Бугунги кунда бозорларимизда энг арзон гўшт маҳсулоти бу товуқ гўшти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўплаб юртдошларимиз қатори биз ҳам уйда товуқ гўштидан фойдаланамиз. Бироқ, ҳар гал товуқ гўштини истеъмол қилаётганимда бу қандай йўл билан сўйилган экан, ҳалолмикан, каби саволлар хаёлимга келаверади.
Шу кунларда Azon.uz ахборот-таҳлилий портали ва бошқа кўплаб ОАВ вакилларини «Саховат» паррандачилик фабрикасига матбуот анжуманига таклиф қилишди. Бу эса юқоридаги каби саволларга жавоб олиш учун айни муддао бўлди.
Биз у ерда анжуманда қатнашиш билан бир қаторда «Саховат» фабрикаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Товуқ боқилишидан то сўйилиб қадоқлангунга қадар бўлган жараёнларни кузатдик. Тан олиш керакки, «Саховат» мен кўрган товуқ фабрикалари ичида ҳар томонлама тоза, қўланса ҳидлардан ҳоли, кўнгилни беҳузур қиладиган бошқа ҳолатлардан йироқ экан. Ушбу фабрикада ишлаб чиқариладиган товуқ гўшт маҳсулотлари учун берилган «Ҳалол» сертификати ҳақиқатдан ҳам ўзини оқлайди. Негаки, бу ерда товуқларнинг боқилишидан тортиб, истеъмолчилар қўлига етиб боргунга қадар ҳаммаси муқаддас Ислом динимизда кўрсатилган шаръий ҳукмлар асосида амалга оширилар экан.
Мени ҳайратга солган ҳолат, биз баъзи товуқ гўшти сотадиган дўконларга кирсак, у ерда киши дилини хира қиладиган қандайдир ҳид бўладики, бундан кўнгил ранжиб гўшт олгингиз ҳам келмай қолади. Лекин «Саховат» фабрикасининг қушхонасида ҳам, товуқларни бўлакларга бўлиб ички аъзоларини тозалайдиган бўлимда ҳам ҳеч бир кўнгилни ранжитадиган ҳолатга дуч келмадик. Асосийси иккита қассоб ҳар бир товуқни Бисмиллоҳ деб қўлда сўяётганига гувоҳ бўлдик. Бу ҳақда қушхона раҳбари Миролим ака шундай деди:
«Мен ва мана шу сиз кўриб турган қассоб йигитлар Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун товуқларни сўйишда ҳар доим шариатимиз кўрсатмаларига тўла амал қиламиз. Чунки бу товуқ гўштларини ўзимизга ўхшаган мусулмон биродарларимиз учун тайёрлаб бермоқдамиз. Агар биз ишимизда ҳаром аралаштирсак, кўплаб юртдошларимиз дастурхонига ҳаром луқмани кириб боришига сабабчи бўлиб қоламиз. Шунинг учун ҳам доимо бу борада керакли илм эгаларидан сабоқ олиб турамиз».
Маълумот учун: «Саховат» фабрикаси юртимизда «ҳалол» сертификатини олган биринчи паррандачилик фабрикасидир.
«Корхонамиз бу сертификатни олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати, Ветеринария қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг жиддий текширувидан ўтди», — деди «Саховат» фабрикаси ижрочи директори Артур Дапкунас.