1944 йилнинг 23 февралида Чечен-Ингуш АССР ва атроф ҳудудлардаги чеченлар ва ингушларни Қозоғистон ва Қирғизистонга мажбуран кўчириш бошланган эди. Турли маълумотларга кўра, 9 мартгача 500-650 минг аҳоли кўчирилган ва бу ҳаракат Совет Иттифоқи раҳбариятининг халқларни депортация қилиш сиёсатининг бир қисми эди.
Чечен-Ингуш АССР тугатилиб, унинг ўрнида Грознен вилояти ташкил этилди. Кўчириш пайтида ва кўчирилгандан кейинги дастлабки йилларда тахминан 100 минг чечен ва 23 минг ингуш қирилиб кетди.
Депортация сабаблари сифатида босқинчилар, яъни немислар билан оммавий ҳамкорлик, антисовет фаолияти ва бандитизм келтирилди. Бироқ чечен ва ингушларнинг босқинчилар билан ҳамкорлик қилишининг иложи бўлмаган, чунки ҳудудда немислар йўқ эди. Немислар Малгобек туманигача (ҳозирги Ингушетия ҳудудида) келган ва тез орада чекинишга мажбур қилинган.
Маҳаллий аҳоли депортация қилингандан сўнг уларнинг бу ҳудуддаги изларини йўқ қилишга ҳаракат қилинди: аҳоли пунктларига рус ва осетин номлари берилди, масжидлар ва қабристонлар таҳқирланди ва талон-торож қилинди, қабр тошларидан қурилиш ва йўл ишларида фойдаланилди, чечен ва ингуш тилидаги китоблар ёқиб юборилди.
Совет Иттифоқи раҳбариятининг 1957 йил 9 январдаги қарори билан Чечен-Ингуш Автоном Совет Социалистик Республикаси тикланди, лекин унинг чегаралари ўзгартирилди. Чеченлар ва ингушларга ўз ватанларига қайтишга рухсат берилди.