"Қўшнилар прокуратурага азон овоз кучайтиргич орқали айтилганидан шикоят қилишди"
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда масжидларда азон кунига атиги икки марта айтилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Телеграм каналларида Константиновка ва Светлая Долина турар-жой мажмуаси оралиғида жойлашган “Ярулла” масжиди имом-хатиби овоз кучайтиргич орқали эмас, шунчаки кўчада азон айтаётгани акс этган видео эълон қилинган.
Телеграм каналида ёзилишича, масжиднинг қўшнилари азон овоз кучайтиргич орқали айтилаётгани ҳақида бир неча бор прокуратурага шикоят қилишган. Имомни прокуратурага чақиришган ва у энди улар билан гаплашишни истамайди.
“Турли масжидлардан азон айтиш тақиқлангани ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда, шу боис жамоатчилик эътиборини ушбу масала муҳокамасига қаратишим керак. Мен бу ҳолат ҳақида ўтган ҳафтадан бери ёзяпман. Аввалига мавзуни кўтармасликка ва барча хабарларни ўзлари ҳал қилиши учун муфтийликка жўнатишга қарор қилган эдим”.
“...бу ёқимсиз иш Қозон шаҳрининг каттагина туманидаги муҳтасиботлардан бирининг бошлиғи ўз масъул имомларига микрофонга уч вақт намоз учун азон айтишни тақиқлаши билан бошланди. Айтишларича, бу юқори раҳбариятнинг расмий тақиқи ва қандайдир қонун бузилиши экан”. Адвокат Руслан Нагиев бундай қонун мавжуд эмаслигини ва бундай тақиқ ҳақиқий эмаслигини айтган. Шунингдек, Комил ҳазратлари вакил бўлган муфтийлик уч вақт намоз ўқишга бундай тақиқ қўймаганликларини таъкидлайди.
“... Охир-оқибат, биз Гус-Хрусталний ёки Переславл-Залесский эмасмиз. Биз Татаристоннинг пойтахти Қозонмиз ва атрофга эшитиладиган азон бизнинг маданий белгимиздир...” деб ёзади блоггер Расул Тавдиряков.
“Азоннинг тақиқланганлиги ҳақидаги гаплар жуда бўрттирилган”
Қозондаги масжидлардан бирига доимий ташриф буюрадиган мусулмоннинг айтишича, тунги намозлар учун овоз кучайтиргичда азон айтиш тақиқланган. Унинг сўзларига кўра, имом-хатибга бу ҳақда муфтийлик вакили томонидан, табиийки, ҳеч қандай расмий қарорларсиз буйруқ берилган.
Татаристон муфтийсининг биринчи ўринбосари Рустам ҳазрат Валиулин азон айтишнинг тақиқланишини “ёлғон” деб атаган.
– Бу воқеа фақат айрим маҳаллаларда имом-хатибларга нисбатан одобсизлик билан боғлиқ. Баъзида низолар бўлади. Азондан нолиган одамлар бизга қўнғироқ қилишмайди, бундай одамлар масжидга келиб, имом-хатибга мурожаат қилганидан хабарим йўқ. Аризаларини интернетга ёзиб Халқ назоратига юборишади. Бунга рози бўлмаганлар орасида татарлар ҳам, татар бўлмаганлар ҳам бор. Шикоят ёзган ҳар бир кишига расмий жавоб юбордик.
Ҳеч ким азонни ман қилмаган ва қилмайди. Азонни ман қилиш масаласи ҳеч қачон кўтарилмаган, вазият жуда бўрттирилган. Азоннинг тақиқланиши ҳақидаги гаплар уйдирмадир. Ҳамма масжидларда кунига беш маҳал азон айтилиб, намозга чақирилмоқда.
Намознинг шарти азон эмаслигини кўпчилик билмайди. Азон намоз вақти келганлигини очиқ эълон қилиш усулидир. Намоз азонсиз ҳам саҳиҳ ҳисобланади, – деган Рустам ҳазрат.
