Кеча, 8 июн куни Душанбе шаҳрида Марказий жоме масжиди расман очилди. Унинг очилишида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қатар амири Шайх Тамим ибн Ҳаммод Оли Соний ва Душанбе раиси Рустами Эмомали иштирок этишди.
Расмий очилиш маросимидан сўнг масжидга Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит номини бериш таклиф қилинди.
Масжиднинг майдони 12 гектар, бинонинг ўзи 3 гектар майдонда жойлашган ва 3 та катта кириш жойи мавжуд. У бир вақтнинг ўзида 133 минг намозхонни сиғдира олади, шундан 43 000 нафари масжид ичида, қолгани эса унинг атрофида ибодатларини адо этади.
Катта хонақонинг жануби-ғарбий қисмида меҳроб жойлашган.
Масжид баландлиги 74 метр бўлган 4 та минора, 21 метрлик иккита кичик безакли минора, баландлиги 43 метрли катта чиройли гумбаз ва 35 метрлик 17 та кичик гумбаздан иборат. Масжид ичида 6 та кенг дарсхона, меҳмонларни қабул қилиш ва мажлислар ўтказиш зали, 2 кутубхона, 9 та ўқув хонаси, 3 та меҳмонхона ва техник хона мавжуд.