Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли пайшанба куни Анқара ва Қоҳира Ливия масаласида яқинроқ ҳамкорлик қилади, деди. Бу икки минтақавий давлатнинг яқинлашувида яна бир қадам бўлди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Чавушўғлининг изоҳлари икки давлат муносабатларни тиклаш, Мисрнинг ўша пайтдаги президенти ва Анқара иттифоқчиси Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўн йиллик келишмовчиликдан сўнг сўнг узилган дипломатик алоқаларни тиклаш устида ишлаётган бир пайтда янграмоқда.
Чавушўғли ўтган ой Қоҳирага ташриф буюрган бўлса, Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри февраль ойида Туркия ва Сурияда 50 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган кучли зилзилалар ортидан бирдамлик кўрсатиш учун Туркияга сафар қилган эди.
Икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар орасида Ливиядаги можаро ҳам бор эди.
Чавушўғли Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида «Бундан буён Ливия бўйича янада яқинроқ ҳамкорлик қиламиз. Бугунги йиғилишда биз қарашларимиз моҳиятан унчалик фарқ қилмаганини, аммо баъзи усулларга муносабатимиз бошқача эканини кўрдик», деган.
Икки давлат Ливияда сайлов ўтказиш бўйича йўл харитаси устида иш олиб боради ва Ливиянинг шарқи ва ғарбида қўшма ҳарбий кучларни тайёрлаш ва кучайтириш устида иш олиб бориши мумкин, деди у.
Шукри, “Биз Туркия билан Ливияда сайлов ўтказиш бўйича муштарак истагимиз бор”, деб фикрини билдирган.
2011 йилда НАТО томонидан Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Ливияда тинчлик ўрнатилмади ва 2014 йилда у шарқий ва ғарбий гуруҳлар ўртасида бўлиниб кетган, можаронинг охирги йирик жанги 2020 йилда ўт очишни тўхтатиш билан якунланган эди.
Бироқ, можарони ҳал қилиш бўйича сиёсий жараён 2021 йил декабрида бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловлар муваффақиятсизликка учрагач, асосий номзодларнинг ҳуқуқи бўйича келишмовчиликлар туфайли тўхтаб қолди.
Чавушўғли ва Шукри, шунингдек, икки давлат элчиларни қайта тайинлаш ва раҳбарлар ўртасида саммит ўтказиш учун қадамлар ташлашини маълум қилишди.
«Биз Туркия билан дипломатик алоқалар даражасини ошириш ва икки президентнинг саммитига тайёргарлик кўриш бўйича аниқ муддатни келишиб олдик», — деган Шукри.