Кеча бир гуруҳ ташаббускор аёллар Туркия Буюк Миллат Мажлисига (парламентига) Конституцияга аёлларнинг ҳижоб ўрашига конституциявий кафолатлар берувчи ва никоҳ битимида томонларни аниқ белгиловчи ўзгаришлар бўйича таклиф киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Адолат ва тараққиёт партиясининг Туркия парламентидаги гуруҳи раҳбари ўринбораси Ўзлем Зенгин парламентдаги ўзи каби аёл партиядошлари, Миллиятчилик ҳаракати партияси, Буюк бирлик партияси депутатлари билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида Конституцияга ўзгартириш киритиш таклифи борасидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
(Ўзлем Зенгин – ҳуқуқшунос. Истанбул университетининг ҳуқуқ факультетини тамомлаган. Мармара университети Ижтимоий фанлар институтида Дин социологияси бўйича магистрлик даражасини олган. Мустақил адвокат сифатида ишлаган. У ОАВ соҳасида ҳам фаолият олиб борган, теледастурлар тайёрлаган. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг бош маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Инглиз тилини яхши билади, 3 фарзанднинг онаси).
Ўзлем Зенгиннинг нутқидан муҳим парчалар:
“Тўғрисини айтсам, йиғладим. Менимча, ёнимдаги дугоналарим ҳам айни шундай ҳиссиётларни бошдан кечирдилар. Шу билан бирга бизни бугунги вазиятга олиб келган ҳолат нима, деб ўйладим. Жуда узоқ, қарийб 50 йил аввал пайдо бўлган жароҳат ҳақида гап кетяпти. Биз ишонч ва умид билан бугунги кунга етиб келдик. Ва ҳижобга қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши учун фақат ва фақат ҳуқуққа, фуқаролик жамиятига ва албатта сиёсатга ишониб ҳаракат қилдик. Фақат демократик тамойиллар асосида ишладик ва ҳижобга тақиқнинг бекор қилинишига етиб келдик.
Бугун сизларга айтмоқчи бўлган масаламиз оддий эмас. Таъбир жоиз бўлса, Туркия тарихидаги энг жиддий муаммонинг ўзгариши ҳақидаги таклифни илгари суряпмиз. Биз Адолат ва тараққиёт партияси, Миллиятчилик ҳаракати партияси, Буюк бирлик партияси депутатларидан иборат жами 336 кишилик гуруҳ имзо чеккан Конституцияга ўзгартиш киритиш борасидаги таклифимизни ўртага ташлаяпмиз.
Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади. Жуда узоқ йўлни босиб ўтдик. Ҳар хил тўсиқ ва эътирозларга дуч келдик. Қачонки ҳижоб муаммоси ўртага ташланса, энг кўп эшитадиган гапимиз нима, биласизми? “Яна рўмол масаласими?! Яна шу гапми?!”
Аслида ҳижоб билан боғлиқ муаммонинг инсонийлик тарафини жуда ва жуда оз муҳокама қилганимиз, айни бу жиҳатга деярли эътибор қаратмаганимизни англаб етдик. Бу мавзу конституцияга ўзгартишлар таклифи қабул қилинганидан кейин ҳам муҳокама марказида туравериши керак. Чунки ҳижобга тақиқ Туркия қонунчилигида аёлларга нисбатан геноцид эди. Аёлларимизнинг каттагина қисмини ижтимоий ҳаётдан, меҳнат жабҳалари ва таълим жараёнидан четлатишни исташарди.
Ҳижобга тақиқ ҳақида сўз кетса, бунда фақат бир аёлнинг муаммоси эмас, балки масаланинг бошқа жиҳатлари мавжудлигини ҳам ўйлаб кўриш керак.
Ҳаётимда “қиз фарзанд кўрсам, у ҳам мен каби шундай жамиятда яшайдими, шундай қийинчиликларни бошидан ўтказадими?” деган қўрқувдаги оналарни кўп кўрдим.
Ҳижобга тақиқ 1960 йилларда қўйилган бўлсада, 1986 йилларга келиб, тизимли равишда амалда қўллана бошланди. Ёдингизда бўлса, бу ишлар бошида давлат тўнтаришини уюштирган исёнчи, кейинчалик Туркия президенти бўлган Кенан Эврен турганди.