...лекин тақиқ ҳақидаги огоҳлантиришлар бўлган
Константиновка қишлоғидаги “Ислом нури” жоме масжиди имом-хатиби Алмарис ҳазратнинг вазиятга ойдинлик киритиб: “Дарҳақиқат, куннинг қоронғу вақтида учта азон оҳиста айтилади.
Кунига беш марта азон айтамиз. Аммо биз аср, шом ва хуфтон намозлари учун азонларни микрофондан узоқлашиб, секинроқ айтамиз. Бу аҳоли тинчлигини бузмаслик учун амалга оширилади.
“Ярулла” масжидига адвокатлар коллегияси судга мурожаат қилишни тавсия этишган. Суд қарорига кўра, беш вақт азон айтиш тақиқланмаган, лекин кечаси азон секинроқ бўлиши керак”, деган.
Шунинг учун бўлса керак, одамлар азонни кунига икки марта эшита бошлаган.
Катта эҳтимол билан “Ярулла” масжиди имом-хатиби ҳам худди шу сабаб билан кўчада азон айтган.
Адвокатларнинг фикри
Адвокатлар миллий ассоциацияси (НАЮР) вакили Марат Ашимов бу муаммодан хабардор эканини таъкидлайди. Адвокатларнинг расмий жавобида шундай дейилади: “Россия Федерацияси Конституциясида: "Ҳар кимга виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги, шу жумладан якка тартибда ёки бошқалар билан биргаликда ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик, диний ва бошқа эътиқодларни эркин танлаш, эгаллаш ва тарқатиш ва ҳаракат қилиш ҳуқуқи кафолатланади".
"Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида" ги 1997 йил 26 сентябрдаги 125-ФЗ-сонли Федерал қонунининг 3-моддаси 1-бандига биноан Россия Федерацияси дин эркинлигини, ибодат қилиш ҳуқуқини, диний маросимлар ва маросимларни, дин ва диний таълимни ўргатиш кафолатланади.
Мусулмон ҳуқуқшуносларининг сўзларига кўра, 2012 йилда Қозондаги “Энилер” масжиди атрофида ҳам шунга ўхшаш можаро пайдо бўлган. Қозонлик Дмитрий Фролов соат 23:00 дан эрталабки 6 гача шовқинни тақиқловчи қонунга ўзгартириш киритишни талаб қилган эди. Масжид вакиллари федерал қонунга кўра, диний ташкилотларга азон айтиш ва қўнғироқ чалиш орқали ибодатга чақириш тақиқланмаганлигини маълум қилган. Давлат кенгаши депутати Рафил Нугумонов ҳам масжид ҳимоясига турди. Қозон судьялари ҳамма нарсани ўзгаришсиз қолдириш ва азонни тақиқламаслик ҳақида ҳукм чиқарган эди.
Татаристон муфтийси Комил Самигуллин шахсан Руслан Нагиевга Диний бошқарма томонидан азон айтишга ҳеч қандай тақиқ йўқлигини маълум қилган. Кечаси ва эрталаб овоз баландлигини камайтириш учун фақат тавсия қилинган.
"Агар кимдир азонни ман қилиш йўлига ўтса, бу конституциявий ҳуқуқларни поймол қилган бўлади"
Журналист Искандар Сирозий масжидлардаги азон муаммосига тўхталиб, шундай дейди:
“Тонгда азон шундоқ ҳам қаттиқ овозда айтилмайди. Бу масалада мусулмонлар қонунга риоя қилишади.
Шом ва хуфтон намози соат 23.00 га қадар ўқилади: унга азон баралла овозда айтилиши мумкин, чунки қонун буни тақиқламайди. Бунинг учун махсус рухсат олишингиз ҳам шарт эмас.
Биз черков қўнғироқларидан шикоят қилмаймиз-ку, нега бошқалар биздан шикоят қилишлари керак?
Агар кимдир азонни тақиқлаш йўлини тутса, бу конституциявий ҳуқуқларнинг бузилишидир. Ва агар бирон бир динни ҳақорат қилиш элементлари кўринса, сиз аллақачон динлараро адоватни қўзғатиш моддаси бўйича иш қўзғатишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Шунинг учун, ҳар қандай босим бўлса, мурожаат этинг, адвокатлар ёрдам беришга тайёр”.