The Washington Post газетаси исми ошкор этилмаган юқори мартабали ҳарбий амалдорга таяниб, Татаристонда Эрон дронларини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши мумкинлигини ёзмоқда.
Юқори мартабали ҳарбий мулозим разведка маълумотларига таяниб, Эрон Татаристонда жойлашиши кутилаётган Россиянинг учувчисиз учувчи қурилмалари заводи лойиҳасини ҳамда техник назоратини таъминлашга рози бўлганини айтди.
Расмийнинг исми ошкор этилмаган.
The Washington Post AҚШ ва унинг иттифоқчиларининг разведка маълумотлари билан таниш бўлган учта аноним манбага таяниб, Москва Эроннинг жанговар учувчисиз учиш аппаратларини Россияда ишлаб чиқариш бўйича Теҳрон билан келишиб олгани ҳақида тахминан бир ой олдин ёзган эди.
Нашрнинг ёзишича, келишувга ноябрь ойи бошида Теҳронда эришилган. Унда Россиядан мудофаа саноати вакиллари иштирок этишган. Дрон ишлаб чиқариш “яқин ойлар" ичида бошланиши мумкин, деб ёзади газета.
NBC телеканали маълумотларига кўра, ҳозирда Россия Эронга учувчисиз самолётлар эвазига илғор ҳарбий техника ва бутловчи қисмлар, шунингдек, вертолётлар ва ҳаво мудофаа тизимларини юбормоқда.
Украинадаги жангларда дронлар муҳим рол ўйнайди. Охирги ойларда, Россия Украинага зарба бериш учун "Герань-2" дронларидан фойдаланмоқда. Украина ва Ғарб давлатлари улар Эрондан жўнатилган “Шаҳед-136” дронлари деб даъво қилмоқда. Эрон расмийлари Москвага ҳужумчи дронлар етказиб берганини тан олди, лекин бу уруш бошланишидан олдин бўлган, деб изоҳ берди.