Ҳижоб тақиқланишига қарши кураш бошланганида, унинг олдинги сафларида асосан рўмолсиз аёллар турган. Жумладан, ўзим ҳам ҳижоб тақиқига қаршилик бошлаган давримда рўмолсиз эдим. Бугун тақиқни йўқотиш учун курашаётганимизда эса кўплаб рўмол ўрамаган аёллар, ёшлар, дунёвий одамлар, яъни ўзи диндор тушунчада бўлмасада, демократик тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида бизни қўллаётган инсонлар ёнимизда турганини эътироф этиш керак. Шу боис бугунги ҳаракатимиз нафақат университет остонасида сарғайиб турган қайси бир ишлоқлик рўмолли қизнинг дардига, балки бутун мамлакатга дахлдор оғриқли бир муаммога асосланганини ҳис қилишимиз лозим.
80-йиллардаги вазиятни эслатдим. 1990 йилга келиб, бошқа бир вазиятга гувоҳ бўлдик. 90-йилларда давлат тепасига келган президент Тургут Ўзал, бу муаммони ҳал қилиш йўлида маълум қадамлар ташлади, аммо улар Конституциявий суд томонидан рад этилди.
1997 йил 28 февраль воқеалари рўмол тақиқлари бўйича энг ёмон кун сифатида хотирамизда қолди. Кўпчиликнинг эсида бор, ҳатто имом-хатиб лицейларида ўқийдиган кичкина қизалоқлар ҳам рўмол ўрай олмагани сабабидан бошига парик тақиб юришга мажбур бўлар, тенгдошлари уларни мазах қилар ва ҳатто айрим бебош болалар уларнинг парикларини юлиб қочиб, калака қиларди. Ҳатто бир вилоятнинг ҳокими мактаблар олдида туриб олиб, қизларнинг дарсга рўмолсиз киришини шахсан назорат қилишгача борганди. Бу ҳолатлар муслима аёлларнинг юрагига шу қадар катта изтироб ва аламларни солдики, тасаввур қилишингиз имконсиз...
Айни шу изтироб ва аламлар Адолат ва тараққиёт партиясининг тузилишига сабаб бўлди, десак, янглишмаган бўламиз. Ҳатто қўрқмасдан айта оламизки, Адолат ва тараққиёт партиясининг ташкил этилишида аёллар, хотин қизларнинг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Мазкур партиянинг энг аоссий мақсад ва вазифаларидан бири – эътиқодли аёлларни қўллаб қувватлаш, деса ҳам бўлади. Агар мендан, нима учун сиёсатга кирдингиз, деб сўрашса, депутат бўлиш учун эмас, шу ҳижобга тақиқни бекор қилиш учун, дея жавоб берган бўлардим. Зотан қонимизда адолатсизликка тоқатсизлик бор. Партиямизнинг олий мақсади ҳам айни шундан иборат.
Табиийки, биз, рўмолли аёллар, бошимизга тушган изтироб ва қийинчиликларни “танаси бошқалар” ҳис қилишини кутаётганимиз йўқ. “Энди бу гапларни қўйинглар, мана тақиқлар тугади, ўлган илоннинг бошини янчмайдилар”, дейишса, буни ўта бемаънилик, дея қабул қиламиз. Шунинг учун конституцияга ўзгартиш киритиш таклифимизни парламент қабул қилганидан кейин ҳам бу мавзуда гапиришда давом этамиз.
Бизга айтилган энг кўп гаплардан бири: “сизлар эътиқодингиз учун эмас, сиёсат учун ҳижоб ўраб олгансизлар!” деган мантиқсиз тушунча бўлган. Биз бундай туҳматга дарҳол: “Асло, асло! Сиёсатнинг алоқаси йўқ, иймонимиз тақозоси билан рўмол ўраганмиз! Аллоҳнинг буйруғи бўлгани учун ҳижобда юрамиз!”, дея эътироз билдирганмиз.
