Уганда парламенти ҳамжинсбозларга қарши қонун лойиҳасини маъқуллади, унинг баъзи қоидалари ўлим жазоси ёки 20 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади. Ўзини ЛГБТга мансуб деб билишнинг ўзи жиноятга айланади, деб ёзади CNN ва ВВC. Бу Африкадаги ЛГБТК+ га қарши энг қаттиқ қонунлардан биридир.
Угандада, 30 дан ортиқ Африка мамлакатларида бўлгани каби, бир жинсли муносабатлар аллақачон ноқонуний ҳисобланади. 2014 йил февраль ойида Уганда ҳукумати бошқа нарсалар қаторида «гомосексуал ҳаракатлар» учун умрбод қамоқ жазосини жорий қилувчи ва ЛГБТК+ «ташвиқотини» тақиқловчи қонунни қабул қилганди. Бир неча ой ўтгач, мамлакат Конституциявий суди қонунни парламент томонидан зарур кворумсиз қабул қилингани билан изоҳлаб, бекор қилди.
Янги қонун, жумладан, гомосексуализмни «ташвиқот ва рағбатлантириш»ни тақиқлайди ва «гомосексуализм билан шуғулланиш учун келишиш» ҳақидаги моддани ўз ичига олади, деб таъкидлайди Reuters.
Агар қонун қабул қилинса, «оғирлаштирувчи ҳолатлардаги гомосексуализм» билан боғлиқ ишлар учун ўлим жазоси белгиланади. Гап розиликсиз ёки мажбурлов остида, шунингдек, болаларга, ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган шахсларга нисбатан ёки жиноятчининг ижобий ОИВ мақомига эга бўлган ҳолатлар ҳақида бормоқда. Шунингдек, янги қонун ҳамжинсбозликка мойил шахслар ҳақида оила аъзолари, дўстлари ва жамоат аъзоларининг хабар беришини талаб қилади.
Қонун шунингдек, ЛГБТК+ ҳуқуқлари ташкилотларини қўллаб-қувватловчи ёки ЛГБТК+ тарафдори бўлган оммавий ахборот воситалари ва адабиётларни нашр этувчи ва тарқатувчи одамлар ва муассасалар; ЛГБТҚ+ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ёки «гомосексуалликни тарғиб қилувчи» журналистлар ва ноширларнинг ҳар қандай контентни жойлаштириши, трансляция қилиши ва тарқатгани учун; мулк эгалари, агар уларнинг мулки гомосексуаллар учун учрашув жойи ёки ЛГБТК+ аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган «бошқа фаолият» сифатида фойдаланилса, жазога тортишни кўзда тутади.
«Мен фарзандларимизнинг келажагини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман. Бу бизнинг миллатимиз суверенитети ҳақида, ҳеч ким бизни шантаж қилмаслиги, ҳеч ким қўрқитмаслиги керак», деган Уганда депутати Девид Баҳати қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида.
CNNнинг қайд этишича, қонун лойиҳаси парламентга мухолифатдаги депутат Асуман Басалирва томонидан киритилган. У «Угандаликларнинг ҳуқуқий, диний ва анъанавий қадриятларини мамлакатда жинсий зинокорликка олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан» ҳимоя қилиш учун уни қабул қилиш зарурлигини айтган. «Қонун лойиҳасининг мақсади бир жинсдаги шахслар ўртасида жинсий алоқанинг ҳар қандай шаклини тақиқлаш орқали анъанавий оилавий қадриятларимизни, ранг-баранг маданиятимизни, эътиқодларимизни ҳимоя қилиш учун кенг қамровли ва такомиллаштирилган қонунчиликни яратишдан иборат», - деган у.
Парламент томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси кучга кириши учун Уганда президенти Йовери Мусевени томонидан имзоланиши керак. ВВCнинг қайд этишича, у сўнгги ҳафталарда ЛГБТК+га қарши бир неча баёнотлар қилган ва Ғарб давлатларини Угандага босим кўрсатаётгани учун танқид қилган.