Туркиянинг Миллий истихборот ташкилоти (қисқача МИТ) нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам маълум амалиётларни олиб бораётгани сир эмас. Бунга, аввал ҳам таъкидлаганимиздек, минтақада йигирма йиллар аввал ёқилган уруш оловининг ҳали ҳам сўнмагани сабаб бўлмоқда. Туркия шарқида манфаатлар тўқнашуви давом этар экан, қардошларимизнинг “ҳимоя иммунитети” ишга тушиши табиий. Эътибор берилса, турклар азалий ва абадий душманлари (руслар, греклар, эронликлар) томонидан қанчалик тортишга ҳаракат қилинмасин, урушга киришишдан чекиниб келади. Бу бизнингча Биринчи жаҳон урушида олинган чуқур жароҳат билан боғлиқ, десак, фикримизга қўшилсангиз керак. Ироқ ва Сурия шимолидаги вазиятни ҳам турклар ўта ҳушёрлик билан кузатиб турди. Фақат охирги йиллардагина чегара ташқарисида очиқчасига ҳарбий амалиёт олиб борди. Шунда ҳам ўта тажрибали сиёсатчи Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг Мудофаа ва истихборот тизимида олиб борган ислоҳотларидан кейин “ишга киришилди”.
Хўш, бу қандай юз берди?
Анъанавий разведка адабиётларида разведка идораларининг хавфсизлик ва разведка масалаларига шубҳа билан қарашига ўзига хос тенденция сифатида қаралади. Сиёсатчилар эса, истихборотчиларга терс ўлароқ, келажакдаги мақсадларга асосан оптимистик ёндашадилар. Бу нуқтаи назарлар хавфсизлик масалалари бўйича икки соҳа ўртасида номувофиқликка олиб келиши мумкин. Ушбу потенциал номувофиқликни бартараф этишнинг муҳим йўли ҳар икки томоннинг фаол мулоқот қилиши ва турли нуқтаи назарларни ҳисобга олишидир. Фақат шу йўл билан сиёсий қарор қабул қилувчи томонидан белгиланган мақсадларга эришиш мумкин бўлади. Бу разведка ташкилотининг ресурслари ва имкониятларидан оқилона фойдаланишни ҳам таъминлайди.
Сиёсий некбинлик ва истихборот шубҳаси ўртасидаги уйғунликни таъминлаш ва бу борада тил топишиш айниқса муҳимдир. Сиёсатчилар ва разведка идораси ўртасидаги бу уйғунлик миллий хавфсизлик масалаларида самара беради. Шу маънода Туркия трансчегаравий терроризмга қарши курашда оператив фаолият ва мақсадларни бартараф этишда жадал суръатда илгари интилмоқда.
Сиёсий бошқарув ва разведкачилар ўртасидаги муносабатларда қандай ўзгаришлар рўй берди?
Сиёсий элита ва Миллий Разведка Ташкилоти (МИТ) ўртасидаги уйғунликни ўрнатишда тўрт масаладаги ривожланиш эътиборни тортади. Биринчиси, 2012 йили Бош штаб қошидаги Электрон тизимлар қўмондонлиги бошқаруви МИТга ўтказилди. Туркия ва унинг атрофидаги географиядан электрон разведка маълумотларини тўплаш имкониятига эга сунъий йўлдош ва ер тизимларининг МИТга ўтказилиши миллий разведка институтини рақибларига қарши курашда рақобатдош ҳолатга келтирди, десак хато бўлмайди.
Иккинчи масала – 2014 йилда ташкилот тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар. Шунга кўра, МИТ қонуний равишда мамлакатдан ташқарида амалиётларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди. МИТнинг миллий хавфсизликка таҳдид солаётган террор ташкилотларига қарши, айниқса терроризмга қарши кураш доирасида, ярим ҳарбийлаштирилган воситалар билан олиб бораётган кураши жамоатчилик фикрида ўз аксини топиши билан кучайиб, кадрлар, айниқса террор ташкилотларининг қарор механизмларида самарали фаолият олиб боришга қаратилгандек кўринади.