Аслида жамиятимизда ҳижоб муаммоси ўткир эмас, десак ҳам бўларди. Чунки ҳамкасбларим, яъни ҳуқуқшунослар яхши билишадики, Туркияда ҳижоб бўйича ва хоссатан, ҳижоб ўрашни тақиқловчи қонун йўқ. Аёллар бозорга ёки бошқа жойларга рўмол ўраган ҳолда бемалол чиқиши мумкин. Аммо айрим ҳуқуқий масалаларда бу муаммо юзага чиқиб қолади. Масалан, мен ҳижоб ўраганим учун адвокат сифатида суд мажлисларига қўйилмайман, аммо судланувчи ёки гувоҳ сифатида рўмолим билан бемалол қатнашишим мумкин. Яъни бирор лавозимга тайинланиш, бирор масъул вазифа юклатилиши асносида ҳижоб билан боғлиқ муаммо юзага чиқади. Буни мантиқан тушунтириш мушкул, чунки Туркияда ҳижобни тақиқлашда бирор бир қонуний асосга таянилмайди. Масалан, биз адвокатлар учун рўмолни “ҳижобда юриш касбингизга ярашмайди”, деган баҳона билан тақиқлашади. Бинобарин, бошқа касб вакилларига ҳам шунга ўхшаш оғзаки ва мантиқсиз гапларни топиб айтишади.
Қонуний тақиқ йўқлиги боис, 2013 йилда Адолат ва тараққиёт партиясидан беш нафар ҳижобли аёл Туркия парламентига депутат этиб сайланди ва юқорида зикр этилган тушунчалар аста-секин йўқликка юз тута бошлади. Бу ҳодиса ортидан, 2015 йилга келиб биз – бир қатор рўмол ўраган аёллар ҳам Адолат ва тараққиёт партиясидан Туркия Буюк Миллат Мажлисига (парламентига) депутат этиб сайландик ва ҳижобли миллат вакиллари сифатида қасамёд қилдик. Бу ҳолат биз учун ҳам, мамлакатимиз ҳаёти учун ҳам фавқулодда бурилиш нуқтаси эди. 1986 йилда, президент Кенан Эврен раҳнамолигида университетлардан рўмолли талаба қизларни ҳайдаш билан бошланган бу мантиқсиз ва ноқонуний тақиқлар балоси шу тариқа халқимиз бошидан кўтарилди. Фуқаролик жамияти кучайиши билан қонунда йўқ, аммо амалда бўлган тақиқлар бекор бўла бошлади.
Ҳуқуқшунос бўлганимиз учун, ҳамкасбларимиз билан бир масалани кўп муҳокама қилганмиз, бир саволга жавоб излаганмиз. Ҳижобга тақиқни бекор қилиш бўйича мамлакат бош қомусига ўзгартириш киритишга эҳтиёж борми ўзи? Бунинг жавоби аниқ: “Йўқ, асло эҳтиёж йўқ!” Бирор қонунда ёки конституциянинг бирор бобида рўмол ўрамаган аёлларнинг университетда ўқиши ёки расмий вазифада ишлашига доир бирор модда борми? Йўқ! Бошялан аёллар учун бирор қонун ёки тушунча йўқ экан, нима учун ҳижобли аёллар учун алоҳида модда киритиш керак? Бу саволга жавоб шуки, баъзи ҳуқуқлар конституция ва бошқа қонунлардан устун туради. Яъни бир жойда ишламоқчи бўлган аёлнинг ршмолсиз ёки рўмолда юриши унинг қонунлардан устун турувчи шахсий ихтиёрига боғлиқ бўлмоғи лозим.
Яқинда ҳижобга ва қизларнинг рўмолига доимий қаршилик қилиб келган Жумҳурият халқ партияси раисининг “Биз шу масала (рўмол масаласи) бўйича бир қонунни илгари сурмоқчимиз” дегани кутилмаган ҳодиса бўлди. Аммо биз бу қонунга қаршимиз. Чунки, биринчидан, улар таклиф қилаётган қонун лойиҳасида кўпгина камчиликлар, аниқроғи келгусида рўмолни яна тақиқлашга олиб борувчи тирқишлар (лазейкалар) бор. Иккинчидан, бир нарсага қонун билан рухсат берилса, кейинчалик яна бошқа қонун билан уни бекор қилиш мумкин. Конституция эса ҳадеб ўзгартириладиган қонунлар мажмуаси эмас.
Учинчидан, аёлларнинг рўмол ўраш масаласи, юқорида ҳам таъкидлаганим каби, ҳар қандай қонундан устун турувчи инсоний ҳуқуқдир. Шундай экан, рўмол ўраш ёки ўрамасликнинг ҳуқуқий асоси яратилса, у фақатгина конституцион норма бўлиши мумкин.