8 июнь куни Олмаота вилояти прокуратураси 2022 йил январида Қозоғистонда содир бўлган қонли воқеалар чоғида ҳибсга олинганидан сўнг қийноққа солингани ҳақида маълум қилган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросининг аризасини рўйхатга олди.
Бу ҳақда “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” нодавлат ташкилоти раҳбари, ҳуқуқ фаоли Айна Шўрманбаева маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тўрт нафар фуқароси 2022 йил январида ҳибсда қийноқларга учраган қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов билан бирга ушлаб турилган ва Қозоғистон давлат матбуоти уларни “ёлланма жангари” сифатида кўрсатишга уринган.
“Улар [тўрт нафар ўзбекистонлик] яна таъқиб қилинишидан қўрқиб, ариза топширмасдан Қозоғистонни тарк этган. Биз ўзимиз Ўзбекистонга бориб, уларнинг кўрсатмаларини олдик ва прокуратурадан ушбу кўрсатмаларни тергов қилинаётган ишга қўшишни сўрадик. Олмаота вилояти прокуратураси қийноқлар бўйича ишни тергов қилмоқда. Уларни жабрланган деб тан олишади. Прокуратура аризамизни қаноатлантирди, - деган Айна Шўрманбаева.
Ҳуқуқ ҳимоячиси хавфсизлик нуқтаи назаридан тўрт жабрланганларнинг исмларини ошкор қилмасликни сўраган. Мавжуд маълумотларга кўра, жабрланувчиларнинг энг кичиги 26 ёшда, энг каттаси 48 ёшда. Улардан уч нафари ўзаро қариндош. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир.
Олмаота вилояти прокуратураси бўлими бошлиғи Галимжан Сарсеновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан “Қийноқлар” ва “Ҳокимият ёки ваколат доирасидан чиқиш” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Ўтган йилнинг январь воқеалари чоғида Қозоғистонда икки қирғизистонлик ҳалок бўлган эди. Бир неча қирғизистонликлар ҳибсга олингани ва қийноққа солингани айтилади. Улар орасида таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов ва Олмаотада ишлаётган Қирғизистон фуқароси Чўлпонбек Сидиқов ҳам бор.
Рузахунов Қозоғистон расмийларидан товон ундириш ниятида эканлигини маълум қилган. Жорий йилнинг 25 май куни Остона суди Рузахуновнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига қўйган даъвосини қаноатлантирмади. Даъвогар расмийлардан узр сўрашни ва январь воқеалари пайтида Қозоғистон расмийлари томонидан у ҳақида тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини тан олишни талаб қилган.
Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов жорий йилнинг 5 январь куни Остона парламентида содир бўлган воқеаларни тергов қилишнинг бориши ҳақида ҳисобот берар экан, Январь воқеаларида Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқаролари қаторида қирғизистонликлар ҳам иштирок этганини иддао қилган эди. Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирликлари Қозоғистон Бош прокуратурасининг ўз фуқароларининг январ воқеаларига алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларини рад этган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати 5 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қозоғистон элчисини қабул қилгани ҳақида хабар берганди.
Ҳуқуқ фаоллари аввалроқ Январь воқеалари чоғида камида икки нафар Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолгани ҳақида хабар берганди. Январь воқеалари чоғида Олмаота шаҳридаги Олтин Ўрда бозорида аравакашлик қилган, Қорақалпоғистоннинг Тахиятош шаҳрида туғилган 32 ёшли Мақсет Қанатбоев қўлга олинган. Полиция яқинларига Қанатбоев 12 январь куни қўйиб юборилганини айтишган, бироқ у уйига қайтмаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, иш махфий ҳисобланади. Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси, 1978 йилда Қорақалпоғистоннинг Шимбай шаҳрида туғилган Азат Жуманиёзов 2022 йил 4 январдан бери бедарак йўқолган. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистоннинг тўртинчи даврий ҳисоботи бўйича ўзининг якуний кузатувларида мамлакат ҳукуматига хавфсизлик кучлари ва қамоқхона ходимларининг маҳбусларнинг қийноқ ёки ўлимларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатларни текширишни ва қурбонларнинг оилаларига тегишли компенсация тўлашни тавсия қилган.