Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

  Суриядаги вазият: янги фитналарга ҳозирлик кўрилмоқда...

2166

Сўнгги пайтларда Сурия шимолидаги вазият яна жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборига тушяпти. АҚШ генералларининг маҳаллий жангари гуруҳлар билан учрашуви, Эрон шиаларни қуроллантиришга зўр бераётгани ҳақидаги иддаолар, Пекин очиқчасига Вашингтонни Суриядаги нефт ва газни ўмараётганида айблаши... 

Ўн йилдан ортиқ вақтдан бери зўравонлик ва қон тўкиш одатий ҳолга айланган уруш давом этаётган Сурияда кутилмаган ҳодисалар юз бермоқда. Асад режимининг ваҳшийлик, жумладан, кимёвий қуроллар, терроризм ва қирғинлар билан машҳур бўлишига қарамай, бир қанча давлатлар, жумладан, собиқ душман Туркия ҳам муроса йўлини изламоқда.

Ёндашувдаги бундай туб бурилиш халқаро муносабатлар истиқболи  борасида турли саволлар туғдиради. 

Хуллас, қадимий Шом диёрида фитна қилаётган кучлар охирги пайтда ғимирлаб қолди. Бунга асосий сабаблардан бири (Ғарб ва АҚШ учун ноқулай номзод) Эрдоғаннинг Туркия президентлигига қайта сайлангани бўлди, десак адашмаймиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

АҚШ Сурия шимоли-шарқидаги YPG террор гуруҳига алоқадор Сурия демократик кучлари билан ҳамкорлик қилади. Сурия Демократик кучлари — ИШИДга қарши курашиш учун тузилган, курдлар, араблар, оссурияликлар, арманлар ва туркманлардан ташкил топган қўшма ҳарбий қисм. Улар амалда Шимолий ва Шарқий Сурия автоном маъмуриятининг қуролли кучлари саналади. Қуролли кучларининг катта қисми YPG томонидан тузилган ва у YPGга бирлик сифатида боғланган. Гуруҳ АҚШ томонидан молиялаштирилади ва қуролланади. 

Маълумки, Эрдоған, гарчи АҚШ ва Европанинг аксар давлатлари билан НАТО орқали ҳамкор саналса-да, уларнинг Туркия билан чегарадош ҳудудлардаги “террорга зарба” деб ниқобланадиган ҳаракатларига қаршилик қилувчи асосий фигура ҳисобланади. Айнан Туркия ва АҚШ ўртасида юз берган Сурия шимоли-шарқидаги манфаат зиддиятлари НАТО давлатлари ўртасида келишмовчиликка ва Туркиянинг хавфсиз ҳудуд яратишга уринишларининг тўхтатилишига олиб келди.

Вашингтоннинг Суриядаги манфаатлари фақат ер ости бойликларини ўзлаштириш билан чекланиб қолмайди. Айни пайтда Сурия заминида туриб ўзига азалий душман санайдиган Эрон Ислом Республикасига зимдан зарба бериш ҳам асосий мақсадларидан бири саналади.
Жаҳон ОАВлари ёзишича, АҚШ армияси Сурия Демократик кучлари қўл остидаги Сенадид кучлари ва Озод Сурия армиясини қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳаракатларини Суриянинг Ироқ ва Иордания билан чегара чизиқларида мувофиқлаштириш устида ишламоқда. 

Маҳаллий манбалардан олинган маълумотларга кўра, АҚШ армиясидан юқори мартабали делегация Сенадид кучлари раҳбари Бендар Ҳамидий Даҳҳам билан Сурия шарқидаги Хасака вилояти Ярубия қишлоғида учрашган.  

АҚШ қўмондонларининг Даҳҳам учрашуви тахминан 1,5 соат давом этди. 

Йиғилишда америкалик қўмондонлар ўзлари Сурия Демократик кучлари таркибий қисми сифатида кўрган Санадид кучларидан Сурия-Ироқ чорраҳасида жойлашган Таниф ҳудудидаги мухолиф қуролли гуруҳ бўлган Озод Сурия армияси билан мувофиқлашган ҳолда Иордания чегарасида ҳаракат қилишларини сўради. 

ОАВга маълумот берган манбалар Эрон томонидан қўллаб-қувватланган “хорижий террорчи”ларга қарши чоралар ва "чегара хавфсизлигини таъминлаш" нуқтаи назаридан икки тузилма ўртасида мувофиқлаштириш талаб қилинганини билдирди.

2021 йилда YPG/PKKга тобе бўлган минглаб араб жангариларидан чегара қўшинлари ташкил этган АҚШ армияси Сенадид кучларини Ҳасака чизиғига жойлаштирганди. 

