь ойида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида Стратегик ядровий кучлар бўйича Келишув имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ядро қуроллари устидан ягона назорат ўрнатилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Келишувга кўра МДҲ ҳудудида ядро қуроллари йўқ қилингунга қадар ядро қуролидан фойдаланишга эҳтиёж туғилса, бундай қарор МДҲнинг бошқа давлатлари, хусусан, Украина билан келишув асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.
1994 йил 14 январь куни Москва шаҳрида АҚШ президенти Билл Клинтон, Россия президенти Борис Ельцин Украина президенти Леонид Кравчукка Украинанинг ядро қуролидан воз кечиши эвазига “Украина хавфсизлигини таъминлашга кафолат” беришди ва бу ҳақда уч томонлама баёнотни имзолашди.
1994 йил 16 ноябрда Украина 1968 йил 1 июлда қабул қилинган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномага қўшилди. Ўзбекистон ушбу Шартномага 1992 йил 9 декабрда қўшилган.
1994 йил 5 декабрда Венгрия пойтахтида Украинанинг ядро қуролидан холи мамлакат мақомини расмийлаштирувчи Будапешт меморандуми имзоланди. Меморандумнинг тўлиқ номи қуйидагича: “Украинанинг ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномага қўшилиши муносабати билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Меморандум”.
Меморандумни ўша вақтдаги Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма, АҚШ президенти Билл Клинтон, Россия президенти Борис Ельцин ва Буюк Британия Бош вазири Жон Мейжор имзолашди.
Будапешт меморандумининг мазмуни
Ушбу халқаро ҳужжат олти моддадан ташкил топган. Унга кўра Украина ўзининг ядро қуролига эга мамлакат мақомидан воз кечади ва ядро қуроли арсеналини йўқ қилади. Шунингдек, меморандумни имзолаган тарафлар:
-
Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва мавжуд чегараларини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади;
-
Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига нисбатан куч ишлатиш орқали таҳдид қилиш ёки куч ишлатишдан тийилиш мажбуриятини, шунингдек, ушбу давлатларнинг бирор қуроли Украинага қарши, ўз-ўзини ҳимоя қилишдан бошқа мақсадлардан ташқари, қўлланмаслиги мажбуриятини зиммасига олади;
-
Украинага нисбатан иқтисодий босим уюштирмасликни зиммасига олади;
-
Украина ядровий ҳужумга учраса ёки учраш таҳдиди пайдо бўлса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши орқали зудлик билан амалий чораларни кўриш мажбуриятини зиммасига олади;
-
Украинага нисбатан ядро қуролини ишлатмасликни ўз зиммасига олади, ушбу давлатларнинг ўзи, ҳудудлари, ўзининг ёки иттифоқдошларининг қуролли кучларига нисбатан ҳужум уюштириш ҳолатлари бундан мустасно.
Украина ҳамда АҚШ, Россия ва Буюк Британия томонидан имзоланган меморандумга кейинчалик ядро қуролига эга бўлган Франция ва Хитой ҳам қўшилган.
2014 йилда Россиянинг Қрим яриморолини аннекция қилиши халқаро ҳуқуқ соҳасидаги кўплаб мутахассислар томонидан Будапешт Меморандумининг бузилиши дея баҳоланди.
“Кафолат” сўзининг талқини
Таъкидлаш лозимки, Меморандумнинг инглиз тилидаги ҳамда украин ва рус тилларидаги нусхаларида фарқ бор. Ҳужжатнинг украин ва рус тилидаги нусхасида хавфсизлик кафолати “гарантия безопасности” сўз бирикмаси орқали ифодаланган бўлса, инглиз тилидаги нусхасида “security assurances” сўз бирикмаси орқали ифодаланган. “Гарантия” ва “assurance” сўзларида ўртасидаги семантик фарқ иштирокчилар томонидан турлича талқин этилишига сабаб бўлган.
АҚШнинг Украинадаги 1998-2000 йиллардаги элчиси, Вашингтоннинг Брукингс университети эксперти Стивен Пайфер сўзлар ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлайди:
- “Будапешт Меморандуми доирасида тақдим этилган кафолат вазни НАТОнинг аъзоларига ёки АҚШнинг Япония ёки Жанубий Кореяга тақдим этган кафолатлари вазнига тенг эмас. Кафолат (“guarantee”) НАТО ва Япония, Жанубий Корея, Австралия каби АҚШ иттифоқчилари ўртасида тақдим этилган. Унга кўра зарурат туғилганда америкалик аскарларни киритишни назарда тутилади. Кафолат (“assurance”) эса бундай мажбуриятларни назарда тутмайди ва Будапешт меморандумининг музокаралар жараёнида биз буни очиқ баён этганмиз”.
