Туркиянинг Коня вилоятида 9 август куни бошланган V Ислом бирдамлик ўйинлари кеча ўз ниҳоясига етди. V Ислом бирдамлик ўйинларида 4000 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Улар орасида ҳамюртларимиз ҳам бор бўлиб, якунда Ўзбекистон вакиллари фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Ўйинлар Ислом бирдамлик спорт федерацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар иштирокида ташкил этилди.
V Ислом бирдамлик ўйинлари аввалроқ Covid - 19 пандемияси сабабли бекор қилингани учун бир йил кечикиб ўтказилди.
24 йўналиш бўйича ўтказиладиган мусобақаларда 56 давлатдан 4 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди. Жами 355 та медал ўйналди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.
V Ислом бирдамлик ўйинларида спортчиларимиз 51 та олтин, 42 та кумуш, 65 та бронза, жами 158 та медални қўлга киритган.
- Ислом бирдамлик ўйинлари тарихи
Ислом географияси бўйича спортчиларни ривожлантириш, спортчилар ўртасида биродарлик ва ҳамжиҳатлик маданиятини оширишга қаратилган I Ислом бирдамлик ўйинлари 2005 йилда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган. Ўйинлар доирасидаги мусобақаларда ИҲТга аъзо давлатларнинг мусулмон бўлмаган фуқаролари ҳам қатнашиши мумкин.
II Ислом бирдамлик ўйинлари 2009 йилда Эрон пойтахти Теҳронда ўтказилиши керак эди. Мусобақа 2010 йилга қолдирилди ва кейинчалик бутунлай бекор қилинди.
III Ислом бирдамлик ўйинлари 2013 йил Индонезиянинг Палембанг шаҳрида, IV Ислом бирдамлик ўйинлари эса 2017 йилда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Конья шаҳрида (Туркия) бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида“ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга биноан V Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар:
• олтин медаль учун – 5 минг АҚШ доллари;
• кумуш медаль учун – 3 минг АҚШ доллари;
• бронза медаль учун – 2 минг АҚШ доллари;
Спортчиларни тайёрлаган тренерлар:
• олтин медаль учун – 2,5 минг АҚШ доллари;
• кумуш медаль учун – 1,5 минг АҚШ доллари;
• бронза медаль учун – 1 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик маблағлар билан мукофотланади.