Ўзини режимга қарши қуролли гуруҳ деб таърифлаган Озод Сурия армияси АҚШ кўмагида Сурия-Иордания чегарасидаги Таниф ҳудудида жойлашган. Гуруҳ АҚШ армиясидан қурол-яроғ ва ҳарбий тайёргарлик ёрдамини олади. 

Сурия шарқидаги Дайр аз-Зор вилоятида PKK/YPG террор ташкилоти эгаллаб олган нефт конлари Эрон қўллаб-қувватлайдиган “хорижий террорчи”лар томонидан HIMARS ракетаси орқали тез-тез нишонга олинарди. Ҳафта давомида АҚШ армияси ушбу ҳудуддаги базаларини ҳаво ҳужумига қарши тизим билан мустаҳкамлади. 

Дайр аз-Зор ва Ҳасака вилоятларидаги АҚШнинг нефт ва газ объектлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар томонидан тез-тез ҳужумларга учраган. Таниф ҳудудидаги АҚШ базаси ҳам дронлар билан нишонга олинмоқда. 

Бундан ташқари, Сурия-Ироқ чегарасидаги Дайр аз-Зор вилоятида жойлашган Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳларга тегишли нуқта ва транспорт воситалари вақти-вақти билан номаълум самолётлар томонидан урилади. 

Туркиянинг роли ва муросага келиш истиқболлари 

Туркия 2011 йилда бошланган Суриядаги урушда асосий актёр бўлиб келмоқда. Расмий Анқара дастлаб миллионлаб сурияликларга бошпана берди, аста-секин можаро давомида Сурия халқи ва инқилобчиларга тиббий, гуманитар ва чекланган ҳарбий ёрдам таклиф қилиб, ўз ролини оширди. 

“Туркия Сурия халқини ҳимоя қилиш ва режим кучларининг шафқатсизлигига қарши курашни қўллаб-қувватлашда асосий иттифоқчи бўлган”, дейди суриялик ўзини танитишни истамаган сиёсатшунослардан бири. 

2016 йилда Туркия Туркия-Сурия чегарасини қўриқлаш мақсадида Сурия шимолида кенг кўламли аксилтеррор амалиётларини бошлаган эди. Ўшандан бери Туркия минтақада ҳарбий иштирокини сақлаб, дескалация зонасини яратишга интилган Россия билан келишувларга мувофиқ ҳарбий ролини кенгайтирди. 

Ушбу келишув доирасида Идлиб ва Ҳалаб вилоятларида турк кузатув пунктлари ташкил этилди. Турк қўшинларининг мавжудлиги турк кузатувчиларнинг чиқиб кетишини истаган Асад режими билан жиддий зиддиятларга сабаб бўлди. 

Яқин Шарқ Институтининг катта илмий ходими, таҳлилчи Чарлз Листер L24 нашрига шундай интервью берди: 

“Асад режими ҳар қандай муҳим келишув таклифига жавобан ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида турк қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетишни доимий равишда илгари сурди.
Анқара ўз қўшинларини олиб чиқиш фақат барқарорлик тикланганидан кейин амалга ошиши мумкинлигини айтган бўлса-да, бу ҳаракат ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Турк аскарлари минтақани тарк этса, инқилоб юз бериши ва Туркиянинг позицияси заифлашиши мумкин. Икки давлат бир-бирига чамбарчас боғланган, демак бундай ҳаракатнинг сиёсий оқибатлари ҳалокатли бўлади. Ҳаммага маълумки, Асад режими ҳеч қачон келишувларга риоя қилмаган. Натижада сурия халқи Туркия дастагининг тўлиқ тўхтатилишига қарши”.

Таҳлилчининг таъкидлашича, бу ҳаракат Туркия хавфсизлиги, минтақавий барқарорлик ва минтақадаги кучлар мувозанатига жуда катта таъсир қилади. Сурия шимолидаги тўрт миллионга яқин тинч аҳолини хавфсиз сақлаш барча иштирокчилар, жумладан, халқаро ҳамжамиятнинг узоқ муддатли манфаатлари учун жуда муҳимдир.  

Ушбу қўрқувларга қарамай, ўзгаришлар юз бермоқда. 

2023 йил май ойида Сурия Араб Лигаси таркибига қайта қўшилди. Бу “қайтиш” Вашингтон томонидан қораланганиб, “Асад Россия ва Эронга тинч аҳолини ўлдиришда ва Яқин Шарқда беқарорлик яратишда давом этиши учун жасорат берадиган жиддий стратегик хато” деб таърифланди. АҚШ хавотирларига қарамай, Туркия Дамашқ билан муроса учун муҳим қадамлар ташлади. 

