Украина парламенти “Чеченистон Ичкерия Республикаси” суверенитетини тан олди ва “чечен халқининг геноциди”ни қоралади. Тегишли қарор лойиҳасига 287 депутат овоз берган.
“Олий Рада БМТ Низомини бузган ҳолда қуролли тажовуз натижасида Чеченистон Ичкерия Республикасини Россия томонидан вақтинча босиб олинган деб тан олганини эълон қилади, Биринчи ва Иккинчи Чечен урушлари даврида руслар томонидан Чеченистон Республикаси Ичкерияга қарши содир этилган халқаро жиноятларни қоралайди”, — дейилади ҳужжатда.
Резолюциянинг тушунтириш қисмида айтилишича, СССР парчаланганидан сўнг чечен халқи “муросасиз ва бир овоздан” мустақилликни танлаган, шундан сўнг Россия ўзининг “империалистик амбициялари” ортидан гўёки “ҳудудларни зўравонлик билан эгаллаб олишга” киришган.
Шунингдек, Украина парламенти БМТга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларни “вақтинча босиб олинган Чеченистон Ичкерия Республикаси” ҳудудида содир этилган халқаро жиноятларнинг мустақил ва холис тергов қилинишини таъминлашга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга, шунингдек, Чеченистонни Россия томонидан вақтинча босиб олинган деб тан олиш ва чечен халқининг геноцидини қоралаш қарори чиқаришга чақирди.