– Ҳой қизим, овқатингни уйингга борганда ерсан. Бу ер сенга ошхона эмас-ку. Автобусда йўловчилардан бири таомланиб кетаётган қизга танбеҳ берди.
– Менга ҳам бер! – Пул илинжида қўлини чўзган тиланчи йўлда сомса еб кетаётган қизга ялиниб қаради. Қиз иштаҳа билан овқатланиб кетар эди. Сомсанинг ушоқларини одамлар босиб ўтишди.
– Болам столинг йўқми буни тик туриб ейманми? Отахонниг берган саволига сотувчи. –Ҳа ҳамма туриб еяпти-ку, - дейди. Кўчадаги бу тамаддихонада чиндан ҳам қаёқадир шошиб кетаётган йўловчилар тез-тез овқатланиб йўлини давом эттиришади.
Бу манзараларга деярли ҳар кун дуч келамиз. Бироқ, динимизда белгиланган, саломатликнинг асоси бўлган таомланиш одобига зид бу ҳолатни бартараф этиш борасида мушоҳада қилмаймиз. Шу сабабдан бўлса керак овқатланиб бўлгандан сўнг ҳазм қилиш учун бирон дорини ичиб олиш одат тусига кирган. Ваҳоланки, ўша дориларнинг зарарли томонлари ҳам бор. Аслида тик туриб овқатланиш ёки сув ичишнинг зарарлари ҳақида нафақат муборак ҳадисларда, балки замонавий тиббиётда ҳам маълумотлар айтилган. Аввало, юриб овқатланганда таомнинг исроф бўлиш эҳтимоли кўпаяди. Исрофгарчилик эса динимизда ҳам қораланади.
Авваллари оналаримиз ўтириб егин, ерга ушоқ тушади деганлар. Болалигимиздан ердаги нон ушоғини олиб қўйишни ўргатганлар. Овқатланишдан олдин қўлларимиз ювилган ва бисмиллоҳ билан таомни бошлаганмиз. Бироқ, йўл-йўлакай шошилиб таомланаётганларнинг қўлини ювиши камдан-кам бўлса керак.
Энди кўчалардаги ана шундай тамаддихоналар. Хўрандаларга таом беришнигина эмас сифатли хизмат қилишни ҳам ўйласа фойдадан холи бўлмасди. Ахир, фақат ҳамённи ўйлаб фойда топиш эмас, халқимизнинг одоб-ахлоқи, саломатлигига ҳам эътибор қаратиб иш тутса мақсадга мувофиқ бўларди.
Таомланиш ҳам бир илмдир. Зотан, уни ҳам одобига риоя қилинса, савоб, қилинмаса гуноҳ бўлади. Биз ана шу масалаларни атрофимиздагиларга хусусан ёшларга ўргатишимиз керак. Айни шуни билмасликлари натижасида ортиқча вазн, ошқозон касалликлари ва бошқа турли хасталикларга мусулмон бўлган инсонлар чалинмоқда. Зеро, динимизда танамизни гўзал қилиш, таомланиш борасида тавсиялар бор. Масалан, Имом Аҳмад ва Имом Термизий Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белини қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, дедилар. Туриб ёки юриб еган инсон учун жой фақат таомга бўлади. Сабаби бу ҳолатда очлик ҳисси бартараф бўлмайди ва кўп таомланишга тўғри келади.
Яна бир жиҳатга тўхталмоқчиман. Бугун пулларини сарфлаб тўғри овқатланиш дарсига бораётган, озиш учун хорижнинг таркиби номаълум, таъсири ноаниқ қўшимча озуқаларидан фойдаланаётганлар ҳам учрамоқда.
Шунга ишонадиган инсонлар динимизда тўғри овқатланиш, соғлом озиш ҳақида фойдали ва энг муҳими йиллар давомида исботланган қоидаларини ўрганмаса? Ҳозирда биз озишни ўрганаётган Европа давлатлари исломий амаллар билан озишни, соғлом бўлишга ҳаракат қилаётганларни билишмасикан? Ахир рўзанинг фойдалари хусусида илмий асослар, дунё тан олган маълумотлар бор. Афсуски бизда шунча маълумотлар, амаллар борки, бироқ ундан фойдаланиш йўқ.
Камола Адашбоева