Учинчи масала, Ташкилотнинг терроризмга қарши оператив кураши, айниқса, чегара оша қуролли дронлар билан ҳужум қилиши. Матбуотда хабар қилинганидек, МИТ, керак бўлганда, бу амалиётларни якка ҳолда бажариш учун зарур воситалар, замонавий техника ва малакали ходимлар билан тўла таъминланган. Бу хусусиятлар МИТни халқаро тизимда рақобатлашадиган бошқа разведка хизматларига нисбатан юқори даражага олиб чиқди.
Якуний масала – сиёсий бошқарув ва Ташкилот раҳбарияти ўртасидаги “овузбирчилик” (тил топишиш). Туркиянинг террорга қарши кураши билан боғлиқ ҳолда, сиёсий бошқарувнинг "террорни манбасида йўқ қилиш" деб таърифлаган стратегияси МИТнинг Сурия ва Ироқда террор ташкилотларига қарши олиб борган амалиётларининг асосий мантиқини ҳам англатиб турибди. Бу охирги хусусият Ташкилотнинг юқорида тилга олинган сиёсий қарорлар қабул қилувчи билан уйғун иш олиб боришининг ижобий кўринишларини акс эттиргани билан эътиборлидир.
Терроризмга қарши курашда оператив салоҳиятнинг айрим натижалари
Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған 2021 йил 6 июнь куни Тwitter’да “Маҳмур лагери” террор ташкилотининг раҳбари “Солиҳ Cизре” куняли Ҳасан Адир МИТ томонидан уюштирилган амалиётда йўқ қилингани ҳақида баёнот берди. Жамоатчилик фикрига кўра, бу амалиёт Миллий истихборот ташкилоти томонидан амалга оширилган муҳим трансчегаравий амалиёт эди. Бироқ Ташкилот Турк Қуролли кучлари билан олдинги муштарак амалиётларда сезиларли тажрибага эга бўлиши керак. Чунки “Маҳмур лагери” амалиётидан тахминан уч ҳафта олдин террор ташкилотининг Сурия генерали деб аталган “Сўфи Нуриддин” лақабли террорист муштарак амалиётда зарарсизлантирилди ва бу амалиёт ҳам Эрдоған томонидан жамоатчиликка билдирилди.
Ташкилотнинг техник имкониятлари ва разведка кўрсатган “жой”ни тўғридан-тўғри нишонга олиши нафақат унинг оператив салоҳияти даражаси, балки сиёсий раҳбарият томонидан белгиланган стратегияга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. МИТ 2021 йилда Туркия қуролли кучлари билан биргаликда ва алоҳида ҳолда 30 дан ортиқ амалиёт ўтказди.
Бундан ташари, МИТ ўтган йилги амалиётлар чоғида PKK, ИШИД ва ФEТО каби террор ташкилотларининг юқори мартабали аъзолари бўлган 187 нафар террористни зарарсизлантирди. PKKга қарши уюштирилган амалиётларда 119 нафар террорист йўқ қилинди ёки қўлга олинди. Уларнинг 44 нафари юқори мартабали зобитлар экани ҳам эътиборга молик.
Сўнгги хабарларга кўра, Анқара муҳим қадамни ташлади. Яъни Сурияда Башар Асад режими билан тинчлик ўрнатиш борасида келишишга эришиб бораётгани таҳсинга лойиқ. Агар бу иш амалга ошадиган бўлса, минтақага ин қуриб олган террор гуруҳлари – шиа бўлгинчилари ҳам, Америкага ва русларга ишлайдиган ёлланма аскарлар ҳам, энг асосийси, туркларнинг асосий душмани бўлган PKK террорчилари ҳам сичқон инини минг танггага сотиб олиш пайига тушиб қолишлари муқаррар.
Яна ҳам ҳаммасини вақт кўрсатади.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири