Демократияга қарши чиқувчи, яъни албатта қандайдир қонхўр золим тепамизда гурзи ўйнатиб туриши шартлигини уқтирадиган ёки шу гурзини ўзи ўйнатиб туришни орзу қиладиган қатлам бор. Бу қатлам халқнинг овозини ўчириб, оёқ-қўлини боғлаш учун нималарни ўйлаб топмайди, дейсиз?!. Ўзлари тўқиган афсоналарни бир сиёсий мантра (дуо) каби такрорлашдан чарчашмайди. Буни бошқаларга ҳам ёдлатишга уринишади.
Автократ ва диктаторлар ҳамда уларнинг чала ғажиб ташлайдиган суягидан умидвор тувакбардорлари чайнаб юрадиган бир афсона бор: эмишки, демократияга йўл берсак, ЛГБТга ҳам йўл берган бўламиз. Ҳаммаёқни ЛГБТ босиб кетиб, юргани йўл топилмай қоламиз! Куни кеча Путин ҳам ўз мурожаатида тингловчиларни яна бир марта шу “олабўжи” билан қўрқитишдан ҳазар қилмади. Гарчи залда ўтирганларнинг айримлари ёки уларнинг фарзандлари ҳам шу оқимга мансуб бўлсада, қарсиллатиб қарсак чалиб, ёлғондан “жичча” кўз ёши ҳам қилиб олишди.
AzonTV да бериладиган “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонида Конституция ва жамият, инсоннинг шахсий эркинлиги, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида уюштирилган суҳбатда ана шу “мантра”га ҳам изоҳ бериб ўтилди. Яъни, демократия ва либерализм инсонга эркинлик берар экан, ЛГБТга ҳам эркинлик беришни талаб қиладими, деган савол муҳокама этилди. Кўрсатувнинг доимий эксперти, сиёсатшунос Ҳамид Содиқнинг айтишича, ҳозирча бизда демократия эмас, автократия устувор.
- Мазкур “мантра” политологиянинг ўрганиш предмети эмас, дейди Ҳамид Содиқ. - Яъни давлатдаги эркинлик, деганда, аввал сиёсий эркинликни, демократия деганимизда эса биздаги Олий мажлис деган ташкилотнинг, тўғрироғи, ундаги депутатларнинг эркинлигини назарда тутишимиз керак. Чунки депутатларга халқ мандат берган. Парламент, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент тузилмалари ўзаро бир-бирини тийиб тура олиши, назорат қила олиши лозим. Демократия – халқ бошқаруви дегани. Яъни халқ ўзи сайлаган ва ваколат берган вакиллари – депутатлари орқали давлат бошқарувида иштирок этиши, назорат қилиши лозим. Халқ берган мандат энг залворли ваколат ҳисобланади. Лекин шу ваколатдан ҳам фойдалана олмаётган депутутлар муаммоси турганида, жинсий эркинликлар ҳақида гапириш қанчалик тўғри? Бу масаланинг борлигидан кўра ёпиқлиги катта муаммо. Элитар қатламда қанча тарқалган, аҳоли орасида қанча тарқалган – билмаймиз чунки. “Демократияга ўтсак, Ғарбдаги аҳволга тушамиз”, деб жар солиб юрадиганлар билармикан? Эҳтимол, демократияга ўтмасдан туриб, бу борада миқдор жиҳатидан Ғарбдан ҳам илгарилаб кетгандирмиз? Бу масала ва демократия ўртасидаги боғлиқликни муҳокама қилишнинг ҳам ҳожати қолмагандир балки?
Қолаверса, оммавий ҳуқуқнинг бир қоидаси бор – бирор омил жамият манфаатига зид келса, у ҳимоя қилинмайди. Яъни, жамият истамаган қадриятларни жамиятга мажбуран сингдириш қийин, дея фикр билдирди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.