Шунингдек, Пайфер қуйидаги фикрларни билдиради:
- “Вашингтон ва Киев айни вақтда 2014 йилда Путин қилган ишни кутмаган эдилар. Россия томонидан кафолатларнинг бузилиши, афсуски, кафолатлаш усулига бўлган ҳар қандай ишончни йўқолишига сабаб бўлди”.
Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук интервьюларнинг бирида Будапештдаги келишув фақатгина расмиятчилик учун қилинган деган фикрни билдирган:
- “Ушбу кафолатлар фақатгина расмиятчилик эди, холос. Механизмлар белгилаб берилмаган. Агар НАТО кафолат тақдим қилса, унинг ўз механизмлари бор. Агар НАТОга аъзо мамлакатга ҳужум қилинса, бу НАТОга ҳужумни англатади ва улар реал қуролланган ҳимояга ўтади. Шу сабабли биз учун НАТОга аъзо бўлиш ва хавфсизлик, мустаҳкамлик, мустақиллик, мустақилликни кафолатлаш масалаларини ҳал қилиш муҳим эди”.
Таъкидлаш лозимки, ракеталар комплексларини бошқариш тизими марказлашган эди ҳамда бошқарув маркази Россияда жойлашган эди. Бошқача қилиб айтганда, Украина ядровий қуроли бўлган, аммо ракеталарни ишга туширадиган “ядровий чамодонча”си бўлмаган мамлакат эди. Бу масалада Леонид Кравчуг:
- “Баъзилар агар Украинада ядро қуроли бўлганда, биз кучлироқ бўлардик ва биз билан ҳисоблашишга мажбур бўлишарди, дейишади ва уларнинг фикри, албатта, тўғри бўлади. Бунинг учун ушбу ядро қуроллари Украинада ишлаб чиқилган бўлиши, уларни бошқариш украиналиклар томонидан назорат қилиниши, мен ёки мендан кейинги президент “қора чемодан”га эга бўлиши ва тизимни бошқариш имконияти бўлиши талаб этиларди. Бироқ буларнинг бирортаси бизда бўлмаган. Шу сабабли уларнинг барини алмаштириш ёхуд топшириш талаб этиларди. Шунинг учун, масаланинг негизи биз ядро қуролини шунчаки бериб қўйган аҳмоқ эканлигимизда эмас, уларни биз бошқара олмаганимизда эди”, - деганди интервьюларининг бирида.
Украина ядро қуролларининг йўқ қилиниши
1992-1996 йиллар давомида Украинадан барча ядро ўқ-дорилари босқичма-босқич Россия ҳудудига олиб чиқилди. 1996-2001 йилларда баллистик ракеталарнинг шахталари йўқ қилинди. Ядро қуролини элтувчи баллистик ва қанотли ракеталарнинг бир қисми Украина ҳудудида йўқ қилинди, бир қисм Россияга топширилди. Ядро қуролини элтиши мумкин бўлган стратегик бомбардимончилар 2006 йилгача йўқ қилинди, Россияга топширилди ёки музей экспонатларига айлантирилди.
Будапешт Меморандумига Украинанинг амалдаги раҳбариятининг муносабати
Будапешт Меморандуми Украинанинг амалдаги раҳбарияти томонидан танқид остига олинган. Президент Владимир Зеленский Украинага нисбатан кафолатларнинг таъминланмаганини “Украинага нисбатан сотқинлик” дея баҳолаганди:
- “Мен буни Украинага нисбатан сотқинлик дея баҳолайман. Бу катта хато бўлган эди. Чунки, Будапешт Меморандуми асосидаги келишувларнинг бажарилмаслиги бошланган сониядан эътиборан барча тинчликпарвар дипломатик музокаралар кучи “нолга кўпайтирилиши” лозим. Бундан буён биз ҳар қандай ҳужжатга қўл қўймайлик, давлатлар нимани келишмасин, доимо “бу шунчаки бир қоғоз, унинг шартларини бажармаса ҳам бўлаверади” деган хатар мавжуд бўлади... Биламан, ядро қуроли – бу жуда ёмон нарса. Аммо Украинада ҳозир ядро қуроли бўлганда эди, ўша вақтда биз бундай қўпол хато қилмаганимизда эди, мен эса буни хато деб ҳисоблайман, бизга бостириб киришмаган бўларди, бизнинг ерларимиз ўзимизда бўларди. Чунки биз Россия билан доимо тенг шартларда гаплаша олардик”.
Музаффар Ҳусниддинов