Al-Jazeera нашрининг Ўзбекистондаги мухбири, “Guardian”, “TheDiplomat”, “EurasiaNet” нашрлари учун мақола ёзувчи, аёллар ва ЛГБТ журналистларини қўллаб-қувватловчи ташкилот фаоли билан баҳс
Мен ўзи ЛГБТ тарафдорлари билан бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида мақола ёзишни режа қилмаётган эдим. Чунки айтиладиган зарур гапларнинг ҳаммаси айтилди. ЛГБТ тарафдорлари ва унга қаршилар ўртасида бўлаётган баҳслар албатта қонуний асосда ҳал қилиниши зарур. ЛГБТчиларни “Ҳасти Имом”да ҳар жума куни намойиш қилишга чақириши ортидан куни кеча калтаклаб кетилгани айтилаётган Миразиз Базаров исмли фуқаро ва унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, деб умид қиламан. Қонун асосида, жиноятга тарғиб қилмаган ҳолда ўз фикрини ифода этиш эса ҳеч кимга чекланмаган. Аммо Ўзбекистондаги воқеалар ва улар ҳақидаги ахборотнинг манипуляция қилиниши ҳар қандай ўзбекистонликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Мен ҳам бу борада Ўзбекистонда Al-Jazeera мухбири сифатида рўйхатдан ўтган журналист аёл Агниезска Пикулиcка билан баҳс қилишимга тўғри келди.
Ҳаммаси журналистнинг Twitter’да ЛГБТ ҳуқуқлари тарғиботчиси Миразиз Базаровнинг калтаклаб кетилиши ҳақида инглиз тилида ёзган хабаридан бошланди. Эслатма ўрнида: бу журналист яқинда ўзбек ОАВ диққат марказида бўлганди, яъни давлат ташкилоти ходими аккредитация бериш жараёнида ўз ваколатларини суистеъмол қилиб унга тегажоғлик қилганда (бу суд тартибида исботини топмаган) журналист Ўзбекистондаги қонунсизликдан ёзғириб яхшигина шовқин кўтарган. Мамлакатимиз обрўси учун жуда ҳам аянчли ҳодиса. Ҳолатни ўшанда кўпчилик маҳаллий ОАВлар ёритган, блогерлар қўллаб-қувватлаган. Унга эртаси куниёқ Ўзбекистонда журналистлик фаолиятини юритиши учун рухсат берилган.
Унинг кечаги Базаров ҳақидаги хабари ҳам Twitter’да юзлаб кузатувчи томонидан улашилди, Базаровнинг калтакланишдан олдин қилган провокациялари эътиборсиз қолдирилиб, сўз эркинлиги мана шундай тарзда бўғилаётганлигига норозилик ифодаланди. Унинг хабарини улашган ва муносабат билдирганлар орасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам бор.
Агар журналист 100% ҳақни гапирса, ҳолатни холис ёритса, бош устига. Ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Аммо халқ орасида жуда жиддий провокация уюштирган, фуқароларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашган одамдан жабрдийда ясаб, Ўзбекистонда ЛГБТ тарафдорлари мана шундай аҳволга солиняпти, деб жар солаётгани етмаганидек, “Базаровга исламист (сиёсий Исломга чақирувчи) блоггерлар ўлим таҳдидларини жўнатишган”, деган иддаоси ҳаммасидан ошиб тушди. Унинг кескин чиқишларидан сўнг унга таҳдид бўлганлик эҳтимолини истисно этмайман. Аммо айнан Исломга урғу берилгани учун хабарнинг шу қисми менга ишончсиз ва маълум мақсадга йўналтирилгандек туюлди. Ўзбекистоннинг Ислом динига эътиқод қилувчи бир фуқароси сифатида унинг бу ишидан норози бўлдим. Унинг “исламист” сўзини ишлатишидан мендан бошқалар ҳам норози бўлган. Журналист уларга луғатдан фойдаланишни тавсия қилган (охирги гапни келтиришимга сабаб қуйида ойдинлашади).
Бу инсон халқаро тоифадаги журналист ҳисобланади. Уни Twitter’нинг ўзида минглаб обуначилар, юзлаб халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатади. Жаҳон ҳамжамияти томонидан маҳаллий ОАВга ишонч пастроқ бўлган ўринларда маълум мамлакат ичида халқаро ОАВга ишлайдиган журналистларнинг ахбороти нисбатан ёки тўлалигича ишончли деб қабул қилинади ва шу асосида хулосага келинади. Агар халқаро журналист сифатида ишончсиз, далил-исботсиз ахборотни тарқатса, бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқми? Бунга қонуний баҳони мен бера олмайман. Аммо мен унинг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини сўроқ остига ола биламан, шунинг учун унга саволлар беришни бошладим. Журналист ўз саҳифасида ЛГБТ ғояларини қўлловчи ташкилот фаоли эканлигини очиқ билдирган. Қаерни қараманг, ЛГБТ тарафдорлари одатда бу ғояга қарши турадиганларни ваҳшийлик, таҳдид, қўполлик ва ҳоказоларда айблаш билан ўз ҳаракатларини хаспўшлашади. Айнан шунинг учун ҳам иложи борича маданий тахлитда мулоқот қилишга уриндим. Қуйида суҳбатимизнинг таржимасини келтираман, ҳеч бир қисмини тушириб қолдирмасликка ҳаракат қилдим.
Айтганча, суҳбат давомида журналист томонидан Abu Solih Fox исми тилга олинган, шунинг учун мен томонимдан унга алоқадор саволлар берилган. Бу менинг Abu Solih Fox билан ҳамфикр эканлигимни билдирмайди, чунки унинг доимий кузатувчиси эмасман. Унинг ростан Базаровга ўлим таҳдиди қилганлигидан ҳам хабардор эмасман. Масала бу ерда у блоггернинг шахсияти ёки фикрлари ҳақида эмас, балки миллат шаъни ва журналист этикаси ҳақида.
Изоҳ: А.П. — Агниезска Пикулиcка. Ж.И. — Жавоҳир Иззатуллоҳ.
А.П.: ЛГБТ ҳуқуқларини очиқчасига қўллаб-қувватловчи ўзбек блоггер Миразиз Базаров бугун кечқурун радикаллар томонидан қаттиқ калтаклангани сабабли касалхонада. Оёғи синган, мия чайқалиши. У бир мунча вақт давомида исламист блоггерлардан ўлим таҳдидларини қабул қилаётган эди. У (полицияга) хабар берган, аммо полиция ҳеч нарса қилмаган.
Ж.И.: Сизнинг (бошқа эътироз эгаларига берган) маслаҳатингизга кўра луғатни текширдим (“исламист” сўзининг маъносини топиш учун). (Оксфорд луғати бўйича “исламист” - Ислом таълимотига қаттиқ ишонадиган киши). Хўш, нима қилибди? У (Миразиз Базаров) бу мамлакатда кўпчиликнинг, эътиқодидан қатъи назар, қаттиқ муносабатига учраган, учраяпти ва учрайди ҳам. Уялинг. Сиз инсон ҳуқуқи сифатида тарғиб қилаётган нарса бизнинг жамиятимиз учун бегона ва эътиборингиз учун бу қонун билан тақиқланган!
А.П.: Мана Кембридж (луғати бўйича таъриф). (Кембридж луғати бўйича “исламизм” - Ислом сиёсий тизимларга таъсир қилиши керак деган эътиқод)
Изоҳ: Ҳаммага “исламиc” ва “исламист” сўзларининг маъносини луғатдан қараб олишни тавсия қилган журналист менга раддия ўлароқ “исламисм” сўзининг таржимасини ташлади. Ажиб.
Ж.И.: Бинго! Илтимос, нега у инсонга жиноятга даъват қилувчи чақириқлари сабабли таҳдид қилганларни исламист деб ўйлашингизни тушунтириб бера оласизми?
А.П.: Чунки булар сиёсатда диннинг каттароқ ўрин эгаллашига чақирадиган блоггерлардир. Бунга сиёсий ислом ҳам дейилади. Буни сизга тушунтиришим кераклиги чиндан ҳам ғалати. Сиз буларнинг барчасини билишингиз керак.
Ж.И.: Умид қиламанки, профессионал журналист сифатида сиз исталган нарсани ўн келган ўн беш айта олмаслигингизни биласиз. Сиз илгари сурган ҳар бир айб учун далил бўлиши керак. Энди ким бундай даъво қилгани (ислом/сиёсат) ва айнан ўша блоггер жиноятчилик ғояларини тарғиб қилаётган одамга таҳдид қилгани тўғрисида далилларингизни келтиринг.
А.П.: Масалан, Abu Solih Fox. Ўзингиз ҳам изланиб кўришингиз мумкин.
Ж.И.: У одамни сиздан кўра яхшироқ биламан, деб ўйлайман. Мен у жуда диндор эканига қўшиламан ва у буни яширмайди. Сиз томонларда буни “эътиқод эркинлиги” дейишади. Умид қиламанки, сиз ва менда бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Иккинчидан, энди сизнинг вазифангиз анча қийинлашди:
1. Мен ҳеч қачон унинг “сиёсатда Ислом бўлиши керак” деб тарғиб қилганини кўрмаганман. Унинг “Ислом сиёсий тизимларга таъсир қилиши керак деган эътиқод”да эканлигига далил келтиринг.
2. Жиноят тарафдори бўлган фаол (яъни Миразиз Базаров) “исломий блоггерлардан, хусусан, айнан Abu Solih Foxдан ўлим таҳдидини олгани”га далил (келтиринг). Илтимос.
А.П.: Хўш. У (Abu Solih Fox) исламист блоггерликка ёрқин мисол.
Ж.И.: Бор гапингиз шуми? Шундай бўлишини билгандим. Маълумот учун, у Ўзбекистон конституцияси таъминлаган “эътиқод эркинлиги” ва “сўз эркинлиги”дан фойдаланадиган диний блоггер. Сиз уни исламист блоггер деб даъво қиляпсиз (1) ва у жиноят тарафдори бўлган фаолга ўлим таҳдиди юборди деяпсиз. (2) Агар мен Abu Solih Foxнинг ўрнида бўлганимда, сизни туҳмат учун судга берардим. Сиз Al-Jazeeraга ишлайсиз, тўғрими? Жаҳон миқёсидаги оммавий ахборот воситаси учун нақадар шармандалик.
А.П.: Ўлим билан таҳдид қилиш ҳам конституцияга мосми? Мен ҳеч қачон унинг сўз ва дин эркинлигига ҳаққи йўқлигини айтмаганман. Аммо унинг зўравонликка чақиришга ҳақи йўқ. Бу жиноий жавобгарлик. Ва узр, лекин мен сиз билан баҳслашиб кўп қимматли вақтимни беҳуда сарфладим.
Ж.И.: Сиз унинг жиноят тарафдори бўлган фаолга ўлим таҳдиди юборганлигини ҳали исботламадингиз. Мен ҳали бу мавзуга киришмаган бўлсам, қандай қилиб мени бундай (ўлим билан таҳдид қилиш конституцияга мос деган) фикрни айтди деб хулоса қиляпсиз? Сизнингча, мен вақтимни беҳуда кетказмаяпманми? Мен атай ватандошларимга сизнинг қанчалик “профессионал” эканлигингизни кўрсатиб қўйиш учун шундай қиляпман.
А.П.: У (Миразиз Базаров) жиноятни қўллаб-қувватламайди ва мен энди сиз билан гаплашмайман. Базаровнинг Телеграмини текширинг, ҳамма нарса бор. Бугун мен сен учун кўп нарсани излаб чиқдим, болакай.
Ж.И.: Сиз ичида туриб ахборот тарқатаётган мамлакат қонунлари бўйича у жиноятни қўллаб-қувватлайди. Ушбу мамлакат қонунларини ҳурмат қилиш вақти келмадими? Мен ҳам хурсандман. Кунингиз хайрли ўтсин.
Журналист бунга жавоб бермади ва юқоридаги Абу Солиҳ Фоксга туҳмат қилдингиз деган фикримга қайтди.
А.П.: Туҳмат?! Жиддий гапиряпсизми? Мен уни исламист блоггер деб атаганим учунми ёки у ЛГБТчиларга қарши зўравонликка чақиргани учунми? Мияни ўстиринг. ;)
Ж.И.: Сиз уни исламист, яъни “сиёсий исломга даъват қиляпти” дедингиз (1), у Миразизга ўлим таҳдиди юборганини айтдингиз (2) ва бу гапларингизга ҳеч қандай далил келтирмадингиз. Мен сиз ҳақмисиз-йўқми билмайман, лекин мен учун сизнинг сўзларингиз асоссиз бўлиб кўринди, шунинг учун ушбу суҳбатни бошладик. “Зўравонликка чақириш”га келсак, бу сизнинг дастлабки баёнотингизда йўқ эди, шунинг учун мен ҳали бу мавзуга тўхталмадим. Биз ҳали сизнинг баёнотларингиз қанчалик тўғри эканлигига ойдинлик киритиб олмадик.
А.П.: Менинг гапларимга ишонмаслик — ихтиёрингиз.
А.П.: Ҳурматли Жавоҳир. Бозоров телефонини қайтариб олиши биланоқ сизга далилларни тақдим этаман. Ҳозирча у касалхонада қимирлолмай ётибди. Хайрли тун ва ишонтириб айтаманки, мен чуқур ҳурмат қиладиган ўзбеклар ва Исломни ҳақорат қилишдан жуда йироқман. Ўзбекистонни севганим учун бу ерда яшашга қарор қилганман.