Феврал ойидан бери Анқара ва Дамашқ ўртасида кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, Москвада Асад режими, Эрон, Россия ва Туркия вакиллари Суриянинг “ҳудудий суверенитети” ва “терроризмга қарши ҳамкорлик” масалаларини муҳокама қилди.

Асад режими доимий равишда муросасиз позицияни намоён этиб, ягона ечим сифатида мамлакатни тўлиқ ўз ҳукмронлигига олишда кўради. 

Листер таъкидлаганидек, "Ўтган 12 йил ичида бир марта ҳам Асад ўз режимини ислоҳ қилиш ёки мухолифларига ён бериш истагини кўрсатмади. Аслида босим остида режим кескинликни пасайтириш ўрнига доимий равишда кучайтириб борди".

Шу боис, озод қилинган ҳудудлар ва режим назорати остидаги ҳудудлар ўртасида “яраштириш” ёки “реинтеграция”га қаратилган ҳар қандай уриниш беқарорлик ва зўравонликнинг янгидан авж олишига олиб келиши мумкин. 

"Ҳарбий нуқтаи назардан, - дейди суриялик сиёсатшунос, - Асад режимидан озод қилинган ҳудудларга бостириб кириш қаттиқ қаршилик билан кутиб олинади. Мухолифат нисбатан тинч даврдан фойдаланиб, Асад режими ва унинг иттифоқчилари билан курашишга қодир кучларни яратди. 

Режим бегуноҳ тинч аҳолига нисбатан ваҳшиёна сиёсат олиб бораётганини инобатга олсак, мамлакат ичкарисида ҳам, Туркия ва Европа учун ҳам янги муаммоларни келтириб чиқарадиган янги мухожирлар тўлқинини кутишимиз мумкин".  

Матбуот нима дейди?
American Al-Monitor: 
• Эрдоғаннинг ғалабасидан сўнг Сурия билан муносабатларнинг илиқлашуви Туркия учун энг мушкул ташқи сиёсат масаласидир. 

• Суриялик қочқинларнинг қайтиши нафақат Дамашқ билан ярашишга, балки қочқинлар учун мос жой ва шароитларни таъминлашга ҳам боғлиқ. 

• Сурия шимоли ва шарқида Мухторият бошқаруви мавжуд экан, турк қўшинларининг Суриядан олиб чиқилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.  

• АҚШнинг Сурия демократик кучларини қўллаб-қувватлаши Туркиянинг Вашингтон билан муносабатларига тўсиқ бўлиб қолаётган бўлса-да, турклар энди араб дунёси унинг Суриядаги ҳаракатини тўхтатиш ва Эроннинг таъсирини чеклаш учун Дамашқ билан муносабатларни тиклаётганини ҳисобга олиши керак.

• Курд манбаларига кўра, АҚШнинг ташаббуси билан Саудия Арабистони ва БАА Сурия демократик кучларини Сурия армиясига қўшишга чақирган, бироқ бу ҳаракатлар Анқара манфаатларига зид келади.

 ****

The Washington Post томонидан ошкор қилинган махфий ҳужжатларга кўра, Эрон Суриядаги жангариларни АҚШ кучларига қарши янги ҳужумлар учун қуроллантирмоқда, шунингдек, Россия билан америкаликларни минтақадан ҳайдаб чиқариш учун кенгроқ стратегия устида ишламоқда. 
Эрон ва унинг иттифоқчилари АҚШ ҳарбий машиналарига зарба бериш ва америкалик аскарларни ўлдириш учун махсус мўлжалланган, зирҳли машиналарга ҳам зарар бера оладиган бомбалардан фойдаланишни ўрганмоқда. 

****
Al-Axbar (Ливан) газетаси: 
• АҚШ кучлари Сурия демократик кучларига “АҚШ базаларини ҳимоя қилиш мақсадида Асад режими назорати остидаги ал-Букамал шаҳрини эгаллаш ва Дамашқ-Бағдод йўлида Эронга алоқадор жангариларнинг ҳаракатини тўхтатиш учун ҳарбий кампанияга тайёргарлик кўришни таклиф қилди.   

• Қўшма Штатлар Хасака, Дайр аз-Зор ва Раққадаги араб қабилаларини янги лойиҳаларида қандай тортиш ҳақида бош қотирмоқда. 

****

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, охирги ойлардаги юз бераётган воқеалар – Москвадаги уч томонлама музокара, Суриянинг араб лигасига қайтиши, Эрдоғаннинг қайта сайланиши ва бошқалар жиҳатлар қадимий Шом диёрида тинчлик сари ташланган муҳим қадамлардан бўлди. 
Бу эса ушбу заминга кўз тиккан кучларнинг янги фитналар ҳозирлашга мажбур қилмоқда.

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага