Тошкент вилоятида одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлгани ҳақида тарқалган видеолар юзасидан ҳолат Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари ва туман ДСИ томонидан ҳамкорликда текширилгани ҳақида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, видео тасвирдаги «табиб» – Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган фуқаро Б.Й. (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) эканлиги ва у табиблик борасида маълумотга эга эмаслиги аниқланган.
Мазкур фуқаро тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғидаги, аҳоли орасида «Қуёшли» деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келаётганини айтган.
“У ўзининг кўрсатмасида, 27 май куни «Доривор ўсимликлар ҳақида»ги китобдан Читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса «лоренгит» касаллигини даволаши ҳақида ўқиб, тоғдан «Читтигул» илдизини териб келганлигини ва кукун шаклида майдалаб, қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепиб (пуркаб), ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олганлигини маълум қилган.
Шунингдек, текширув ҳаракати давомида фуқаро Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган ва ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИБ хабарида.