Кутаҳя вилоятининг Тавшанли туманидан Бурсанинг Муданясига йўл олган автобус Доманич ҳудудида ҳалокатга учради. Milliyet газетасининг хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 38 киши тан жароҳати олди.
Воқеа кеча, кечки соат 08:30 атрофида Тахтакўпру маҳалласида содир бўлган. Сайёҳларни олиб кетаётган автобуснинг тормози ишдан чиқиши натижасида ҳайдовчи бошқарувни назоратдан чиқарган. 20 метр судралиб борган автобус дарахтга бориб тўхтади. Хабарнома билан тез ёрдам, ёнғин ўчириш гуруҳ, АФАД ва жандарм гуруҳлари минтақага юборилди.
Автобус ҳайдовчиси ва 2 йўловчи воқеа жойида, 2 киши эса олиб кетилган шифохонада ҳаётдан кўз юмди. 38 ярадор тез ёрдам машиналари билан Кутаҳя ва Бурсадаги шифохоналарга етказилди. Қутқарув гуруҳлари воқеа содир бўлган ҳудудда кенг қамровли хавфсизлик чораларини кўрганан, воқеа билан боғлиқ тергов ишларини бошлади.
Инегўл прокуратураси воқеа ҳақида баёнот берди.
"Сайёҳлик автобусининг ағдарилгани юзасидан Инегўл прокуратураси зудлик билан суриштирув ишлари бошланди. Мазкур иш билан шуғулланиш учун икки нафар прокурор дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Марҳумларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этяпти, ярадорларни даволаш эса турли шифохоналарда олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.
Воқеа жойига Бурса губернатори Якуп Cанболат ҳам етиб борди: “Бизда қайғули воқеа бўлди. Ҳодиса сабаблари техник экспертиза натижасида аниқланади. Ҳозир бу ҳақда ҳеч нарса дейиш тўғри бўлмайди”, деди у.
Бахтсиз ҳодиса юз берган автобусда ҳамюртларимиз бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига мурожаат қилдик. Бош консулнинг биринчи котиби Шерзод Абдуназаровнинг Azon.uz мухбирига айтишича, мазкур ҳодисада жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uzнинг Туркиядаги махсус мухбири