Изоҳ: Бу журналист Базаровнинг телефонида нима борлигини қаердан билади, деган савол ҳам менга бироз қизиқ туюлди.
Ж.И.: Яхши. Кутаман. Шунингдек, илтимос, ушбу мамлакатнинг бесоқолбозларга қарши қонунларини ҳурмат қилишингизни илтимос қиламан. Агар сиз бунга қарши тарғибот қилишни давом эттирсангиз, қонуний оқибатларга дуч келишингиз мумкин. Бу ҳазил эмас. Ва шундай ҳолга тушсангиз, бу сафар “қонун устуворлиги”ни талаб қилиб ўзингизни ҳимоя қила олмайсиз, чунки ўзингиз аввало қонунни бузяпсиз. Мароқли суҳбат бўлди. Мен кўп нарса ўргандим, умид қиламанки, сиз ҳам шундай.
А.П.: Менинг устимдан полицияга шикоят қилинг! Илтимос!
Ж.И.: (Қўлини пешонасига қўйиб турган смайлик.)
А.П.: ЛГБТ ҳуқуқларини талаб қилиш қонунга зид эмас. Конституциянгизни яна бир бор текшириб кўринг.
Ж.И.: Шундай дейишингизни билгандим. Қотиллик қонун билан тақиқланган. Шунинг учун қотилликка чақириш қонун билан жазоланади. Бесоқолбозлик билан ҳам шундай! Агар сиз бесоқолбозлик ҳуқуқи тарафдори бўлсангиз, бу ўлдириш ҳуқуқини сўрашдан фарқ қилмайди. Камида менинг юртимда шундай! Буёққа юборишдан олдин сизга буларни ўргатишмаганми?
Изоҳ: Журналист бунга жавоб бермади, шунинг учун у “гапларимга ишонмаслик — ихтиёрингиз” деб мавзудан қочиш учун қилган уринишига қайтдим.
А.П.: Менинг гапларимга (яъни илк хабарда қилинган даъволарга) ишонмаслик — ихтиёрингиз.
Ж.И.: Бу ҳодисани мамлакат ичкарисидан шошилинч янгилик сифатида дунёга хабар қилганингиздан кейин айтаётган гапингиз шуми? Қўйсангизчи!
А.П.: Мен шунчаки троллар билан шуғулланиб чарчадим, шу холос. (Бу гап) шахсан сизга тегишли.
Ж.И.: Тролнинг таърифи қандай? Агар мен трол бўлсам, унда ким трол эмас?
Изоҳ: Асосли саволларга тайинли жавоб бера олмагач суҳбатдошни тролга чиқариш ким учундир балки ярашардию, аммо халқаро тоифадаги журналистга бироз ярашмади.
Суҳбат, менимча, шу ерда якунланди. Кўриб турганингиздек, мен “Миразиз Базаровга бўлган исламист блогерларнинг ўлим таҳдиди” хусусида ким ҳақ ёки ноҳақлиги борасида эмас, балки журналистнинг Ўзбекистон ичкарисидан дунё оммасига тарқатаётган хабарини қанчалик асослаб бера олишини сўроққа тутдим. Мен журналистикага қарши эмасман. Аммо журналист қайсидир шахсга, у ким бўлишидан қатъи назар, “исламист” деб тамға босаркан, у бунинг учун далил келтира олиши керак. Чунки бу чакана айблов эмас. Шунингдек, халқаро тоифадаги журналистлар Ўзбекистон ичидан туриб дунёга инглиз тилида ахборот тарқатаркан, Ўзбекистон қонунлари ва халқ манфаатлари билан ҳисоблашишга мажбур. Чунки халқ — бу биз. Бизнинг манфаатимизга тескари ғоялар олдида албатта ўз ҳақимизни талаб қиламиз. Шаҳар бедарвозами? Журналист бу ҳодисаларни ўз Twitter’ саҳифасида тинмай ёритиш асносида ЛГБТ ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини яширмаган. Менинг шахсий тушунчамга кўра, жиноятни тарғиб қилишнинг ҳам ҳуқуқий оқибатлари бўлиши керак. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси билан тақиқланган бесоқолбозлик (ЛГБТнинг бир қисми) ҳуқуқларини тарғиб қилганлик учун қонунда қандай чоралар назарда тутилганлиги ҳақида ахборот беришларини сўраб қоламан.
Жавоҳир Иззатуллоҳ,
Azon.uz’нинг жамоатчи мухбири